«ОАВ соҳасида 100 та савол»
Мазкур юридик маълумотнома журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг «Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази» жамоат бирлашмаси
қошида ташкил қилинган журналистлар ва блогерлар учун Юридик клиникага мурожаатлари асосида ишлаб чиқилди.

Муаллифлар жамоаси: К. Х. Бахриев, М. Х. Турсунова, И. Э. Хамидов.
Муҳаррир: Л.И. Исламова

Ушбу юридик маълумотномада норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳаволалар эълон қилинган санага амал қилади. Қонунчиликда тез-тез ўзгаришлар бўлиб туриши сабабли, илтимос, ҳуқуқий ҳужжатларга
ҳаволаларнинг мослигини текширинг.

Ушбу нашр Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Элчихонасининг техник ёрдами асосида чоп этилган. Нашрда билдирилган фикрлар Элчихонанинг расмий нуқтаи назарини акс эттирмайди.
ОАВ фаолиятини тартибга солиш
1 савол
"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мақсади нимадан иборат?
Жавоб:
"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 1-моддасига мувофиқ, ушбу Қонуннинг мақсади оммавий ахборот воситаларининг фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2 савол
"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қайси соҳаларга татбий этилади?
Жавоб:
"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ўзбекистон Республикасида ташкил этиладиган ва фаолият кўрсатадиган оммавий ахборот воситаларига, шунингдек чет давлатлар оммавий ахборот воситаларига улар маҳсулотининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатилишига тааллуқли қисмига нисбатан татбиқ этилади.
3 савол
Оммавий ахборот воситаси ўзи нима?
Жавоб:
"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида белгиланишича, оммавий ахборот воситаси – бу оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг доимий номга эга бўлган ҳамда босма тарзда (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқалар) ва (ёки) электрон тарзда (теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар) олти ойда камида бир марта нашр этиладиган ёки эфирга бериладиган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган шакли ҳамда оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шаклларидир.
4 савол
Оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунчилик қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат?
Жавоб:
"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасида оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунчилик "ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат" экани айтилади. Айтиш жоизки, ОАВ ва журналистлар Конституция ва бошқа қонунлар ("Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида"ги, "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги ЎзР қонунлари ва бошқалар) нормалари ҳамда ОАВни рўйхатдан ўтказиш, хорижий мухбирларни аккредитация қилиш бўйича қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ҳам ишлайди.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
5 савол
Мен ОАВни рўйхатдан ўтказиш мақсадида ЎзР Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига мурожаат қилдим. Менга таъсис ҳужжатларини тақдим этишим кераклигини айтишди. Бу ўзи нима?
Жавоб:
Оммавий ахборот воситаси таҳририятининг таъсис шартномаси ва устави (низоми) ёки таҳририятнинг фақат устави (низоми) оммавий ахборот воситасининг таъсис ҳужжатлари ҳисобланади ("Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддаси).
6 савол
ОАВда журналистлар эмас, балки оддий фуқаролар чиқиши мумкинми?
Жавоб:
"ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 5-моддаси "Оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги" деб номланади. Унга кўра, "ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир".
ЎзР Конституциясининг 29-моддасига мувофиқ, "ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир".
Юқорида келтирилган қонун ҳужжатларидан кўриниб турганидай, сўз эркинлиги фақат журналистларнинг эмас, балки ҳар бир кишининг ҳуқуқи ҳисобланади.
7 савол
Қандай ҳолатда ОАВнинг таъсис шартномаси тузилади? Унда нималар кўзда тутилади?
Жавоб:
"ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 10-моддасига мувофиқ таъсис шартномаси бир нечта муассис ўртасида тузилади. Таъсис шартномасида қуйидагилар назарда тутилади: муассисларнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва жойлашган ери (почта манзили); таъсис этилаётган оммавий ахборот воситасининг тури, номи, тили, мақсади, ихтисослашуви ва даврийлиги; таҳририятнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли; таҳририятнинг устав фонди миқдори ва шакллантириш тартиби; таҳририятни молиялаштириш манбалари; муассисларнинг таҳририят фаолиятида иштирок этишга доир ҳуқуқ ва мажбуриятлари; таҳририятнинг бошқарув органларини шакллантириш тартиби;
фойдани тақсимлаш ва зарарларнинг ўрнини қоплаш тартиби; оммавий ахборот воситаси чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тартиби; қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар.
8 савол
Таҳририят ва муассислар ўртасидаги муносабатлар қандай тартибга солинади?
Жавоб:
"ОАВ тўғрисида"ги ЎЗР Қонунининг 12-моддасига мувофиқ муассис ва таҳририят ўртасидаги муносабатлар қонун ҳужжатлари, шу жумладан улар ўртасидаги шартнома билан тартибга солинади.
Муассис ва таҳририят ўртасидаги шартномада қуйидагилар белгиланади: муассис ва таҳририятнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари; оммавий ахборот воситасини тайёрлаш ва чиқариш шартлари; таҳририят фаолиятини молиялаштириш тартиби; таҳририят ходимларининг ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маиший меҳнат шароитларини ташкил этиш тартиби; учинчи шахслар билан ўзаро муносабатлар тартиби; тарафларнинг жавобгарлиги; қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар.
Агар муассис ва таҳририят сифатида бир шахс иш юритса, шартнома тузиш талаб этилмайди.
9 савол
ОАВ таҳририяти қайси ҳужжатлар асосида фаолият кўрсатади?
Жавоб:
"ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 11-моддасида таҳририят қонунчиликка мувофиқ қабул қилинган ва муассис томонидан тасдиқланган устав (низом) асосида фаолият кўрсатиши белгиланган.
Таҳририят уставида (низомида) қуйидагилар белгиланади: оммавий ахборот воситасининг тури, номи, тили, мақсади, ихтисослашуви, даврийлиги ва ҳажми; таҳририятнинг жойлашган ери (почта манзили); муассис ва таҳририятнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари; таҳририятни молиялаштириш манбалари; таҳририятнинг бошқарув органларини шакллантириш тартиби; фойдани тақсимлаш ва зарарларнинг ўрнини қоплаш тартиби; оммавий ахборот воситаси чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш асослари ва тартиби; таҳририятни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби; уставни (низомни) қабул қилиш ва унга ўзгартишлар киритиш тартиби; қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа қоидалар.
10 савол
Интернет сайтлар ОАВ сифатида рўйхатдан ўтиши мумкинми? ОАВ муассиси ёки муассислари қандай ҳуқуқларга эга?
Жавоб:
Интернет сайтлар ОАВ сифатида рўйхатдан ўтиши мумкин. ОАВ муассисининг ҳуқуқлари "ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 13-моддасида белгиланган.
Муассис: оммавий ахборот воситасининг рўйхатда қайд этилган номидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш; таҳририятнинг бошқарув органларини шакллантиришда таъсис шартномаси, таҳририят устави (низоми) ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этиш; фойдани тақсимлашда ва зарарларнинг ўрнини қоплашда иштирок этиш; энг катта ҳажми ва чиқариладиган муддати таҳририят уставига (низомига) ёки муассис ва таҳририят ўртасидаги шартномага мувофиқ белгиланадиган, реклама тусида бўлмаган хабар ёки материални ўз номидан оммавий ахборот воситасида бепул жойлаштириш; таҳририятнинг фаолияти тугатилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкни ёки унинг қийматини қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда олиш ҳуқуқига эга.
Муассис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
11 савол
Оммавий ахборот воситаларининг маҳсулоти қай тарзда тарқатилади?
Жавоб:
"ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 26-моддасига мувофиқ, оммавий ахборот воситасининг маҳсулотини тарқатиш бевосита таҳририят томонидан, шунингдек белгиланган тартибда юридик ва жисмоний шахслар томонидан шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.
Босма оммавий ахборот воситалари маҳсулотини тарқатиш уларга обуна ташкил этиш, шунингдек чакана савдо тармоғи орқали амалга оширилади. Рўйхатдан ўтказилган даврий босма нашрлар ададини чакана савдо орқали, шу жумладан қўлда сотиш нашрлар таҳририятларининг штатдаги тарқатувчилари томонидан ёки савдо тармоғига эга бўлган юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикасида даврий босма нашрларни тарқатиш қоидалари (рўйхат рақами 1826, 18.06.2008 й.).
Оммавий ахборот воситасининг ҳар бир алоҳида чиқарилишининг тарқатилишига бош муҳаррир унинг чиқарилиши учун рухсат берганидан кейингина йўл қўйилади.
Кўрсатув ва эшиттириш узлуксиз давом этганда оммавий ахборот воситаси маҳсулотининг тарқатилишига бош муҳаррир дастлабки рухсат берган пайтдан эътиборан ҳамда кўрсатув ва эшиттиришдаги танаффусга қадар йўл қўйилади.
12 савол
ОАВ муассиси қандай ҳуқуқларга эга?
Жавоб:
Муассиснинг ҳуқуқлари "ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 13-моддасида белгиланган.
Муассис: оммавий ахборот воситасининг рўйхатда қайд этилган номидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш; таҳририятнинг бошқарув органларини шакллантиришда таъсис шартномаси, таҳририят устави (низоми) ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этиш; фойдани тақсимлашда ва зарарларнинг ўрнини қоплашда иштирок этиш; энг катта ҳажми ва чиқариладиган муддати таҳририят уставига (низомига) ёки муассис ва таҳририят ўртасидаги шартномага мувофиқ белгиланадиган, реклама тусида бўлмаган хабар ёки материални ўз номидан оммавий ахборот воситасида бепул жойлаштириш; таҳририятнинг фаолияти тугатилган тақдирда, кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкни ёки унинг қийматини қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда олиш ҳуқуқига эга.
Муассис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
13 савол
Оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини тушунчаси нимани билдиради?
Жавоб:
"ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 5-моддасида Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркин эканлиги айтилади. Унга кўра, "Ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир".
Давлат оммавий ахборот воситаларининг фаолияти ва ахборотдан фойдаланиш эркинлигини, мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний қарорларидан, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.
Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ҳуқуқига эга ҳамда тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
14 савол
ОАВда журналистлар эмас, балки оддий фуқаролар чиқиши мумкинми?
Жавоб:
"ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 5-моддаси "Оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги" деб номланади. Унга кўра, "ҳар ким, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир".
ЎзР Конституциясининг 29-моддасида шундай дейилади: «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир».
Юқорида келтирилган қонун ҳужжатларидан кўриниб турганидай, сўз эркинлиги фақат журналистларнинг эмас, балки ҳар бир кишининг ҳуқуқи ҳисобланади.
15 савол
Давлат ОАВни қўллаб-қувватлайди дейишади. Бу нимада ифодаланади?
Жавоб:
"ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 51 –моддасида шундай дейилади: "давлат оммавий ахборот воситаларини қуйидаги йўллар билан қўллаб-қувватлаши мумкин: солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар ва тарифлар бўйича имтиёзлар ҳамда преференциялар бериш; давлат субсидиялари, давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари тизими орқали молиявий қўллаб-қувватлаш; моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш; таҳририятлар ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш; оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш жамғармалари фаолиятини ташкил этиш; таҳририятлар ходимларини тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш.
Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашдан оммавий ахборот воситаларининг мустақил касбий фаолиятини чеклаб қўйиш учун фойдаланилиши мумкин эмас".
16 савол
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида цензурага йўл қўйилмаслиги айтилади, аммо бунга изоҳлар йўқ. Цензура нимада ифодаланади?
Жавоб:
"ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 7-моддаси "Цензурага йўл қўйилмаслиги" деб номланади ва у ушбу моддани тушунтириб беради.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди. Эълон қилинаётган хабарлар ва материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек уларнинг матни ўзгартирилишини ёки бутунлай нашрдан олиб қолинишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
17 савол
ОАВ – бу демократик жамиятнинг муҳим институти. Аммо ОАВдан фойдаланишни суиистеъмол қилиш хавфи ҳам мавжуд. ОАВдан фойдаланишда суиистеъмолликларга йўл қўймаслик борасида қандай кафолатлар мавжуд?
Жавоб: "ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 6-моддасида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда суиистеъмолликларга йўл қўймаслик нормалари белгиланган. Унга мувофиқ, "оммавий ахборот воситаларидан: Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш; уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш; давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш; миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборот тарқатиш; агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни тарғиб қилиш; порнографияни тарғиб этиш; қонунга мувофиқ жиноий ва ўзга жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди".
Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади.
Прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади.
18 савол
Биз баобрў ижтимоий-сиёсий янгиликлар газетасимиз. Аммо газетанинг ичида адабий материаллар босилган саҳифаларни, сатира ва юмор саҳифасини ҳам бериб борамиз. Бизга уларни алоҳида махсус иловага ажратиш ғоясини таклиф этишмоқда. Биз буни қила оламизми?
Жавоб:
"ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 28-моддасида, даврий босма нашрлар иловалар билан чиқарилиши мумкинлиги айтилади. Иловалар қайси даврий нашрга тааллуқли бўлса, уларда ўша асосий даврий босма нашрнинг номи кўрсатилиши керак. Даврий босма нашрнинг алоҳида номга эга бўлган иловаларига мустақил оммавий ахборот воситаси сифатида қаралади ва у умумий асосларда рўйхатдан ўтказилиши лозим.
№ 19 савол
Мен Россия Федерацияси фуқаросиман. Мен Ўзбекистонда журнал муассиси бўлишим мумкинми?
Жавоб:
Йўқ. "ОАВ тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳуқуқига эгадирлар.
Оммавий ахборот воситаси бир нечта муассис томонидан ҳам таъсис этилиши мумкин.
Қуйидагилар оммавий ахборот воситасининг муассиси (бундан буён матнда муассис деб юритилади) бўлиши мумкин эмас: ўн саккиз ёшга тўлмаган шахс; қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган ёхуд суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс; фаолияти қонун билан тақиқланган нодавлат нотижорат ташкилоти.
Устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши ўттиз ва ундан ортиқ фоизни ташкил этган юридик шахслар томонидан оммавий ахборот воситалари таъсис этилишига йўл қўйилмайди.
20 савол
Хорижий давлатлар ОАВ мухбирларининг Ўзбекистондаги касб фаолияти қайси қоидалар билан тартибга солинади? Бунда қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
Жавоб:
Ўзбекистон Конституцияси ва қонунлари давлат чегараларидан қатъи назар ахборот излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқини кафолатлайди. Шунингдек ушбу соҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 24 февралдаги 33-сонли "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб фаолиятини тартибга солувчи асосий қоидаларни тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб фаолиятини тартибга солувчи асосий қоидалар" билан ҳам тартибга солинади.

Ушбу Қоидаларга мувофиқ хорижий ОАВ мухбирлари (журналистлари)га касб фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома уларни аккредитациялаш асосида Ўзбекистон ТИВ томонидан берилади.

Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган журналистларнинг ҳуқуқий мақоми ва касб фаолияти "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги, "Журналистикани ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, "Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда мазкур Асосий қоидалар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг қуйидаги ҳужжатлар асосида қабул қилинган қарори хорижий давлат оммавий ахборот воситаларининг вакилларини доимий хорижий мухбир сифатида аккредитация қилиш учун асос ҳисобланади:

манфаатдор хорижий ахборот воситаси раҳбариятининг Ўзбекистон Республикасида мухбирлик пункти очиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири номига мурожаатнома хати.

Хатга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
· манфаатдор оммавий ахборот воситаси тўғрисида маълумотнома-ахборот;
· аккредитация қилинадиган хорижий мухбирнинг таржимаи ҳоли маълумотлари ва тегишли намунадаги тўртта фотосурати.

Мурожаат хати Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ёки консуллик муассасалари орқали берилади ёхуд бевосита Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этилади.
21 савол
ОАВ ва журналистларнинг фаолияти кўплаб қонун ва низомлар билан тартибга солинади. ОАВ таҳририяти ўзи нима асосида фаолият кўрсатади?
Жавоб: "ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 11-моддасида таҳририят қонун ҳужжатларига мувофиқ қабул қилинган ва муассис томонидан тасдиқланган устав (низом) асосида фаолият кўрсатиши айтилади.
Таҳририят уставида (низомида) қуйидагилар белгиланади: оммавий ахборот воситасининг тури, номи, тили, мақсади, ихтисослашуви, даврийлиги ва ҳажми; таҳририятнинг жойлашган ери (почта манзили); муассис ва таҳририятнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари; таҳририятни молиялаштириш манбалари; таҳририятнинг бошқарув органларини шакллантириш тартиби; фойдани тақсимлаш ва зарарларнинг ўрнини қоплаш тартиби; оммавий ахборот воситаси чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш асослари ва тартиби; таҳририятни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби; уставни (низомни) қабул қилиш ва унга ўзгартишлар киритиш тартиби; қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа қоидалар.
№ 22 савол
Таҳририят ва муассислар ўртасидаги муносабатлар қандай тартибга солинади?
Жавоб: "ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 12-моддасига мувофиқ муассис ва таҳририят ўртасидаги муносабатлар қонун ҳужжатлари, шу жумладан улар ўртасида тузилган шартнома билан тартибга солинади.
Муассис ва таҳририят ўртасидаги шартномада қуйидагилар белгиланади: муассис ва таҳририятнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари; оммавий ахборот воситасини тайёрлаш ва чиқариш шартлари; таҳририят фаолиятини молиялаштириш тартиби; таҳририят ходимларининг ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маиший меҳнат шароитларини ташкил этиш тартиби; учинчи шахслар билан ўзаро муносабатлар тартиби; тарафларнинг жавобгарлиги; қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар.
Агар муассис ва таҳририят сифатида бир шахс иш юритса, шартнома тузиш талаб этилмайди.
23 савол
Мен тожик тилида телеканал таъсис қилишни истардим. Бунга қонунчилик билан рухсат бериладими?
Жавоб:
"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддаси 2-қисмига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари ўз фаолиятини «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширади.
"Давлат тили тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 2-моддасида шундай дейилади: "Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши республика ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг ўз она тилини қўллашдан иборат конституциявий ҳуқуқларига монелик қилмайди". Қонуннинг 16-моддасига кўра, "Телевидение ва радио эшиттиришлари давлат тилида, шунингдек бошқа тилларда олиб борилади". Ноширлик фаолияти давлат тилида, эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда эса, бошқа тилларда ҳам амалга оширилади (Қонуннинг 17-моддаси).
Шундай қилиб, телеканал ёки ОАВнинг бошқа ҳар қандай турини эҳтиёж ва аудитория мавжуд бўлганида таъсис қилиш мумкин.
24 савол
Мени газетанинг Бош муҳаррири лавозимида ишлашга таклиф қилишди. Бош муҳаррирни ким тайинлайди ва унинг фаолиятининг моҳияти нимадан иборат?
Жавоб:
"ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 16-моддасига кўра ОАВ бош муҳаррири муассис томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
Бош муҳаррир таҳририятга раҳбарлик қилади, оммавий ахборот воситасининг чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилади ва унинг фаолияти учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатларига мувофиқ бош муҳаррир оммавий ахборот воситасининг муассиси, тарқатувчиси, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда, шунингдек судда таҳририят номидан иш юритади.

25 савол
Ким ОАВ ходими бўлиши мумкин?
Жавоб:
"ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 17-моддасига мувофиқ таҳририят штатида турган, материалларни тўплаш, таҳлил, таҳрир қилиш ҳамда тайёрлаш билан шуғулланувчи шахс таҳририят ходимидир.
26 савол
Қонунчиликда оммавий ахборот воситалари бозорини монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги ҳақида нормалар борми?
Жавоб:
"ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 30-моддасида оммавий ахборот воситалари бозорини монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги айтилади.
Биронта ҳам юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситаларининг тегишли марказий ёки маҳаллий бозорига чиқариладиган оммавий ахборот воситаларининг йигирма беш фоизидан ортиғига муассис (ҳаммуассис) бўлишга ва (ёки) уларни шунча миқдорда ўз мулкида, эгалигида, фойдаланишида, тасарруфида, юритувида ёхуд бошқарувида (бевосита ёки аффилланган шахслар орқали) сақлашга ҳақли эмас.
27 савол
Мен онлайн-ОАВни қандай рўйхатдан ўтказиш мумкинлигини билишни истардим. Онлайн-ОАВ таҳририяти материалларни чоп этадиган ва ушбу онлайн ОАВни яратадиган бир кишидан (ёки кам сонли одамлардан) ташкил топади.
Жавоб: Оммавий ахборот воситаларининг (қуйида ОАВ) фаолияти "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги 1017-сонли Қарори билан тасдиқланган Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги ПҚ-4151-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тўғрисидаги Низом билан тартибга солинади.

"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 271 -моддасига мувофиқ Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаси ОАВ шаклларидан бири ҳисобланади.

Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаси Интернет тармоғидаги таҳририй-ноширлик жиҳатидан ишлов берилган, ўзгартирилмаган тарзда тарқатиш учун мўлжалланган, электрон шаклдаги ҳужжатлар ва маълумотларни ўз ичига олган ахборот ресурсидир.

Бунда қонунда таҳририятнинг миқдорий таркибига қўйиладиган талаб белгиланмаган ("Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 15-моддасига қаранг), аммо бош муҳаррир бўлиши мажбурий ҳисобланади, чунки бош муҳаррир оммавий ахборот воситасини чиқаришга доир қарорни қабул қилади ва унинг қонунчиликка мувофиқ фаолият кўрсатиши учун жавобгар бўлади. Шундай қилиб, агар сиз веб-сайт кўринишидаги ОАВни рўйхатдан ўтказсангиз, ОАВ фаолиятини амалга ошириш учун бош муҳаррир бўлишининг ўзи етарли бўлади.

ОАВ юридик ва жисмоний шахслар томонидан рўйхатдан ўтказилиши мумкин. Бунда Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига (ВМнинг 2019 йил 19 декабрдаги 1017-сонли Қарорига 1-илова) мувофиқ ҳам жисмоний, ҳам юридик шахслар лицензия олишга даъвогар бўлишлари мумкин.

ОАВни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги гувоҳнома амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.

ОАВни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизмати ЯИДХП (my.gov.uz)га ёки давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш орқали тақдим этилади. Давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги гувоҳномани олиш, гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатиш ёки буткул тўхтатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (қуйида - Агентлик) томонидан қабул қилинади.

Давлат рўйхатидан ўтказиш қуйидагилар учун талаб қилинмайди:

· давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан фақат уларнинг расмий хабарлари ва фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа материалларини эълон қилиш учун таъсис этиладиган оммавий ахборот воситалари;
· корхона, муассаса, ташкилот (шу жумладан ўқув ва илмий муассаса)нинг ўз эҳтиёжларини қондириш учун тиражи юз нусхагача бўлган даврий босма нашрлари;
· тарқатилиши бир корхона, муассаса, ташкилот (шу жумладан ўқув ва илмий муассаса)нинг биноси ва (ёки) ҳудуди билан чекланган кабель тармоқлар орқали узатиладиган теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, аудиовизуал хабарлар ва материаллар.

Агентлик ОАВни, шу жумладан Интернет тармоғида веб-сайт шаклидаги ОАВни давлат рўйхатидан ўтказади.

Интернет тармоғида веб-сайт шаклидаги ОАВни давлат рўйхатидан ўтказиш процедураси қуйидагича:

1. Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун даъвогар яшаш жойидан қатъи назар Давлат хизматлари маркази (қуйида ДХМ)га ўзи келиб мурожаат қилишга ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали электрон шаклда давлат хизматидан фойдаланиш га ҳақли. ЯИДХПда ишлаш учун ариза берувчи ЭРИга эга бўлиши ва my.gov.uz сайтида рўйхатдан ўтган бўлиши зарур.

Зарур ҳужжатлар:
а) ДХМга келган тақдирда – ДХМ ходими ариза берувчининг номидан сўровномани тўлдиради. Ариза ЯИДХП орқали берилганида – ариза берувчи сўровномани мустақил равишда электрон шаклда тўлдиради.

Сўровномага таҳририят устави илова қилинади (Маъмурий регламентнинг 9-банди). Ахборот учун: юқорида кўрсатилган маъмурий регламент қабул қилингунига қадар Интернет тармоғида веб-сайт кўринишидаги ОАВ учун таҳририят уставининг бўлиши ҳақидаги талаб мавжуд эмасди. Уставга ыщйиладиган талаблар "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 10-моддасида кўзда тутилган. Қонун матни билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин: https://www.lex.uz/acts/1106875.

2. Ариза берувчи зарур маълумотларни расмийлаштиргандан ва сўровномага киритгандан сўнг уни ўз ЭРИ билан тасдиқлайди. Ушбу талаб иккала мурожаат турига ҳам (шахсан мурожаат қилганда ва ЯИДХП орқали мурожаат қилганда) тааллуқли. Агар сизда ЭРИ бўлмаса, уни ДХМда олиш мумкин.

Давлат хизматини кўрсатганлик учун ариза берувчи йиғим тўламайди (Маъмурий регламентнинг 11-банди).

Сўровномада нотўғри маълумотларнинг кўрсатилиши давлат хизмати кўрсатишни рад этиш (ОАВни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш) учун асос ҳисобланади. Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича, шунингдек "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида кўзда тутилган асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

3. Агентлик давлат хизматини кўрсатишга ариза олинганидан кейин 15 иш куни давомида ОАВни давлат рўйхатидан ўтказиш ёки ОАВни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

4. Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор чиқарилганидан кейин Агентлик давлат божининг миқдори ва уни тўлаш муддатлари бўйича маълумотларни кўрсатган ҳолда ўз қарорини тегишли ДХМга (ўзи келиб мурожаат қилганида) ёки ЯИДХПдаги шахсий кабинетга юборади.

5. Ариза берувчи оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарорни олган пайтдан бошлаб 3 иш куни мобайнида қарорда белгиланган миқдорда давлат божини тўлаш мажбуриятини олади. Интернет тармоғида веб-сайт кўринишидаги ОАВ учун давлат божи БҲМнинг 50% (223 000 сўм)ни ташкил қилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинган тақдирда эса давлат божининг 90% ни (200 700 сўм) ташкил қилади.

6. Давлат божи тўланганидан кейин Агентлик 10 дақиқа ичида ОАВ давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақидаги гувоҳномани ариза берувчи мурожаат қилган ДХМга юборади ёки электрон кўринишда ариза берувчининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига юборади.

Рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда, рад этиш сабаблари кўрсатилган хабарнома конкрет қонун нормаларига ҳавола билан ариза берувчига тақдим этилади.

Ўзбек тилида Маъмурий регламент билан ушбу ҳавола бўйича танишиш мумкин: https://lex.uz/docs/4655428
28 савол
Веб-сайт шаклидаги оммавий ахборот воситаси ўзига оид қандай маълумотларга эга бўлиши керак?
Жавоб:
"Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 271-моддасига мувофиқ Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаси ОАВ шаклларидан бири ҳисобланади.
Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайт тарзидаги оммавий ахборот воситаси ушбу веб-сайтнинг бош саҳифасида қуйидаги маълумотларни кўрсатиши керак:
  • даврий нашр номи;
  • давлат рўйхатидан ўтказилганлик ҳақидаги гувоҳнома санаси ва рақами;
  • муассиснинг номи (фамилияси, исми, шарифи);
  • бош муҳаррирнинг фамилияси, исми, шарифи;индекс, таҳририят жойлашган манзил (почта ва электрон манзил).
    29 савол
    Бир куни туман миқёсидаги амалдор продюсеримизга бизнинг шаҳар телевидениемизни осонгина ёпиши мумкинлигини айтиб таҳдид қилди. Унинг шундай қилишга ҳуқуқи борми? Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тўтатиб туриш ёки тугатиш қандай амалга оширилади?
    Жавоб: 24-модда оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тартибини белгилайди. Унга кўра, оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш рўйхатдан ўтказувчи органнинг аризаси асосида суднинг қарорига кўра амалга оширилади.

    Муассис оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини таҳририят уставида (низомида) ёки муассис ва таҳририят ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган ҳолларда ҳамда тартибда тўхтатиб туриш ёки тугатишга ҳақлидир.

    Муассис оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин ўз қарори ҳақида рўйхатдан ўтказувчи органни уч кун ичида ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор этиши шарт. Мазкур хабарнома ушбу оммавий ахборот воситаси чиқарилишининг тўхтатиб турилиши ёки тугатилишидан олдинги сўнгги чиқарилишларидан бирига жойлаштирилиши керак.

    Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини суд қарорига кўра тўхтатиб туриш рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан таҳририятга нисбатан чиқарилган огоҳлантиришга сабаб бўлган қонун ҳужжатлари бузилиши такрорий ёзма огоҳлантиришдан кейин бир ой ичида бартараф этилмаган тақдирда амалга оширилади.

    Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини қайта бошлаш рўйхатдан ўтказувчи орган аниқлаган қонун ҳужжатлари бузилишлари бартараф этилганлигини тасдиқловчи маълумотлар муассис ва (ёки) таҳририят томонидан судга тақдим этилганидан кейин суд қарорига асосан амалга оширилади.

    Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тугатиш тўғрисида суд томонидан қарор чиқариш учун қуйидагилар асос бўлиши мумкин:

    • оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари таҳририят томонидан мунтазам равишда бузиб келинганлиги, бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан муассис ва (ёки) таҳририят номига илгари ёзма огоҳлантиришлар юборилганлиги;

    • суднинг оммавий ахборот воситасини чиқаришни тўхтатиб туриш ҳақидаги қарори бажарилмаганлиги;

    • оммавий ахборот воситасининг олти ойдан зиёд вақт мобайнида чиқарилмаганлиги;

    • қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳоллар.

    Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тугатиш унинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилишига сабаб бўлади.

    Оммавий ахборот воситасининг чиқарилишини тугатиш тўғрисида муассис томонидан қарор қабул қилинган тақдирда, таҳририят муассиснинг рухсати билан худди шундай номдаги оммавий ахборот воситасини белгиланган тартибда таъсис этишга ҳақлидир. Бундай ҳолда оммавий ахборот воситасини қайта рўйхатдан ўтказиш талаб қилинади.
    30 савол
    Мен хусусий газета чиқаришни бошладим. Айтишларича, ададнинг бир қисмини, ҳам назорат, ҳам мажбурий нусхаларини қандайдир муассасаларга юбориш керак экан. Бу шундайми?
    Жавоб:
    "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 29-моддасида даврий босма нашрларнинг назорат нусхалари таҳририятга, муассисга ва рўйхатдан ўтказувчи органга бепул юборилиши ҳамда даврий босма нашрларнинг мажбурий нусхалари юбориладиган муассасалар ва ташкилотларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши кўрсатилган.

    Айтиш жоизки, бундай рўйхат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 январда қабул қилинган "Даврий босма нашрларнинг мажбурий нусхалари юбориладиган муассаса ва ташкилотлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори билан тасдиқланган. Рўйхат мунтазам равишда янгиланиб туради. Амалдаги рўйхатда ЎзР Президенти Администрациясидан тортиб, то мамлакат Миллий кутубхонасигача бўлган 25 та олувчи кўрсатилган. Ушбу нусхалар нашрнинг умумий адади ҳисобидан берилади.
    31 савол
    Мен газета таҳририятига хат ёздим. Уларга раҳмат, хатимни чоп этишди. Аммо уни анча қисқартиришган экан. Уларнинг мен ёзган хат матнини қисқартиришга ҳаққи борми?
    Жавоб:
    Хатингиз муаллифлик материали ҳисобланади. "ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 32-моддасида оммавий ахборот воситаларида муаллиф материалларидан, фан, адабиёт ва санъат асарларидан қонун ҳужжатларига мувофиқ фойдаланилишига йўл қўйилиши белгиланган. Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 60-боби талаблари ва "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларига мувофиқ тартибга солинади.
    Таҳририятга келган хатларни эълон қилишга тайёрлаш чоғида уларнинг мазмунини бузмаган ҳолда матнини қисқартириш ҳамда таҳрир қилишга йўл қўйилади. Таҳририят қонуний асосларда рад этган материални оммавий ахборот воситасида мажбуран эълон қилдиришга ҳеч ким ҳақли эмас.
    32 савол
    Мен – туман газетасининг муҳарририман. Мени газетанинг ҳақиқий ададини кўрсатмаганликда айблашади. Наҳотки бу қонунбузарлик бўлса?
    Жавоб:

    "ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 18-моддасига мувофиқ, Ҳар бир даврий нашрнинг чиқарилишида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт: даврий нашрнинг номи; давлат рўйхатидан ўтказилган санаси ва рақами; муассиснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми); бош муҳаррирнинг фамилияси, исми, отасининг исми; ҳар бир даврий нашр чиқарилиши учун масъул бўлган таҳририят ходимининг фамилияси, исми, отасининг исми; тартиб рақами ва чиқарилган санаси, даврий босма нашрлар учун эса босишга рухсат берилиб, имзо қўйилган вақт (жадвалда белгилангани ва амалдагиси); даврий босма нашрлар учун — индекси, адади, баҳоси ёки «Келишилган нархда», «Бепул» деган ёзувлар; таҳририят ва босмахонанинг жойлашган ери (почта манзили).

    Даврий босма нашрнинг электрон шаклида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак: даврий нашрнинг номи; давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг санаси ва рақами; муассиснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми); бош муҳаррирнинг фамилияси, исми, отасининг исми; индекс, таҳририятнинг жойлашган ери (почта ва электрон манзили).

    Теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурларга ва оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа электрон шаклларига доир маълумотлар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
    33 савол
    Биз уйсизлар ҳақида лавҳа тайёрлаяпмиз, унда бир киши кадрда чекяпти. Видеолавҳада тамаки чекиш жараёнини кўрсатиш мумкинми?
    Жавоб:
    "Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддасига мувофиқ:
    «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реклама қилишга йўл қўйилмайди.
    Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб этиш, яъни алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишни рағбатлантирувчи, шахсда уларни истеъмол қилишнинг зарарсизлиги ҳақидаги тасаввурни шакллантирувчи ғоялар, қарашлар ҳамда бадиий образларни ошкора ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган хатти-ҳаракатлар тақиқланади».

    Шундай қилиб, агар ролигингизнинг мақсади тамаки маҳсулотини истеъмол қилишни тарғиб қилиш бўлмаса ва чекиш жараёни бадиий ёки тамаки маҳсулотини истеъмол қилишни тарғиб қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа ахборот мақсади билан шартланган мақсадда намойиш этлган бўлса, унда чекиш жараёнини намойиш этишингиз мумкин. Масалан, агар ролик жамоат жойларида кўпчилик ҳамон тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишда давом этаётганига бағишланган бўлса.

    Бундан ташқари, сиз чекиш жараёнини намойиш этувчи кадрларни хиралаштиришингиз ва роликни намойиш этишдан олдин унда тамаки маҳсулотларини чекиш жарайни эпизодик намойиш этилиши ва тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш соғлиққа жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги хабарномани жойлаштиришингиз мумкин.
    34 савол
    Ноширлик фаолиятига лицензияни қандай олиш мумкин?
    Жавоб:
    Ноширлик фаолияти "Ноширлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги 1017-сонли Қарори билан тасдиқланган Ноширлик фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги ПҚ-4151-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тўғрисидаги Низом билан тартибга солинади, "Нашрларни чоп этиш қоидалари" Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг 2006 йил 15 мартдаги 29-сонли буйруғи билан тасдиқланган.

    Юридик ва жисмоний шахслар лицензия олгандан кейингина ноширлик фаолиятини амалга оширишга ҳақли. Бунда Ноширлик фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентига (2019 йил 19 декабрдаги 1017-сонли ВМҚга 3-илова) мувофиқ фақат юридик шахслар лицензия даъвогарлари бўлиши мумкин. Ноширлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензиялар чекланмаган муддатга берилади.

    Давлат хизмати ЯИДХПга (my.gov.uz) ёки давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиш орқали тақдим этилади.

    Лицензияларни бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш ҳақидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (қуйида – Агентлик) томонидан қабул қилинади.

    Лицензия олиш:

    · давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, судлар, прокуратура органлари томонидан расмий материаллар, норматив ҳужжатлар тўпламлари ва бошқа ҳужжатларни нашр этишда;
    · корхоналар, ташкилотлар, ўқув юртлари ва илмий муассасалар томонидан ўз фаолияти учун зарур бўлган ва қўлёзма ҳуқуқлари билан оммавий равишда тарқатиш ёки кўпайтириш учун мўлжалланмаган материалларни нашр этишда;
    · мазкур оммавий ахборот воситалари таҳририятлари томонидан босма оммавий ахборот воситаларини нашр этишда талаб қилинмайди.

    Қуйидагилар ноширлик фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

    · ноширлик фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларига ва техник жиҳатдан тартибга солувчи ҳужжатлар талабларига мажбурий риоя этиш;
    · урушни тарғиб қилиш, давлат тузумини конституцияга хилоф равишда ўзгартириш, мамлакатда хавфсизликни ва ижтимоий-сиёсий барқарорликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни бузиш, Ўзбекистон тўғрисида нотўғри ахборотларни тарқатиш ҳамда унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятларини бузиб кўрсатиш учун фойдаланиш мақсадида матбаа маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатишга йўл қўймаслик;
    · ноширлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган тегишли моддий-техник база, асбоб-ускуналар ва техника воситаларининг мавжудлиги;
    · лицензияда кўрсатилган ихтисос бўйича ноширлик фаолиятини амалга ошириш;
    · ноширлик-матбаа сифатининг қонунчиликда белгиланган талаблар ва стандартларга мувофиқлигини таъминлаш;
    · муаллифлик ҳуқуқига риоя қилиш;
    · лицензия даъвогари томонидан тайёрланган матбаа маҳсулотларининг (шу жумладан, мазкур маҳсулот таркибига кирган асарларнинг) нусхалари, тайёрланган нусхалар сони, шунингдек лицензия даъвогари ёхуд буюртмачининг нашр этишга ҳуқуқини (лицензия даъвогари томонидан муаллифлик ҳуқуқларига риоя қилиниши) тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобининг юритилиши;
    · лицензия даъвогари томонидан ноширлик фаолиятининг ёнғин хавфсизлиги қоидалари, санитария-гигиена нормалари, меҳнатни (ишлаб чиқаришни) муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган бино ва хоналарда амалга оширилиши;
    · лицензия даъвогари томонидан хоналар, технологик ускуналар ва бошқа техник воситалар ҳамда ноширлик фаолиятида қўлланадиган сарф материалларининг ишончли муҳофазаси таъминланиши, улардан рухсатсиз фойдаланишга йўл қўймаслик;
    · юридик шахс штатида тегишли олий ёки ўрта махсус маълумотга ва ноширлик ишида камида 3 йиллик иш тажрибасига эга бўлган камида бир нафар ходимнинг мавжудлиги.

    Лицензия даъвогари давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказларига (қуйида – ДХМ) ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда (my.gov.uz) рўйхатдан ўтади.

    Зарур ҳужжатлар:

    а) ДХМга келган тақдирда – ДХМ ходими ариза берувчининг номидан сўровномани тўлдиради. Ариза ЯИДХП орқали берилганида – ариза берувчи сўровномани электрон шаклда тўлдиради.

    Сўровномага ходимларнинг малакасини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

    Ариза бергандан кейин ариза берувчи ўз аризасини электрон рақамли имзо (ЭРИ) билан тасдиқлаши лозим.

    Давлат хизматини кўрсатиш учун 2 баравар базавий ҳисоблаш миқдори (БҲИ)да йиғим ундирилади. Давлат хизматини олиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда йиғим суммасининг 90 фоизи (1,8 БҲМ) ундирилади.

    Лицензияловчи орган 10 кун мобайнида лицензия бериш ёки беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Лицензия бериш ҳақида қарор қабул қилинганидан сўнг уни бериш учун давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган хабарнома тегишли давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки лицензия даъвогарига (электрон шаклда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилади.

    Лицензия даъвогари хабарномани олган кундан бошлаб 3 ой ичида ўн баравар базавий ҳисоблаш миқдорида давлат божи тўловини амалга оширади (агар ариза ЯИДХП орқали берилган бўлса 9 БҲМ).

    Болалар адабиётлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган маҳсулотлар чоп этишга ихтисослашган нашриётлар лицензия берганлик учун давлат божи тўлашдан озод қилинади. Лицензия даъвогари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорга ҳамда лицензияловчи органнинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)га шикоят келтириш ҳуқуқига эга. Лицензия беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, рад этиш ҳақидаги хабарнома лицензия даъвогарига рад этишнинг конкрет сабабларини ва лицензия даъвогари кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такрор кўриб чиқиш учун тақдим этиши учун етарли бўлган муддатни кўрсатган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддати камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

    Регламентнинг тўлиқ матни билан ушбу ҳавола бўйича танишиш мумкин https://lex.uz/docs/4655428.
    35 савол
    Журналистлар ва блогерлар қаерларда видеотасвирга олиши мумкин эмас?
    Жавоб:
    Фото- ёки видеотасвирга олиш мумкин бўлмаган объектларга қуйидагилар киради:
    · фото ва видео тасвирни амалга оширишни тақиқловчи тегишли белгилар билан белгиланган режим объектлари;
    · жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи бўйича тегишли бўлган кўчмас мулк объектлари. Ушбу объектларни ва уларнинг ичини тасвирга олиш фақат кўчмас мулк эгаларининг рухсати билан амалга оширилиши мумкин.
    36 савол
    ОАВ жамоат жойларида тасвирга олиш учун рухсатнома олиши керакми? Айтайлик, бозорда?
    Жавоб:
    Бозорлар ҳудуди бирор-бир чекловларсиз ҳар қандай жисмоний шахс бориши учун очиқ бўлган жамоат жойи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасидаги бозорларнинг ўзи камида 51% га жойлардаги давлат ҳокимияти органларига (Ҳокимлик) тегишли ҳисобланади.

    Қонунчиликда бозорлар ҳудудида фото ёки видеотасвирлар олиб боришга бирор-бир чекловларни жорий этадиган нормалар топилмади. Агар бундай человлар бозорлар маъмурияти томонидан қонуний асосларда ёки Ҳокимликларнинг қарорларига мувофиқ жорий этилган бўлса, ушбу ҳужжатлар ҳар қандай фуқаро танишиб чиқиши учун кўзга ташланадиган жойга жойлаштирилиши керак.

    Бунда журналист, "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, ахборотни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ва тарқатиш, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга.
    37 савол
    Муассислар таҳририятга нимани ёритиш керак, нимани эса керак эмаслигини буюриши мумкинми? Муассисларнинг ўзбошимчалигидан қандай ҳимояланиш мумкин?
    Жавоб:
    Муассис ва таҳририят ўртасидаги муносабатлар "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, ОАВ таҳририятининг таъсис ҳужжатлари, муассис ва таҳририят ўртасида тузилган шартнома ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

    Муассис ва таҳририят ўртасидаги шартномада қуйидагилар белгиланади:
    · муассис ва таҳририятнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари;
    · оммавий ахборот воситасини тайёрлаш ва чиқариш шартлари;
    · таҳририят фаолиятини молиялаштириш тартиби;
    · таҳририят ходимларининг ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маиший меҳнат шароитларини ташкил этиш тартиби;
    · учинчи шахслар билан ўзаро муносабатлар тартиби;
    · тарафларнинг жавобгарлиги;
    · қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар.

    Агар муассис ва таҳририят сифатида бир шахс иш юритса, шартнома тузиш талаб этилмайди.

    Амалда муассиснинг ОАВ таҳририяти фаолиятига аралашмаслик масаласи муассис ва таҳририят ўртасидаги шартнома билан тартибга солинади. "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ОАВ таҳририятининг сиёсатига аралашишга тўғридан-тўғри тақиқ мавжуд эмас.

    Шундай қилиб, муассис ва таҳририят ўртасидаги ўзаро муносабатлар тартибини шартномада батафсил ёзиш ва зарурат туғилганида босим ўтказиш, цензура ва таҳририят сиёсатига бошқа аралашиш ҳолатларига йўл қўймаслик учун муассис ва таҳририят ўртасидаги шартномага ўзгартириш киритиш таклиф қилинади. Шунингдек, "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, бош муҳаррир таҳририятга раҳбарлик қилади, оммавий ахборот воситасининг чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилади ва унинг фаолияти учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
    38 савол
    Қайндай ҳолатларда ОАВни қайта рўйхатдан ўтказиш талаб қилинади?
    Жавоб: Қуйидаги ҳолатлар оммавий ахборот воситасини рўйхатга олувчи органда (Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари) қайта рўйхатдан ўтказиш учун асос ҳисобланади?:

    · ОАВнинг муассиси, номи, тили, тури, мақсадлари ва вазифалари ёки ихтисослиги ўзгарганида;
    · ОАВ таъсис ҳужжатларига ўзгаришлар киритилганида;

    Муассис томонидан оммавий ахборот воситасини чиқаришни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, таҳририят, муассиснинг рухсати билан, худди шу номдаги ахборот воситасини белгиланган тартибда таъсис қилишга ҳақли.

    ОАВни қайта рўйхатдан ўтказиш учун ОАВнинг тегишли турини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўланиши керак бўлган бож миқдорининг 50% миқдорида давлат божи ундирилади.

    Қолган ҳолатларда (тарқалиш ҳудуди, даврийлиги, молиялаштириш манбалари, жойлашган манзили (почта манзили) ва таҳририят ҳақидаги бошқа маълумотлар, муассис ва таҳририят бошқа қайси оммавий ахборот воситаларига нисбатан муассис, ишончли бошқарувчи, ношир, тарқатувчи ҳисобланиши ҳақидаги маълумотлар, бунинг ҳажми (барча аффилланган шахсларни ва уларнинг ҳар бирининг таҳририят устав фондидаги улуши миқдорини кўрсатган ҳолда)) муассис ёки таҳририят бир ой муддатда ёзма шаклда рўйхатга олувчи органни киритилган хабарлар ҳақида хабардор қилиши шарт.

    ОАВни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги 1017-сонли Қарори билан тасдиқланган Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ амалга оширилади (https://lex.uz/docs/4655428)
    Журналистларнинг профессионал фаолияти
    39 савол
    Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нималарни ўз ичига олади? Бу соҳада халқаро ҳуқуқ қандай ўрин эгаллаган?
    Жавоб:
    "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасида журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат эканлиги айтилади.

    Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
    40 савол
    Биз журналистлар сифатида ўзимизнинг барча ҳуқуқларимизни билмаймиз, деб қўрқаман. Қонунчиликка мувофиқ журналист қандай ҳуқуқларга эга?
    Жавоб:
    "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида:
    · ахборотни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ва тарқатиш;
    · хборот олиш учун давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга мурожаат этиш;
    · давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни истисно этган ҳолда ҳужжатлар, материаллар ва ахборотдан фойдалана олиш;
    · журналист текшируви ўтказиш;
    · ўзи тайёрлаган хабарлар ва материалларни оммавий ахборот воситалари орқали имзосини ёки тахаллусини қўйиб тарқатиш, уларда ўз фикр-мулоҳазасини ифодалаш;
    · давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ва оммавий тадбирларида ҳозир бўлиш;
    · журналистлик фаолиятини амалга ошириш юзасидан мансабдор шахс қабулида бўлиш;
    · маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш;
    · судларнинг очиқ мажлисларида, ҳарбий ҳаракатлар майдонларида, табиий офат юз берган ҳудудларда, оммавий тадбирларда ҳозир бўлиш;
    · эълон қилишга тайёрланган маълумотларни текшириш учун мутахассисларга мурожаат қилиш;
    · башарти қонунни бузишга олиб келадиган бўлса, оммавий ахборот воситаси томонидан берилган топшириқни бажаришни рад этиш;
    · ўзи тайёрлаган хабар ёки материалнинг мазмуни таҳрир жараёнида бузилган деган фикрга келса, унга имзо қўймаслик ёхуд уни нашрдан олиб қолишни (эфирга бермасликни) талаб этиш;
    · ахборот манбаи ёки муаллифнинг номи сир сақланишини талаб қилиш;
    · тақдим этган хабарининг мазмунини оммавий ахборот воситаси бузиб эълон қилиши оқибатида ўзига етказилган маънавий зарар ва моддий зиён қопланишини суд орқали талаб қилиш;
    · жамоат бирлашмаларига, шу жумладан журналистларнинг халқаро ташкилотларига кириш ҳуқуқларига эга.

    Журналист ўзига қонун ҳужжатлари билан берилган бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.
    41 савол
    Журналист қатор ҳуқуқларга эга. Унинг мажбуриятлари қандай?
    Жавоб:
    "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасида шундай дейилади: Ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист:

    · қонун ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари талабларига риоя этиши;
    · ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши;
    · айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши;
    · журналистика соҳасининг сирини ошкор этмаслиги;
    · журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши;
    · шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт.

    Журналист ўз касбига доир ахборотдан шахсий мақсадларда фойдаланиши, ахборот манбаи ёки муаллиф розилигисиз жисмоний шахснинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни эълон қилиши, шунингдек аудио ва видео ёзиш воситаларидан фойдаланиши мумкин эмас.

    Журналист қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши шарт.
    42 савол
    Шубҳасиз, журналист касби энг хавфли касблардан бири. Журналистлик фаолиятининг кафолатлари қандай?
    Жавоб:
    "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасида журналистнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан қўриқланиши айтилади.
    Давлат журналистга ахборотни эркин олиши ва тарқатишини кафолатлайди, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлайди.
    Журналистнинг журналистлик фаолиятига аралашиш, ундан ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида олган бирор бир маълумотни талаб этиш тақиқланади.
    43 савол
    Айрим давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мен уларда аккредитациядан ўтмаганимни айтиб, ахборот беришни рад этишади. Журналист аккредитацияси ўзи нима ва у журналист ёки ОАВ учун мажбурийми? Агар мен аккредитациядан ўтсам, қандай ҳуқуқларга эга бўламан?
    Жавоб:
    Ҳар бир инсон ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Бу нафақат журналистнинг, балки ҳар қандай жисмоний шахснинг ҳуқуқидир. Аккредитация ахборот олиш йўлида тўсиқ бўлмаслиги керак. "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасига мувофиқ, Журналист давлат органи, жамоат бирлашмаси ва ташкилот ҳузурида аккредитация қилиниши мумкин.

    Ўзбекистон Республикасининг журналисти хорижий давлатда аккредитация қилиниши мумкин.

    Чет эл журналисти Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аккредитация қилиниши мумкин.

    Аккредитация қилинган журналист:
    · бўлиб ўтадиган очиқ ҳайъат мажлислари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисида олдиндан ахборот олиш;
    · аккредитация қилувчи органнинг биноларига (хоналарига) ва бошқа объектларига аккредитация қилувчи орган томонидан белгиланган тартибда кириш;
    · очиқ ҳайъат мажлисларида ва бошқа оммавий тадбирларда ҳозир бўлиш;
    · аккредитация қилувчи органнинг масъул шахсларидан зарур ҳужжатлар ва материалларни сўраш ҳамда олиш, оммавий тадбирларнинг ёзувлари билан танишиш ҳамда улардан кўчирма нусхалар олиш;
    · олинган ёзувлардан оммавий ахборот воситалари материалларини тайёрлашда фойдаланиш ҳуқуқига эга.

    Аккредитация қилинган журналист қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

    Чет эл журналистини аккредитация қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 11 сентябрдаги 391-сонли "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касб фаолиятини тартибга солувчи Асосий қоидаларни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорга мувофиқ амалга оширилади.
    44 савол
    Баъзида журналистлар айрим саволларга бу сир деб айтишади. Мен фарзанд қилиб олиш сири ҳақида, нотариал сир ҳақида эшитганман... Журналистик сири ҳам бўладими?
    Жавоб:
    Ҳа, қонунчиликда журналистик сир тушунчаси мавжуд. "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасида фуқаролар ёки бошқа ахборот манбалари томонидан ўз номини ошкор этмаслик шарти билан ихтиёрий равишда маълум қилинган махфий хабар, шунингдек факт ёки воқеалар журналистика соҳасининг сири ҳисобланиши айтилади.

    Журналистнинг журналистика соҳасининг сири ҳисобланадиган маълумотларни бу маълумотлар манбаининг розилигисиз ошкор этиши, шунингдек улардан ўзининг ғаразли манфаатлари ёки учинчи шахсларнинг манфаатларини кўзлаб фойдаланиши тақиқланади.
    45 савол
    ОАВ ёки журналистлар акциядорлик жамиятининг йиғилишларида қатнашиши мумкинми?
    Жавоб:
    "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (қуйида – Қонун) ОАВ вакилларининг акциядорлар умумий йиғилишларида қатнашиши тартибини тартибга соладиган махсус қоидани кўзда тутмаган.

    Қонуннинг 61-моддасига мувофиқ: «Акциядорларнинг умумий йиғилишида иштирок этиш ҳуқуқига акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан уч иш куни олдин шакллантирилган жамият акциядорларининг реестрида қайд этилган акциядорлар эга бўлади.

    Жамият акциядорнинг талабига кўра акциядорга у акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш учун шакллантирилган жамият акциядорларининг реестрига киритилганлиги тўғрисида ахборот тақдим этиши шарт».

    Шу билан бирга Қонуннинг 62-моддасида шундай дейилади: акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабар акциядорларнинг умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида йигирма бир кундан кечиктирмай, лекин узоғи билан ўттиз кун олдин Корпоратив ахборотнинг ягона порталида, жамиятнинг расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади, шунингдек акциядорларга электрон почта орқали юборилади.

    Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабарда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
    • жамиятнинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ва электрон почта
    • манзили;умумий йиғилиш ўтказиладиган сана, вақт ва жой;
    • жамият акциядорларининг реестри шакллантириладиган сана;
    • умумий йиғилиш кун тартибига киритилган масалалар;
    умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда акциядорларга ва давлат вакилига тақдим этилиши лозим бўлган ахборот (материаллар) билан акциядорларни ва давлат вакилини таништириш тартиби.

    Акциядорларнинг умумий йиғилишини ўтказишга тайёргарлик кўрилаётганда акциядорларга ва давлат вакилига тақдим этилиши лозим бўлган ахборотга (материалларга) жамиятнинг йиллик ҳисоботи, жамиятнинг йиллик молия-хўжалик фаолиятини текшириш натижалари юзасидан жамият тафтиш комиссиясининг (тафтишчисининг) ва аудиторлик ташкилотининг хулосаси, жамият кузатув кенгашининг директор (бошқарув раиси), ишончли бошқарувчи билан тузилган шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш, шартномани қайта тузиш ёки бекор қилиш мумкинлиги тўғрисидаги хулосаси, шунингдек жамиятнинг кузатув кенгаши ҳамда тафтиш комиссияси аъзолигига (тафтишчилигига) номзодлар тўғрисидаги маълумотлар, жамиятнинг уставига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар лойиҳаси ёки жамиятнинг янги таҳрирдаги устави лойиҳаси киради.

    Шундай қилиб, Қонунга мувофиқ акциядорлик жамиятларида ОАВ вакилларига акциядорларнинг умумий йиғилишларида қатнашиш имкониятини тақдим этиш мажбурияти йўқ. Акциядорларнинг умумий йиғилишларида акциядорлар ҳамда давлат вакили қатнашиши мумкин. Шу билан бирга, акциядорлик жамиятлари (кузатув кенгаши) ОАВ вакилларини умумий йиғилишларда қатнашиш учун таклиф этишга ҳақли. Аммо бунда очиқ маълумотларни кўп миқдорда Ягона корпоратив ахборот порталида http://www.openinfo.uz/ манзили бўйича топиш мумкин.
    46 савол
    Журналистлар ва ОАВ тадбиркорлик субъектлари томонидан ўтказиладиган турли тадбирларда қатнашишни талаб қилишлари мумкинми?
    Жавоб:
    Ушбу савол ахборотдан фойдаланишга тааллуқли бўлгани учун у ахборот олиш эркинлиги ҳақидаги қонунчилик билан тартибга солинади.

    Фаолият очиқлигини таъминлаш мажбурияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг вазифаси ҳисобланади. Шу боис "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4, 5, 11 ва бошқа моддаларига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг коллегиал тадбирлари асосан очиқ ҳисобланади.

    Тадбирлик субъектлари мустақил субъектлар ҳисобланади ва улар тадбиркорлик субъектининг ичида яратиладиган ахборот эгалари саналади, шунга мос равишда тадбиркорлик субъектлари ўзларида сақланаётган ахборотдан фойдаланиш масаласини мустақил равишда ҳал этадилар, давлат органлари ёки бошқа шахсларга муайян ахборот турларини тақдим этишни талаб қилиш қонунчиликда бевосита кўзда тутилмаган ҳолатлар бундан мустасно.

    Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари томонидан ўтказиладиган тадбирлар хусусий тадбирлар ҳисобланади, шу боис бундай тадбирлар ўтказиладиган хоналарга кириш имконияти тадбир ташкилотчиларининг ихтиёрига кўра тақдим этилиши мумкин.

    Шундай қилиб, тадбирларда қатнашишни имкониятини фақат давлат ҳокимияти органларидан ва бошқа очиқ тадбирларда қатнашиш учун талаб қилиш мумкин. Тадбир тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил қилинганида, тадбирда қатнашиш масалалари ушбу тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳам этилади.
    47 савол
    Журналист депутатликка номзодини илгари сурилган шахснинг олдинги касб фаолияти ҳақидаги маълумотларни олишга журналистик сўровни бериш ҳуқуқига эгами?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 8-моддасига мувофиқ сайловларни тайёрлаш ва ўтказиш ишлари сайлов комиссияси томонидан очиқ ва ошкора амалга оширилади.

    Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз иши тўғрисида, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги ҳақида, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган ери ва иш вақти тўғрисида хабардор этади, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништиради, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига, Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар тўғрисидаги, шунингдек овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги маълумотларни маълум қилади.

    Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради.

    Сайлов кодексининг 50-моддасига мувофиқ:
    Участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар тегишли тарзда жиҳозланиши ва қуйидагиларга эга бўлиши керак:

    сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли маълумотлар жойлаштириладиган махсус стенд:

    барча рўйхатга олинган номзодларнинг Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан нашр қилинган таржимаи ҳоли ва дастури;

    Шу билан бирга, ушбу таржимаи ҳоллар жисмоний шахснинг шахсига оид маълумотларнинг бир қисми бўлиши мумкин.

    Шундай қилиб, қонун ҳужжатларида журналистларнинг сўровлари бўйича таржимаи ҳол маълумотларини тақдим этиш мажбурияти ҳақида тўғридан-тўғри ишора бўлмаса-да, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси участка сайлов комиссияларининг хоналаридаги махсус стендларда номзодларнинг таржимаи ҳоли бўлишини кўзда тутади.

    Саволингизга жавоб берамиз: ҳа, ҳар қандай журналист, шунингдек бошқа ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахс депутатликка номзод ҳақидаги маълумотни олишга сўров билан мурожаат қилишга ҳақли (асос: "Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5 ва 6 моддалари, "Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддаси, "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддаси). Бироқ агар депутатликка номзод ўзининг шахсий маълумотларига кирувчи муайян ахборотнинг махфийлик режимини сақлашни талаб қилса, унда бундай ахборот номзоднинг розилигисиз тақдим этилиши мумкин эмас.

    Шу билан бирга, "Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, журналистда ахборотни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатиш ҳуқуқи бор, бу журналист умумий фойдаланувдаги ахборотни излаш ва сўраш ҳуқуқига эгалигини ёки жисмоний ёки юридик шахснинг, шахсий маълумотлар эгасининг рухсати билан у умумий фойдаланувга чиққанлигини (масалан, ОАВда ёки ижтимоий тармоқларнинг очиқ саҳифаларида жойлаштирилган) билдиради.
    48 савол
    Менга туман прокурори туҳмат қилди. Туҳмат бўйича жиноий ишни қўзғатиш учун органларга қандай мурожаат қилишим мумкин?
    Жавоб:
    Туҳмат жиноят сифатида ЎзР Жиноий кодексининг 139-моддасида кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Жиноий-процессуал кодексининг 324-моддасига мувофиқ шахсларнинг жиноят ҳақидаги аризалари оғзаки ёки ёзма бўлиши мумкин.

    Ёзма ариза арз қилувчи шахс томонидан имзоланган бўлиши лозим. Оғзаки ариза баённомада қайд этилади. Баённомада арз қилувчи, унинг яшаш ва ишлаш жойи, шунингдек шахсий ҳужжатлари тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилиши лозим. Башарти арз қилувчи ҳужжат кўрсата олмаса, унинг шахси тўғрисидаги маълумотларни бошқа йўллар билан текшириш чораси кўрилиши керак. Арз қилувчи жиноят тўғрисида била туриб ёлғон хабар берганлик учун жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилади ва бу хусусда баённомада қайд қилиниб, унинг имзоси билан тасдиқланади. Сўнгра баённомада жиноят содир этиш ҳолатлари хусусидаги маълумотлар арз қилувчи номидан, иложи борича сўзма-сўз акс эттирилади. Баённомани арз қилувчи ва аризани қабул қилган мансабдор шахс имзолайдилар.

    ЖПКнинг 325-моддасида шундай дейилади: Жиноят кодекси ... 139-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида, 140-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари айбдорни жавобгарликка тортишни сўраб жабрланувчи берган шикоят аризаси асосидагина қўзғатилади. Жабрланувчи ночор аҳволда бўлганлиги, айбланувчига қарам бўлганлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқини ва қонуний манфаатларини ўзи ҳимоя қила олмайдиган алоҳида ҳолларда прокурор жабрланувчининг шикоятисиз ҳам жиноят ишини қўзғатиши шарт..
    49 савол
    Агар менга туҳмат қилишса, аризани кўриб чиқиш тартиби қандай бўлади?
    Жавоб: ЎзР ЖПКнинг 329-моддасига мувофиқ, Жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар рўйхатга олиниши ва дарҳол, жиноят ишини қўзғатиш учун сабаб қонунийлигини ва асослар етарли эканлигини текшириш зарурати бўлган тақдирда эса, ўн суткадан кечиктирмасдан ҳал қилиниши лозим. Ушбу муддат жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар олинган пайтдан бошлаб ҳамда то ишни қўзғатиш ёки қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор чиқарилгунига қадар ёхуд терговга қадар текширув материаллари ушбу Кодекснинг 587-моддасига мувофиқ прокурорга юборилгунига қадар бўлган вақтни ўз ичига олади.

    Ушбу модда биринчи қисмида кўрсатилган муддат ичида терговга қадар текширув ўтказилиб, унинг давомида қўшимча ҳужжатлар, тушунтиришлар талаб қилиб олиш, шунингдек шахсни ушлаб туриш ушбу Кодекс 162-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ шахсий тинтув ва олиб қўйиш, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, экспертиза ўтказиш, тафтиш тайинлаш, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш ҳақида топшириқлар бериш мумкин. Терговга қадар текширув вақтида бошқа тергов ҳаракатларини ўтказиш ман қилинади.

    Алоҳида ҳолларда, терговга қадар текширув муддати қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлган тақдирда, суриштирувчи, терговчи ёки терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг асослантирилган қарорига кўра прокурор томонидан бир ойгача узайтирилиши мумкин:

    1) ўтказиш учун кўп вақт талаб қиладиган экспертиза, хизмат текшируви, тафтиш ёки бошқа текширув тайинланган бўлса;

    2) олис жойларда бўлган ёки чақирувга биноан ҳозир бўлишдан бўйин товлаётган шахслардан тушунтиришлар талаб қилиб олиш зарур бўлса;

    3) янги ҳолатлар аниқланиб, уларни қўшимча тарзда текширмасдан туриб қарор қабул қилишнинг имкони бўлмаса;

    4) етказилган моддий зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаш ва (ёки) жиноят оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида белгиланган муддат ўтмаган бўлса.
    50 савол
    Ўзини ОАВ мақоласи билан камситилган ёки ҳақоратланган деб ҳисобловчи шахс раддия бериш ёки жавоб қайтариш ҳуқуқига эгами? Раддия бериш ва жавоб қайтариш тартиби қандай?
    Жавоб:
    "ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 34-моддасида юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга мос келмайдиган ҳамда ўзининг шаъни ва қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсини таҳқирловчи маълумотлар учун раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақли эканлиги айтилади.

    Эълон қилинган материал туфайли ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган юридик ва жисмоний шахслар мазкур оммавий ахборот воситасида раддия ёки жавобни эълон қилишга ҳақлидир. Раддия ёки жавоб берилишига сабаб бўлган материал босилган айни ўша саҳифада махсус рукн остида эълон қилиниши керак.

    Раддия ёки жавоб газеталарда улар олинган кундан эътиборан бир ой ичида, бошқа даврий нашрларда навбатдаги сонда эълон қилиниши шарт.

    Теле-, радио-, видео, кинохроникал дастурлар ва оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа электрон шакллари таҳририяти томонидан олинган раддия ёки жавоб айнан ўша дастур ёки туркумда, келган кунидан эътиборан бир ойдан кечиктирмай эфирга берилади.

    Агар раддия ёки жавобни эълон қилиш ҳажми ва вақти оммавий ахборот воситасининг фаолиятига зарар етказиши мумкин бўлса, матнни ахборот манбаи ёки муаллиф билан келишилган ҳолда асосланган таҳрир қилишга йўл қўйилади.

    Оммавий ахборот воситаси раддияни, жавобни эълон қилишдан бўйин товласа ёхуд уларни эълон қилиш учун белгилаб қўйилган муддатни бузса, юридик ёки жисмоний шахс даъво аризаси билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
    51 савол
    ОАВ ва журналистлар жамоатчилик назоратини амалга оширишда қатнашиши керак дейишади. Бу шундайми? Журналистларнинг бундай фаолиятга қандай алоқаси бор? Уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қанақа?
    Жавоб:
    "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2018 йилда қабул қилинган. Ушбу Қонуннинг 3-моддасига биноан ОАВ жамоатчилик назорати субъектларидан бири ҳисобланади. Мазкур моддага кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари жамоатчилик назорати субъектларидир.

    Жамоатчилик назорати субъектларининг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари бор? Қонуннинг 15-моддасида айтилишича, Жамоатчилик назорати субъектлари: жамоатчилик назоратини амалга ошираётганда тадбирлар ўтказиш ташаббуси билан чиқишга, уларни ташкил этишга, шунингдек уларда иштирок этишга; жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотни қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат органларидан сўраб олишга; жамоатчилик назорати натижаларига кўра таклифлар ва тавсиялар тайёрлашга ҳамда уларни тегишли давлат органларига кўриб чиқиш учун юборишга; фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, жамият манфаатлари бузилганлиги фактлари аниқланган тақдирда, материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборишга; давлат органларининг қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга ёхуд қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилишга; жамоатчилик назорати натижаларини эълон қилишга ҳақлидир. Жамоатчилик назорати субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

    Жамоатчилик назорати субъектлари: жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши; қонунда белгиланган, давлат органларининг фаолияти билан боғлиқ бўлган чекловларга риоя этиши; давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслиги; давлат органларининг фаолият кўрсатиши, шунингдек улар мансабдор шахсларининг фаолияти учун тўсиқлар яратмаслиги; фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслиги; жамоатчилик назоратини амалга ошириш чоғида олинган ахборотнинг тарқатилиши қонун билан чекланган бўлса, унинг махфийлигига риоя этиши шарт. Жамоатчилик назорати субъектларининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
    52 савол
    Журналист ўз касбий фаолиятини амалга ошириш чоғида унга ҳужум қилинган ва унинг мулкига зарар етказилган тақдирда нима қилиш керак?
    Жавоб:
    Бугунги кунда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги қонунчиликда ва жиноий қонунчиликда журналистлар ўз касбий фаолиятини амалга ошириши чоғида уларнинг соғлиғи, шаъни, қадр-қиммати ва мулкига тажовуз қилинишига доир махсус моддалар кўзда тутилмаган.

    Бироқ амалдаги қонунчиликда бир нечма модда кўзда тутилган бўлиб, улар шахсга ёки мулкка нисбатан ноқонуний ҳаракатлар учун умумий жавобгарлик чораларини кўзда тутади, шунингдек улар журналистлар томонидан ўз касб фаолиятини амалга ошириш чоғида улар билан боғлиқ вазиятларда ҳм қўлланиши мумкин.

    Агар журналистларга ҳужум содир этилган бўлса, улар зудлик билан ички ишлар органларининг вакилларини чақириши (телефон: 102) ёки ҳуқуқбузарлик ҳақида мустақил равишда ўзи ёзиши ва уни ҳуқуқбузарлик содир этилган жой бўйича ички ишлар органи бўлимида рўйхатдан ўтказиши керак.

    Агар журналист ўз кабий фаолиятини амалга ошириш чоғида давлат хизматчиси ёки бошқа шахснинг (масалан, журналист ўз фаолиятида фойдаланган ускуна шикастланган ёки йўқ қилинган) ноқонуний ёки жиноий ҳаракатлари билан журналистнинг мулкига зарар етказилган бўлса, журналист мулк қасддан нобуд қилингани ёки шикастлангани ҳақидаги ариза билан ички ишлар органларига мурожаат қилишга ҳақлиБунда у аризада йўқ қилинган ёки шикастланган мулкнинг қийматини кўрсатиши лозим.

    Шу билан бирга ички ишлар органларининг хоидмлари жиноят ҳақидаги хабарни қабул қилишни рад этса, сиз прокуратурага ёки Маъмурий судга мурожаат қилган ҳолда, уларнинг бундай ҳаракатларига шикоят келтириш ҳуқуқига эгасиз.

    Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ташаббуси билан "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун лойиҳаси тайёрланиб, умумхалқ муҳокамасига чиқарилди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига журналистнинг қонуний касб фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарликни кўзда тутувчи алоҳида моддаларни киритиш кўзда тутилган (https://regulation.gov.uz/ru/document/5679).

    Қуйида ҳуқуқбузарликлар ёки жиноятлар, шу жумладан журналист ўз касбий фаолиятини амалга ошириши чоғида унинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига киритилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар ёки жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган айрим моддалар келтирилган.

    Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (парчалар)

    40-Модда. Туҳмат
    Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    41-Модда. Ҳақорат қилиш
    Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    612-Модда. Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш
    Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш, оз миқдорни ташкил этса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш кўп бўлмаган миқдорни ташкил этса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

    Оз миқдор деганда базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлган доирадаги, кўп бўлмаган миқдор деганда эса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлган доирадаги миқдор тушунилади.

    Устав фондида давлат улуши бўлмаган корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг мол-мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш фақат мазкур корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра жавобгарликка сабаб бўлади.

    183-Модда. Майда безорилик
    Майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

    Журналистга ҳужум қилишдан олдин содир этилган ёки унга йўлдош бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар:

    43-Модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш
    Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    44-Модда. Ҳужжатлар билан танишиб чиқишни асоссиз равишда рад этиш
    Фуқарога унинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини беришни асоссиз равишда рад этиш — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (парчалар)
    139-Модда. Туҳмат
    Туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

    Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    Туҳмат:
    а) оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб;
    б) оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда;
    в) хавфли рецидивист томонидан;
    г) ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса — бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    140-Модда. Ҳақорат қилиш
    Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

    Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

    Ҳақорат қилиш:
    а) жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда;
    б) хавфли рецидивист томонидан ёки туҳмат қилганлиги учун илгари судланган шахс томонидан қилинган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    173-Модда. Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш
    Ўзганинг мулкини қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш анча миқдорни ташкил этса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

    Ўша ҳаракатлар:
    а) миллатлараро ёки ирқий адоват ёхуд диний таассублар замирида;
    б) атрофдагилар учун хавфли усулда;
    в) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    Ўша ҳаракатлар:
    а) хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахснинг ёки унинг яқин қариндошларининг мулкига нисбатан;
    б) уюшган гуруҳ ва унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, — уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    Етказилган моддий зарар уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

    277-Модда. Безорилик

    Безорилик, яъни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик, уриш-дўппослаш, баданга енгил шикаст етказиш ёки ўзганинг мулкига шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш анча зарар етказиш билан боғлиқ ҳолда содир этилса, —
    базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

    Безорилик:
    а) баданга ўртача оғир шикаст етказиб;
    б) бир гуруҳ шахслар томонидан;
    в) совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб;
    г) ўз мазмунига кўра умум эътироф этган ахлоқ қоидаларини намойишкорона менсимасликда ифодаланувчи ўтакетган беҳаёлик билан;
    д) ёш бола, қария, ногирон ёки ожиз аҳволдаги шахсларни хўрлаб;
    е) кўп миқдорда зарар етказиб, бировнинг мулкини нобуд қилиб ёки унга шикаст етказиб содир этилган бўлса, — уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    Безорилик:
    а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
    б) ўқотар қуролни намойиш қилиб, уни қўллаш билан қўрқитиб ёки қўллаб;
    в) оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда;
    г) жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган бўлса, — уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    144-Модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш

    Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик ёки мурожаат муносабати билан маълум бўлиб қолган жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, худди шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд жамият ва давлат манфаатларига жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

    Жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар давлат органига, давлат муассасасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун мансабдор шахс томонидан таъқиб этиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
    53 савол
    Ижтимоий тармоқлардаги постлар учун жавобгарлик борми? Туҳмат ўзи нима эканлигини батафсил тушунтириб берсангиз?
    Жавоб: Ижтимоий тармоқлар ижобий ролни ҳам ўйнайди. Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар ва мунозаралар фуқароларни ташвишга солаётган муаммолар ҳақида хабардор бўлиш, уларни муҳокама қилиш, ҳал этиш йўлларини излаш имконини беради.

    Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлар – бу қонун чегарасидан ташқари бўлган жой эмас. Асосан постлар билан боғлиқ айбловлар туҳмат ва ҳақорат қилиш айбловларига киради.

    Туҳмат
    Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасига мувофиқ, туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган туҳмат жиноий жавобгарлик учун асос ҳисобланади.

    ЎзР Жиноят кодексининг 139-моддасига кўра, туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

    Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш

    — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    Туҳмат:
    а) оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб;
    б) оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда;
    в) хавфли рецидивист томонидан;
    г) ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса — бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    Ушбу моддаларда тилга олинган юридик терминларга аниқлик киритиш керак. «Туҳмат, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш» юқорида тилга олинган маълумотларнинг ҳеч бўлмаганда бир шахсга ҳар қандай шаклда (оғзаки шаклда, ёзма шаклда, телефон бўйича ёки бошқача усулда) маълум қилишини билдиради. Кўриб турганимиздай, бир шахснинг иккинчи шахсга учинчи шахс ҳақида ёлғон маълумотларни маълум қилишининг ўзи жиноят ҳисобланади. Шарманда қилувчи маълумотларнинг ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилиши оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади холос.

    «...била туриб ёлғон» ёлғончи томонидан ҳақиқатдан мавжуд бўлмаган ёки қалбакилаштирилган маълумотларнинг маълум қилинишини билдиради. Ҳаққоний, аммо шахснинг орўсини тўкувчи маълумотларнинг тарқалиши "туҳмат" жиноятининг белгиларига эга бўлмайди.

    Туҳмат характеридаги маълумотлар ёлғон ва обрўсизлантирувчи бўлиши керак. Бундай ишларни кўриб чиқадиган суд ҳар доим маълумотлар уйдирма ёки обрўсизлантирувчи экани ёки ундай эмаслигини ҳал қилиши лозим.

    Агар уйдирмалар ҳеч бўлмаганда бир кишига маълум қилинган бўлса, жиноят содир этилган ҳисобланади. Жиноятни баҳолаш учун айбланувчи олдиндан маълумотлар ёлғон эканини билган-билмаганини аниқлаш жуда муҳим.

    "Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат қилиш" деганда китоблар, журналлар, газеталар, варақалар ёки бошқа асарлар ёхуд радио, телевиление, видео ва ҳоказолар, шу жумладан интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилган туҳмат назарда тутилади.

    Албатта, ижтимоий тармоқлардаги постларнинг муаллифлари ва журналистлар бундай ахборотнинг ҳаққонийлиги учун жавобгар бўлади: қасддан ёлғон ахборотни тарқатганлик учун – туҳмат учун ҳам маъмурий, ҳам жиноий жавобгарлик мавжуд, агар улар ёлғон ахборотни адашиб ёки билмаган ҳолда тарқатган бўлса – фуқаролик қонунчилигига мувофиқ жавобгарлик юзага келади ва улар инсон шаъни ва қадр-қимматини камситганлик учун таъқиб қилинади.
    54 савол
    Мен интернет-ОАВлардан бирида тахаллус остида ўткир мақолалар ёзаман. Ўз мақолаларимдан бирида мен фаолиятини танқид қилган амалдор сайт таҳририятидан тахаллус остидаги муаллифнинг ҳақиқий исмини ошкор этишини талаб қиляпти. Бундай вазиятда таҳририят нима қилиши мумкин?
    Жавоб:
    "ОАВ тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 33-моддасига мувофиқ, таҳририят ўз номини ошкор этмаслик шарти билан берилган ахборот, маълумотлар, фактлар ёки далиллар манбаининг номини, шунингдек тахаллусини қўйган муаллифнинг номини уларнинг ёзма розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмас.
    Агар бу масала суд муҳокамасининг предметига айланса, таҳририят ахборот манбаининг ёки тахаллусини қўйган муаллифнинг талабига биноан уларнинг номидан судда иштирок этиши мумкин.
    Интеллектуал мулк
    55 савол
    Сайтимиз АОКАда интернет-ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказилган. Сайтимизнинг номи ва юридик шахс бўлган ОАВ муассисининг номи мутлақо бир-бирига тўғри келмайди. Бу ҳолда сайт номини патентлаш керакми ва ушбу процедура қандай амалга оширилади?
    Жавоб:
    Жаҳон Интернет ахборот тармоғида веб-сайт кўринишидаши оммавий ахборот воситангизнинг номини самарали ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш учун товар белгисини рўйхатдан ўтказиш каби муҳофаза вариантидан фойдаланишингиз мумкин.

    Товар белгиси — бу бир юридик ва жисмоний шахслар товарлари ва хизматларини (бундан буён матнда товарлар деб юритилади) бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг шу турдаги товарларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган белгидир.

    Товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома шаклини тўлдириш (талабнома шаклини http://ima.uz/ru/gosserv/251/ ҳаволаси бўйича юклаб олиш мумкин), талабнома божларини тўлаш (бож турлари ва миқдорлари http://lex.uz/ru/docs/1038362#1038391 ҳаволаси бўйича кўрсатилган) ва талабномани зарур ҳужжатлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига топшириш зарур. Талабномани кўриб чиқиш, зарур экспертизаларни ўтказиш ва товар белгингизни рўйхатдан ўтказиш ишларининг тахминий муддати 7-9 ойни ташкил қилади. Товар белгисини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги талабномани тўлдириш ва тақдим этиш тартиби ҳақида http://ima.uz/ru/gosserv/251/ ҳаволаси бўйича тегишли йўриқномани (Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома тузиш, топшириш ва кўриб чиқиш ҚОИДАЛАРИ) ўқишингиз мумкин.

    Талабнома қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
    • товар белгиси сифатида белгини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома берувчининг унинг жойлашган жойи ёки яшаш манзили кўрсатилган аризаси;
    • талабномада кўрсатилган белгининг тасвири;
    • белгиларни рўйхатдан ўтказиш учун товарлар ва (ёки) хизматларнинг халқаро таснифига мувофиқ гуруҳланган, товар белгисини рўйхатдан ўтказиш сўралаётган товарларнинг рўйхати;
    • Талабномага қуйидагилар илова қилиниши керак:
    • талабномани топширганлик учун патент божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
    • талабнома патент вакили орқали берилган бўлса, қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ва унинг ваколатларини тасдиқловчиТА ишончнома
    • чет эллик талабнома берувчи шахснинг талабномада кўрсатилган товар ишлаб чиқарилган жой номидан товар ишлаб чиқарилган мамлакатда фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.
    Товар белгисини, товар ишлаб чиқарилган жой номини ва товар ишлаб чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишга талабномани расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатларга қўйиладиган талаблар Агентлик томонидан ўрнатилади.

    Бунда сиз мустақил равишда ёки ҳуқуқшунослар ёхуд патент вакилларининг хизматларидан фойдаланган ҳолда, рўйхатга олинган товар белгилари базаси бўйича товар белгингизни айнан бир хиллик ва аралаштириб юбориш даражасида ўхшашликка текшириб кўришингиз мумкин.

    Бунда сизда оммавий ахборот воситангизнинг номи билан бир хил бўлган компаниянгиз номига рўйхатдан ўтказилган домен номи мавжудлигининг ўзи сизга муҳофазанинг муайян даражасини тақдим этади. Бироқ, агар сиз ўз интернет-ресурсингизнинг номини эҳтимолий виждонсиз рақобатдан ёки ноқонуний фойдаланишдан муҳофаза қилишни кенгайтиришни истасангиз, унда юқорида тилга олинган маслаҳатдан фойдаланишингиз мумкин.
    56 савол
    Интернет-ОАВ қай тарзда ўз мақолаларига бўлган муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиши мумкин? Виртуал ҳудудда ўзимнинг матнли ва фото-материалларимнинг плагиатига дуч келиб тураман. Ўз материалларимни бегона ресурсларда кўрганимда нималар қилишим мумкин?
    Жавоб:
    Қуйидагилар масалангизни ҳал этиш учун таянишингиз мумкин бўлган асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланади:
    · Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (4-қисм);
    · "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни;
    · Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (1771-модда).

    Мазкур консультация мақсадлариу учун Қонунга ҳаволалар, агар консультация матнида бошқачи бевосита кўрсатилмаган бўлса, "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг тегишли моддаларига ҳақолаларни билдиради.

    Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ «Муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан, уларнинг мақсади ва қадр-қиммати, шунингдек ифодаланиш усулидан қатъи назар, татбиқ этилади».

    Қонуннинг 5-моддаси муаллифлик ҳуқуқи қуйидаги бирон-бир объектив шаклда бўлган ошкор қилинган (бирор-бир усулда, шу жумладан интернет тармоғида чоп этилган, тарқатилган) асарларга ҳам, ошкор қилинмаган асарларга ҳам татбиқ этилишини кўзда тутади:
    · ёзма (қўлёзма, машинкаланган ёзув, нотали ёзув ва ҳоказо);
    · оғзаки (омма олдида сўзлаш, омма олдида ижро этиш ва ҳоказо);
    · овозли ёки видео ёзув (механик, магнитли, рақамли, оптик ва ҳоказо);
    · тасвир (расм, эскиз, манзара, тарҳ, чизма, кино-, теле-, видео- ёки фотокадр ва ҳоказо);
    · ҳажмли-фазовий (ҳайкал, модель, макет, иншоот ва ҳоказо);
    · бошқа шакллардаги.

    Қонуннинг 8-моддасида "оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ёки жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар" Қонун томонидан муҳофаза қилинадиган асарларга кирмаслиги белгиланган.

    Шундай қилиб, агар сиз яратган материаллар оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ёки жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар бўлмаса ҳамда улар ижобий фаолият натижаси (масалан, таҳлилий ёки обзорли мақола ёки журналистик суриштирув) бўлмаса, ёки материалларингиз ижодиф фаолият натижаси ҳисобланган фотосуратлар ёки видео материаллардан иборат бўлса, бу ҳолда ушбу материаллар асарлар ҳисобланади ва Қонунга мувофиқ уларга муҳофаза тақдим этилади.

    Барча ҳолатларда, Қонуннинг 25-33 моддаларида кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно, мутлақ муаллифлик ҳуқуқлари жисмоний шахс сифатида сизга ёки компаниянгизга тегишли бўлган асарлардан фойдаланишни хоҳловчи шахс мутлақ ҳуқуқлар эгасидан рухсат олиши шарт (Қонуннинг 19-моддаси). Рухсатнома муаллифлик шартномасини (Қонуннинг 38-моддаси) тузиш орқали ёзма шаклда расмийлаштирилади.

    Агар сиз муаллифлик ҳуқуқларингиз бузилган деб ҳисобласангиз, ўзингизнинг бузилган ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш учун ҳуқуқбузарга қуйидаги талаблар билан (Қонуннинг 65-моддаси) мурожаат қилишга (ёзма шаклда) ҳақлисиз:
    · ҳуқуқларни тан олиш;
    · ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини юзага келтирадиган ҳаракатларни тўхтатиш;
    · ҳуқуқ эгасининг ҳуқуқи бузилмаган тақдирда, у фуқаролик муомаласининг одатдаги шароитларида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромади миқдоридаги зарарларнинг ўрнини қоплаш. Агар ҳуқуқбузар муаллифлик ҳуқуқи ёки турдош ҳуқуқларни бузиш оқибатида даромадлар олган бўлса, ҳуқуқ эгалари бошқа зарарлар билан бир қаторда бой берилган фойдани бундай даромадлардан кам бўлмаган миқдорда қоплаш;
    · зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг айби даражасидан келиб чиқиб иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда зарарнинг ўрнини қоплаш эвазига тўланиши лозим бўлган товонни тўлаш;
    · ушбу Қонунда белгиланган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чоралар кўриш.

    Муаллиф (ёки ҳуқуқ эгаси) ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда, ҳуқуқбузардан маънавий зиён қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.

    Агар ҳуқуқбузар талабларингизни бажаришдан бош тортса, сиз бузилган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ҳақидаги даъво аризаси билан фуқаролик (агар томонлардан бири жисмоний шахс бўлса) ёки иқтисодий судга (иккала томон ҳам юридик шахс бўлса) мурожаат қилишингиз мумкин.

    Бундан ташқари, қонунчиликда муаллифлик ҳуқуқларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1771 – моддаси бўйича маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган.

    Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1771 – моддасида кўзда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар маъмурий судларда кўриб чиқилиши керак. Бироқ айни пайтда қонунчиликда ушбу модда бўйича маъмурий иш қўзғатиш тартибини регламентга солувчи қоидалар йўқ.

    Бунда амалда фотосуратларга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг техник усулларидан фойдаланилади. Масалан, жойлаштириладиган фотосуратларда ресурсингиз номи ёки фотосурат муаллифининг номи кўрсатилган белгини қўйиш.

    Шунингдек сиз сайтда матнингиздан олдин ёки кейин тахминан қуйидаги форматдаги билдиргини жойлаштиришингиз мумкин: «________ сайтдаги материаллар муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланади. Ҳар қандай аслидай қайтариш, ҳамманинг эътиборига етказиш, бошқача қилиб қайта ишлаш, худди шу тариқа сайт материалларидан таҳририят (муаллиф, ҳуқуқ эгаси)нинг рухсатисиз ҳар қандай бошқача тарзда фойдаланиш "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг бузилиши ҳисобланади ва фуқаролик, маъмурий ва қонунчиликда кўзда тутилган бошқа жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин».
    57 савол
    Маълумки, асарни ёзган киши муаллиф ҳисобланади. Агар асар тахаллус остида чоп этилган бўлса-чи? Агар асар тахаллус остида ёки имзосиз чоп этилган бўлса, муаллифлик ҳуқуқи қандай тартибга солинади?
    Жавоб:
    Фан, адабиёт ва санъат асарига муаллифлик ҳуқуқи уни яратиш факти бўйича юзага келади. Муаллифлик ҳуқуқининг юзага келиши ва амалга оширилиши учун асарни рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди.

    Асарнинг асл нусхасида ёки нусхасида муаллиф сифатида кўрсатилган шахс, агар бошқача ҳол исботланмаган бўлса, асар муаллифи ҳисобланади. Асар имзосиз ёки тахаллус остида чоп этилган тақдирда (муаллифнинг тахаллуси унинг ким эканлигига шубҳа қолдирмайдиган ҳоллар бундан мустасно), асарни чоп этган, асарда исми-шарифи ёки номи кўрсатилган ношир, агар бошқа далиллар бўлмаса, муаллифнинг вакили ҳисобланади ҳамда муаллифнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш ҳуқуқига эгадир. Бу қоида бундай асар муаллифи ўз шахсини ошкор этгунига ва ўзининг муаллиф эканлигини маълум қилгунига қадар амалда бўлади. ("Муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги ЎзР Қонуни, 10-модда).
    58 савол
    Айрим ишларнинг икки, уч ва ундан ортиқ муаллифи бўлади. Уларнинг муаллифлик ҳуқуқлари қандай ҳимояланган?
    Жавоб:
    "Муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги ЎзР Қонунининг 12-моддасига мувофиқ, икки ёки ундан ортиқ жисмоний шахснинг биргаликдаги ижодий меҳнати натижасида яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи, мазкур асар бўлинмас бир бутун ёки ҳар бири ҳам мустақил мазмунга эга қисмлардан иборат эканлигидан қатъи назар, ҳаммуаллифларга биргаликда тегишли бўлади.
    Агар асарнинг муайян қисмидан унинг бошқа қисмларига боғлиқ бўлмаган ҳолда фойдаланиш мумкин бўлса, бу мустақил мазмунга эга бўлган қисм деб эътироф этилади.

    Ҳаммуаллифларнинг ҳар бири, агар улар ўртасидаги келишувда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, асарнинг ўзи яратган, мустақил мазмунга эга бўлган қисмидан ўз хоҳишига кўра фойдаланишга ҳақлидир.
    Ҳаммуаллифлар ўртасидаги муносабатлар, қоида тариқасида, келишув асосида белгиланади. Бундай келишув бўлмаган тақдирда, асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи барча муаллифлар томонидан биргаликда амалга оширилади, муаллифлик ҳақи эса улар ўртасида тенг тақсимланади.
    Агар ҳаммуаллифларнинг асари бўлинмас бир бутунни ташкил этса, асардан фойдаланишни етарли асослар бўлмай туриб тақиқлаб қўйишга ҳаммуаллифлардан ҳеч бири ҳақли эмас.
    59 савол
    Таржима муаллифлик ҳуқуқининг объекти ҳисобланадими?
    Жавоб:
    Таржима ўз моҳиятига кўра ҳосила асар ҳисобланади. Ҳосила асарлар – бу таржималар, ишланма асарлар, аннотациялар, рефератлар, мухтасар хулосалар, шарҳлар, инсценировкалар, аранжировкалар, соддалаштиришлар ҳамда фан, адабиёт ва санъат асарларининг бошқа қайта ишланмаларидир;

    тўпламлар (энциклопедиялар, антологиялар, маълумотлар базалари) ва материалларнинг танланганлиги ёки жойлаштирилганлигига кўра ижодий меҳнат натижаси бўлган бошқа жамлама асарлар муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланади.

    Ҳосила ва жамлама асарлар, уларнинг яратилиши учун асос бўлган ёки уларнинг таркибига кирган асарлар муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, муаллифлик ҳуқуқи билан муҳофаза қилинади. ("Муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги ЎзР Қонуни, 7-модда).
    60 савол
    Нашримиз одамлар тасвири акс этган фотолойиҳани нашрга тайёрлаяпти. Биз фотосуратлардан қандай фойдаланишимиз ва бунда муаллифлик ҳуқуқи тўғрисидаги қонунчиликка қандай амал қилишимиз мумкин? Фототасвирга олиш ва фотосуратларни бизнинг ОАВда чоп этиш учун фотомоделларнинг розилигини олиш керакми?
    Жавоб:
    Вазиятга қараб ҳаракат қилишнинг бир нечта варианти мавжуд:

    1. Агар фототасвирга олиш фақат режалаштирилаётган ва сиз моделларни (улар профессионал бўлиши ёки бўлмаслиги муҳим эмас) жалб этишни мўлжаллаётган бўлсангиз – Сиз фотомоделлар билан фототасвирга олиш ишларида қатнашиш ҳақида шартнома тузишингиз мумкин, шартномада фотомодель сизга ўзи иштирокидаги фотосуратлардан оммавий ахборот воситангизда фойдаланиш ҳуқуқларини тақдим этиши кўзда тутилган бўлиши керак.

    2. Агар штатингизда фотограф бўлса ва сиз суратга олиш ишларига моделларни жалб этишни режалаштираётган бўлсангиз – оммавий ахборот воситангизда фотосуратлардан фойдаланиш учун фотосуратларда тасвирланган шахслардан ва агар фотосуратнинг бошқа ҳаммуаллифлари (масалан, фотограф, бошқа моделлар) бўлса, улардан ҳам, ёзма рухсатномани имзолатиб олишингиз зарур. Бунда рухсатномада фотосуратлардан фойдаланишга розиликдан ташқари, сизга фотосуратлардан фойдаланишга рухсат бераётган шахс: 1. Фотосуратларга бўлган мутлақ ҳуқуқлар эгаси эканини кафолатлаши; 2. Фотосуратлардан фойдаланишга бўлган ҳуқуқлар борасида учинчи шахслардан эътирозлар юзага келган тақдирда, сизга ушбу фотосуратлардан фойдаланишга рухсат берган шахс бу эътирозларни мустақил равишда ва ўз ҳисобидан бартараф этиш мажбуриятини олиши ҳақидаги бандни ҳам кўзда тутиш таклиф қилинади.

    3. Агар сиз тайёр фотосуратлардан фойдаланишни режалаштирган бўлсангиз – фотосуратлардан оммавий ахборот воситангизда фойдаланишга ҳуқуқларни олиш учун (ушбу фотосуратлар муаллифи билан шартнома ёки муаллифнинг фотосуратлардан фойдаланишга ёзма рухсати) фотосуратлар муаллифидан рухсат олиш керак. Шартномада ёки рухсатномада барча муҳим шартларни келишиб олишингиз мумкин: фотосуратлар сони, фойдаланиш даври ва даражаси, фотосуратларга ўзгаришлар киритиш ҳуқуқи, мукофот ҳақининг миқдори ва бошқалар.

    Муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган шахснинг тасвири ҳам ушбу шахснинг шахсий маълумотларига киради ("Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддаси. Ушбу қонун 2019 йил 01 октябрдан кучга кирди). Шунга мос равишда, шу жисмоний шахсни идентификация қилиш имконини берадиган жисмоний шахснинг тасвиридан ҳар қандай тарзда фойдаланганда ҳам ёзма рухсатнома олиш лозим, ҳолбуки "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни шахсий маълумотлардан фойдаланишга рухсатномани, рухсатнома олинганлиги фактини тасдиқлаш имконини берадиган ҳар қандай шаклда олишни кўзда тутади (21-модда).

    Фотосуратлар муаллифлик ҳуқуқининг объектлари эканини ва муаллифлик ҳуқуқи объектларидан ҳар қандай тарзда фойдаланиш учун фотосурат муаллифининг ёки ҳуқуқ эгасининг рухсатномаси талаб қилинади.
    61 савол
    Қандай қилиб муаллифлик ҳуқуқини бузмасдан бошқа ОАВ материалларидан фойдаланиш мумкин?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунида (бундан буён Қонун деб юритилади) назарда тутилган бир нечта ҳолатлар мавжуд, бунда таҳририят ёки журналист бошқа ОАВ материалларидан (нусха кўчириш, тасвирлаш, кўпайтириш, қисман ёки тўлик қайта чоп этиш) фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бироқ, ушбу ҳолатларни кўриб чиқишдан илгари Қонун қандай объектларни ҳимоя қилишига тухталсак.

    Қонуннинг 5 моддасига мувофиқ «Муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан, уларнинг мақсади ва қадр-қиммати, шунингдек ифодаланиш усулидан қатъи назар, татбиқ этилади».

    Муаллифлик ҳуқуқи қуйидаги бирон-бир объектив шаклда (ёзма, оғзаки, овоз, видеотасвир, тасвир ва х.к.) бўлган ошкор қилинган асарларга ҳам, ошкор қилинмаган асарларга ҳам татбиқ этилади.

    Шу туфайли, ҳар қандай мақола, фотография ёки бошқа, жисмоний шахснинг (ёки гуруҳнинг) ижодий мехнатини маҳсули бўлган журналистик материал муаллифлик ҳуқуқининг объекти. Демак, муаллифлик ҳуқуқи объектидан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усул билан фойдаланмоқчи бўлган шахс муаллифнинг ёзма (интервью давомида оғзаки рухсат олинса ҳам бўлади) рухсатини олиши керак. Бу қоида ҳатто фойда олиш кўзланилмаганда ҳам таъсир этади.

    ОАВ материалларидан қонуний фойдаланиш усуллари:
    а) оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ёки жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар муаллифлик ҳуқуқи объекти ҳисобланмайди. Демак, ҳар қандай ОАВ оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ёки жорий воқеалар ҳақидаги хабарларни уларнинг муаллифи рухсатисиз қайта чоп этиши мумкин, лекин янгилик манбасининг ҳаволасини кўрсатиши керак.

    б) Қонуннинг 26 моддасига биноан, асардан муаллифнинг исми-шарифини ва олинган манбаини албатта кўрсатган ҳолда ҳамда асардан нормал фойдаланилишига зарар етказмаслик ва муаллифнинг қонуний манфаатларига путур етказмаслик шарти билан қуйидаги тарзда эркин фойдаланишга йўл қўйилади:
    · ошкор қилинган асарлардан асл нусхада ва таржимада илмий, тадқиқий, мунозаравий, танқидий ҳамда реклама билан боғлиқ бўлмаган ахборот мақсадларида кўзланган мақсадга мос ҳажмда иқтибос олиш, шу жумладан газета ва журналлардаги мақолалардан парчаларни матбуот шарҳлари шаклида такрорлаш;
    · ошкор қилинган асарлардан ёки бундай асарларнинг парчаларидан таълим ва ўқув тусидаги нашрларда, радиоэшиттириш ва телекўрсатувларда, овозли ва видео ёзувларда кўзланган мақсадга мос ҳажмда мисоллар тариқасида фойдаланиш;
    · кундалик сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва диний масалалар юзасидан газета ва журналларда чоп этилган мақолалар ёки эфирга узатилган ёхуд кабель орқали юборилган шу тусдаги асарларни газеталарда такрорлаш, эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш, шундай фойдаланиш муаллиф томонидан махсус тақиқланган ҳоллар бундан мустасно;
    · омма олдида сўзланган сиёсий нутқлар, мурожаатлар, маърузалар ва шунга ўхшаш асарларни кўзланган мақсадга мос ҳажмда газеталарда такрорлаш, эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш. Бунда ана шундай асарларни тўпламларда чоп этиш ҳуқуқи муаллифда сақланиб қолади;
    · кундалик воқеалар жараёнида кўриш ёки эшитиш мумкин бўлган асарларни ана шундай воқеаларнинг шарҳларида фотография ёки кинематография воситалари ёрдамида эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш йўли билан ахборот мақсадига мос ҳажмда такрорлаш ёки барчанинг эътибори учун юбориш. Бунда ана шундай асарларни тўпламларда чоп этиш ҳуқуқи муаллифда сақланиб қолади;
    · даромад олишни кўзламаган ҳолда кўзи ожизлар учун қабариқ нуқтали ҳарфлар ёки бошқа усуллар билан чоп этилган асарларни такрорлаш, ана шундай такрорлаш усуллари учун махсус яратилган асарлар бундан мустасно.
    · Фуқаролик муомаласига қонуний тарзда киритилган асарларнинг нусхаларини ахборот-кутубхона муассасалари томонидан вақтинчалик фойдаланишга муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ва ҳақ тўламаган ҳолда беришга йўл қўйилади. Бунда муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлган, рақамли шаклда ифодаланган асарларнинг нусхалари, шу жумладан ахборот-кутубхона муассасаларининг ресурсларидан ўзаро фойдаланиш тартибида бериладиган асарларнинг нусхалари бу асарларнинг рақамли шаклдаги кўчирма нусхаларини яратиш имкониятини истисно этиш шарти билан фақат ахборот-кутубхона муассасаларининг биноларида вақтинчалик фойдаланишга берилиши мумкин.
    Ахборот олиш эркинлиги
    62 савол
    Ахборот олиш эркинлиги: қонунчилик базаси, журналистнинг ахборот олишга ҳуқуқи - қайси соҳалардан/идоралардан маълумот олиш мумкин/мумкин эмас, танланган ташкилотларга мурожаат шакли ва х.к.
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасида ахборот олиш эркинлиги соҳасини тартибга солувчи кўп қонунлар ва қонуности хужжатлар қабул қилинган.

    Бундан ташқари, қонун хужжатларида мурожаат этувчининг мақомига қараб давлат органлари томонидан маълумот тақдим этиш бўйича чекловлар кўзда тутилмаган. Яъни, сиз блогер, журналист ёки бирон бир жисмоний ёки юридик шахс бўлишингиздан катъий назар, сиз давлат ҳокимияти ва ҳукумат иблан боғланиш ҳуқуқига эгасиз ва улар сизнинг сўровингизни кўриб чиқишлари ва сўралган маълумотларни тақдим этишлари шарт, давлат сирлари ёки махфий маълумотлар бундан мустасно.

    Ахборот олиш эркинлигининг асосий манбаи ЎЗбекистон Республикаси Конституцияси, унинг 29 ва 30 моддалари.

    Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 моддаси

    Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.

    Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.

    Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 моддаси

    Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим.

    Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

    «Ахборот» — манбалари ва тақдим этилиш шаклидан қатъи назар шахслар, предметлар, фактлар, воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисидаги маълумотлар;

    махфий ахборот — фойдаланилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ чеклаб қўйиладиган ҳужжатлаштирилган ахборот;

    оммавий ахборот — чекланмаган доирадаги шахслар учун мўлжалланган ҳужжатлаштирилган ахборот, босма, аудио, аудиовизуаль ҳамда бошқа хабарлар ва материаллар;

    Ҳар қандай ахборот чекланмаган доирадаги шахслар учун мўлжалланган ва фойдаланилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ чеклаб қўйиладиган ҳужжатлаштирилган ахборотлар қаторига киради. Қандай ахборот қайси қаторга киришини қуйида кўриб чиқамиз.

    Фойдаланиши чекланмаган ахборот:

    · оммавий ахборот — чекланмаган доирадаги шахслар учун мўлжалланган ҳужжатлаштирилган ахборот, босма, аудио, аудиовизуаль ҳамда бошқа хабарлар ва материаллар (Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуни, 3 моддасининг 10 хатбоши);

    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборот (Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунининг 5 моддаси);

    · қонун асосида махфий режимини киритиш таъқиқланган ахборот (Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуни, 6 моддаси)

    · фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларни рўёбга чиқариш тартиби тўғрисидаги хужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар.Ўзбекистон Республикаси «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги қонунининг 7 моддаси, Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуни, 8 моддаси, Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаш тўғрисида»ги қонуни, 14 моддаси.

    · ҳар қандай ахборот, агар у қонун асосида махфий деб эълон қилинмаган бўлса.

    Олиниши чекланган ахборот:

    Давлат сирлари (давлат, харбий, хизмат сири);

    Махфий ахборот (Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуни, 3 моддасининг 9 хатбоши).

    Махфий ахборот:

    жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари (Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуни, Ўзбекистон Реуспубликасининг Фуқаролик Кодексининг 99 ва 100 моддалари, Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуни, 13 моддасининг 2 хатбоши, Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаш тўғрисида»ги қонунинг 13 моддасининг 2 хатбоши);

    қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг мижозлари тўғрисидаги маълумотлар;

    касбий сирлар:

    банк сири (Ўзбекистон Республикасининг «Банк сири тўғрисида»ги қонунининг 3 моддаси);

    солиқ сири (Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 76 моддаси);

    шифокор сири (Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида»ги қонуни, 45 модда);

    адвокат сири (Ўзбекистон Республикасининг «Адвокатура тўғрисида»ги қонунининг 9 моддаси);

    нотариал ҳаракатлари сири (Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги қонунининг 6 моддаси);

    суғурта сири (Ўзбекистон Республикасининг «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонуни, 26 модда);

    васиятноманинг сир сақланиши (Ўзбекистон республикаси Фуқаролик кодексининг 1128 моддаси);

    фарзандликка олишни сир сақлаш (Ўзбекистон Республикасининг Оила Кодексининг 153 моддаси, Жиноят кодексининг 125 моддасида сирларни ноқонуний ошкор этиш учун жавобгарлик назарда тутилган);

    тижорат сири (Ўзбекистон Республикасининг «Тижорат сири тўғрисида»ги қонуни);

    юридик маслаҳатчилар ташкилоти юридик хизматлар кўрсатиш жараёнида олинган маълумотлар махфий ҳисобланади (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2018 йил 17 август 675-сонли «Ўзбекистон Республикаси президентининг «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 12 майдаги ПФ-5441-сон фармонини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори билан тасдиқланган «Тижорат ташкилотлари томонидан юридик маслаҳат хизматларини кўрсатиш тўғрисида Низом»);

    Патент бериш ҳақидаги талабнома материалларидаги маълумотлар (Ўзбекистон Республикасининг «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги қонуни (янги таҳрири), 20 моддасининг 7 қисми).

    Бунга қўшимча, қатор қонунларга мувофиқ ҳуқуқий мақомингиздан қатъий назар (блогер, журналист, жисмоний шахс) ҳар қандай давлат органига ахборот олиш сўрови билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз ва давлат органи сизнинг сўровномангизга жавоб беришга мажбурлар. Бироқ, муддатларда фарқ мавжуд: ахборот берши ҳамма мурожаатлар учун 15 кун, ОАВ ва журналистларнинг сўровига жавоб муддати 7 кунда ошмаслиги шарт.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар олиш учун оғзаки ёки ёзма равишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ёки/ ва мансабдор шахсларг номига ушбу органлар фаолияти тўғрисида маълумот олиш учун юборилган сўров ҳисобланади

    Сўровлар билан ишлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуниниг 18 ва 19 моддаларида белгиланган.
    63 савол
    Маълумот олиш учун сўровнинг таҳминий шакли қандай бўлиши керак?
    Жавоб:
    Қуйида ўз фаолиятингизда фойдаланишингиз мумкин бўлган шаклни таклиф этамиз
    64 савол
    Муҳарририм менга маълумот олиш учун шаҳар хокимиятига сўров тайёрлашни топширди. ОАВ ёки журналистнинг сўровигв қонунчилик қандай талаблар қўяди?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни билан тасдиқланган «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида (янги таҳрири)» қонунининг 351 моддаси ОАВ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида маълумот олишига бағишланган.

    Оммавий ахборот воситаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров билан уларга оғзаки ёки ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

    Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилади.

    Агар оммавий ахборот воситасининг сўровини кўриб чиқиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари жумласига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ўзининг ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилади, оммавий ахборот воситаси эса бу ҳақда хабардор қилинади.

    Сўров рад этилган тақдирда, оммавий ахборот воситасига асослантирилган жавоб юборилади.
    65 савол
    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот жумласига нималар киради?
    Жавоб:
    Бу саволларга жавоб Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунининг 5 моддасида берилган:
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, норматив ҳамда бошқа ҳужжатлар, шунингдек уларнинг ижро этилишининг бориши тўғрисидаги маълумотлар;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, норматив ва бошқа ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек ушбу ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги маълумотлар;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, норматив ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурлар амалга оширилиши тўғрисидаги маълумотлар;
    · бюджетдан ажратиладиган маблағлардан, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларидан фойдаланилиши, ўтказилган танловлар (тендерлар) ва олинган товарларнинг етказиб берилиши тўғрисида, вазирликлар, идоралар, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда бошқа бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириладиган тегишли ахборот;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирлар (мажлислар, кенгашлар, учрашувлар, матбуот конференциялари, брифинглар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқалар) тўғрисидаги маълумотлар;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа органлари, жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги тўғрисидаги маълумотлар;
    · амалга оширилишида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари иштирок этаётган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисидаги маълумотлар;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти соҳасига тааллуқли бўлган тармоқнинг (ҳудуднинг) ҳолатини ва унинг ривожланиш суръатини тавсифловчи асосий кўрсаткичлар ҳақидаги, шу жумладан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўтказиладиган (ташкил этиладиган) очиқ танловлар (тендерлар) ва кимошди савдолари тўғрисидаги маълумотлар;
    · бўш иш ўринлари, ишга қабул қилиш шартлари ва бўш иш ўринларини эгаллаш учун номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотлар;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан тузилган мувофиқлаштирувчи ва маслаҳат органлари тўғрисидаги маълумотлар;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларини ўтказиш режалари, шу жумладан мажлисларнинг кун тартиби лойиҳалари, улар ўтказиладиган сана, жой ва вақт, мажлисларда ҳозир бўлиш тартиби.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот жумласига қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз фаолияти тўғрисидаги ахборот рўйхатини ушбу модда қоидаларига мувофиқ тасдиқлайди.

    Давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари), уларнинг қўмиталари (доимий комиссиялари), комиссиялари очиқликни таъминлаш мақсадида ўз фаолияти тўғрисидаги ахборот, шу жумладан режалаштирилаётган мажлислар ва тадбирлар, кўриб чиқилиши мўлжалланаётган масалалар, қабул қилинган қарорлар ҳақидаги ахборот ўз вақтида эълон қилинишини (чоп этилишини) таъминлайди.
    66 савол
    Давлат хокимияти ва бошқаруви органларининг сайтларида қандай маълумотлар бўлиши шарт?
    Жавоб:
    Давлат хокимияти ва бошқаруви органларининг сайтларига қўйилган талаблар Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунининг 13 моддасида акс эттирилган. Қонунга мувофиқ: Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтлари Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ушбу органларга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга тегишли бўлган ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган расмий веб-сайт сифатида идентификация қилинадиган, ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ресурсдир.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларида ушбу Қонун 5-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ахборотдан ташқари қуйидагилар жойлаштирилиши мумкин:
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг раҳбарлари тўғрисидаги маълумотнома тарзидаги ахборот (биографик маълумотлар, фуқароларни қабул қилиш кунлари ва ҳоказо);
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар таркибий ва ҳудудий бўлинмаларининг иш тартиби тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг телефон рақамлари ҳамда почта манзиллари, электрон почта манзиллари, маълумот хизмати телефонларининг ва ишонч телефонларининг рақамлари, жамоат транспортининг қатнов йўллари, тўхташ жойларининг номлари ва йўналиш рақамлари;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг раҳбарлари, шунингдек ушбу органлар томонидан ваколат берилган мансабдор шахслар чиқишларининг ҳамда баёнотларининг матнлари;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳузурида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитация қилиш тартиби тўғрисидаги ахборот;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларининг рўйхати;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги таҳлилий маърузалар ҳамда ахборот тусидаги шарҳлар;
    · аризаларни, таклифларни, шикоятларни қабул қилиш тартиби тўғрисида ахборот;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровларни қабул қилиш тартиби ҳақидаги ахборот;
    · келиб тушган аризаларни, таклифларни, шикоятларни, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровларни кўриб чиқишнинг умумий натижалари ҳақидаги ахборот;
    · амалга оширилаётган профилактика тадбирларининг моҳияти ва аҳамиятига бағишланган материаллар, қонунийликнинг ҳолати ва жиноятчиликнинг даражаси ҳақидаги маълумотлар, содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳамда уларга чек қўйиш чора-тадбирлари ҳақидаги ахборот.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларида қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборот ҳам жойлаштирилиши мумкин.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларидаги ахборот давлат тилида жойлаштирилиши керак. Расмий веб-сайт бошқа тиллардаги шаклларга ҳам эга бўлиши мумкин.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириладиган ахборотнинг санаси қўйилган бўлиши ҳамда у вақти-вақти билан янгилаб борилиши керак. Ахборотни янгилаб бориш даврийлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан белгиланади, лекин у ҳафтасига бир мартадан кам бўлмаслиги керак.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилган ахборот ишончли бўлиши керак ва у оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган ахборот билан тенг кучга эга бўлади.

    Бунга қўшимча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг «Очиқ маълумотлар тақдим этилиши ҳисобга олинган ҳолда интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг ҳукумат порталини янада такомиллаштириш чора­-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг 2015 йил 27 ноябрдаги 141-мҳ-сонли буйруғи билантасдиқланган «Очиқ маълумотларни шакллантириш, уларни жойлаштириш ва қайта ишлаш Регламенти»ларини ўрганиб чиқиш фойдали бўлади (28.12.2015 2746 рақами билан Адлия вазирлигида қайд этилган).
    67 савол
    Блогер қандай маълумотларни талаб қилиши мумкин?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасида ахборот олиш эркинлигини таъминловчи кўп қонун ва қонуности хужжатлар қабул қилинган. Бундан ташқари, қонун хужжатларида мурожаат этувчининг мақомига қараб давлат органлари томонидан маълумотларни тақдим этиш бўйича чекловлар кўзда тутилмаган. Демак, блогер, журналист ёки жисмоний шахс бўлишингиздан қатъий назар давлат органига мурожаат қилиш ғуқуқига эгасиз, улар эса сизнинг сўровингизни кўриб чиқиб сўралган маълумотларни тақдим этишга мажбур, агар сўралган маълумотлар давлат сирлари ёки махфий маълумот бўлмаса.

    Бу саволга батафсил жавоб олиш учун 62 саволга берилган жавобга қайтинг.
    68 савол
    Жамоат гуруҳида ҳақоратланган бўлса қандай чоралар кўриш мумкин?
    Жавоб:
    Ҳуқуқингизни ҳимоя қилишнинг бир неча йўллари мавжуд.

    1. Турар жойингиздаги Фуқаролик судига Фуқаролик кодекснинг 99 ва 100 моддаларига биноан сизнинг шаънингиз ва қадр қимматингизга зарар етказган маълумотларни рад этиш учун даъво аризаси билан мурожаат қилишингиз мумкин. Бу ҳолда даъвогар сифатида даъво қўзғатилган шахс томонидан сиз ҳақингизда туҳмат маълумотларини тарқатганлигини тасдиқлочи далилларни тақдим этишингиз шарт (Ўзбекистон Республикасининг Олий суди пленумининг «Суд амалиётида фуқаро ва ташкилотларнинг шаъни, қадр қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунларни қўллаш тўғрисида»ги қарорининг 5 моддаси).(https://lex.uz/docs/1438529).

    2. Агар сиз ўзингизни ҳақоратланган деб ҳисобласангиз, бошқа сўз билан айтганда, шаънингиз, қадр қимматингизни қасддан обрўсизлантирган деб ҳисобласангиз турар жойингиздаги маъмурий судга маъмурий жазо кўриш учун мурожаат қилишингиз мумкин (Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик Кодексининг 41, 245 моддалари). Даъво аризангизга сизни ҳақоратловчи деб ҳисоблаган ёзишманинг скриншотини илова қилишингизни тавсия этамиз.

    Административ судларига тақдим этиладиган хужжатларга қўйиладиган талаблар билан қуйидаги ҳавола орқали танишсангиз бўлади:

    Қуйидаги ҳавола орқали турар жойнгизга тегишли маъмурий суд манзилини топишингиз мумкин.
    69 савол
    Хабарларда, масалан, ҳозирги пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида кўриб чиқилаётган баёнотларни нашр (ошкора) қилиш мумкинми? Бу бирор бир қонунни бузадими?
    Жавоб:
    Фуқароларнинг аризаларини кўриб чиқишда чекловлар фақат терговнинг махфийлигига боғлиқ (яъни суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг рухстисиз дастлабки суриштирув ёки тергов маълумотларини тарқатиш таъқиқланади - Ўз ЖК 239 моддаси).

    Давлат органларининг жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш жараёни тўғрисида маълумотларни тарқатишга нисбатан қонун хужжатдларида ҳеч қандай чекловлар йўқ, агар ушбқ ҳаракат мурожаат этувчи рухсати билан ёки унинг ўзи томонидан амалга оширилса ва бу ҳолат бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини, шунингдек жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги керак (Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонуннинг 15 моддаси).
    70 савол
    Мен аудиторияси катта канал муаллифиман. Каналда «Партиялар Бош вазир лавозимига номзодларини тақдим этишди. Ким энг яхшиси?» деган савол канал аудиторияси диққатига нашр қилинди. Уч кун давомида 33 000 киши овоз берди. Эртаси кунига Адлия вазирлигининг матбуот хизмати ушбу нашр асооссиз ва миш мишларни тарқатиш, ҳамда қонунчиликка зид деган матн нашр этди. Қонунинг қандай нормлари бузилган бўлиши мумкин ва бу қонунбузарчилик ҳисобланадими? Умуман сайлов жараёнлари давомида ОАВ қандай қоидаларга риоя қилиш кераклигини аниқламоқчиман.
    Жавоб:
    Сайловларни ОАВ ёритиш масалалари Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексининг 8 моддасига мувофиқ сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширади ва оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг боришини ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб боради. Ҳар қандай ОАВ сайловолди ташвиқотини юритиш, сайлов тўғрисида қонун талабларига мувофиқ таҳлилий ва ахборот дастурларини тайёрлаш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

    ОАВ сайловолди ташвиқоти ва сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш ҳақида хабар беришда муҳим роль ўйнайди.
    Сайлов жараёнларини ёритиш истаги бўлган ОАВ вакилларининг ваколатлари Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

    Сайлов кодексининг 35 моддасига биноан оммавий ахборот воситаларининг вакиллари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
    • сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш;
    • сайловолди ташвиқотларда иштирок этиш;
    • сайлов комиссиялари мажлисларида қатнашиш;
    • сайлов куни овоз бериш биноларида ҳозир бўлиш, шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш;

    Сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир. Сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.
    Ташвиқот омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилиши мумкин.

    Ташвиқот:
    • оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали;
    • босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини (плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни) чиқариш ҳамда тарқатиш орқали;
    • сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилади.
    Ташвиқот даврида уни олиб боришнинг ушбу Кодексда тақиқланмаган бошқа турлари, шакллари ва усулларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.
    ОАВдаги сайловолди ташвиқотида тенглик принципи қуйидагиларни англатади:
    • сайловчиларни телевидение ва радио ахборот дастурлари, даврий нашрлардаги материаллар, электрон ОАВ хабарлари, уларнинг янгиланиши орқали хабардор қилганда ҳеч қандай номзодга устунлик бермаслиги, сиёсий партиялар камситилмаслиги керак, шу жумладан сайловолди ташвиқотини ёритишда ҳам. Сайловолди ташвиқоти учун ажратилаган босма майдонлар, эфир вақтинингг хажми ва давомийлиги ҳам баравар бўлиши керак.
    • Ташвиқот олиб борилаётганда сиёсий партияларга давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади.
    • Нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

    Ташвиқот мақсадларида ОАВдан фойдаланиш хажми ва давомийлиги тегишли сайлов комиссияси томонидан сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда аниқланади. Шу билан бирга, ОАВ Марказий сайлов комиссияси, сайловни тайёрлаш ва ўтказиш тадбирларини ёритиш,қонунчиликка мувофиқ сайлов натижаларини ошкор қилиш ҳуқуқига эга.

    Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида сиёсий партиялар дастурлари еки платформалари ва номзодлар тўғрисида ахборот тарқатиш ва сайловга чорлаш таъқиқланади. Шундай қилиб, ОАВнинг сайловлар ташвиқотлари пайтида ҳуқуқлари ва мажбуриятлари рўйхатга олинган номзодлар ва сиёсий партияларга ўзларининг дастурлар ва сайловолди платформалини ёритишда тенг имкониятлар таъминлашдир.

    Сайловчиларни хабардор қилишда номзодларнинг, сиёсий партияларнинг тенглиги принципи ОАВларида номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида ўз нашрларида бир томонлама ахборот берилмаслиги ва турли номзодларга ва сиёсий партияларга объектив бўлмаган ёндошишга йўл қўймасликдан иборат.

    Омавий ахборот воситаларининг вазифаси номзодлар ва сиёсий партиялар тўғрисидаги маълумотларни холислик, шахсий ҳаёт маълумотларни ҳимоя қилиш, тўғрисидаги қонун хужжатлари талабларини ва Сайлов кодексининг жамоатчилик фикрини сўраш ва сайлов натижаларини эълон қилиш тартиби тўғрисидаги талабларни ҳисобга олган ҳолда беришдан иборат.

    Сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа усуллар орқали тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 516 моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

    Шунингдек, Сайлов кодексининг 103 моддасида кўрсатилгандек, сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш (ҳаммага маълум қилиш), шу жумладан ахборот тармоқларига, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш тақиқланади.

    Жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари тахминларини, шунингдек сайлов ёки референдум билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни чоп этиш (эълон қилиш) тартибини бузиш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 519 моддасига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

    Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ ОАВ бўлмаган телеграм-каналлар, веб сайтлар администратор ва фойдаланувчилари томонидан сайловолди ташвиқот ва сайловлар давомида маълумотларни нашр эти ва тарқатиш бевосита тартибга солинмаган. Ижтимоий тармоқлар, тезкор хабарлар ва веб сайтларда сиёсий партиялар ёки номзодлар тўғрисидаги маълумотлар ёки сайловларни ўтказиш билан боғлиқ бошқа маълумотларни тарқатилишига келсак, Конституция, ахборот эркинлиги ва кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликнинг умумий талабларига, ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаш тўғрисида»ги қонунининг 121 моддасига амал қилиш керак.

    Сайловлар, номзодлар ва сиёсий партиялар тўғрисидаги маълумотларни нашр этиш ва тарқатиш жараёнида телеграм каналлари ва веб сайтлар маъмурлари шахснинг шахсий ҳаёти, шаъни ва қадр қимматини химоя қилиш тўғрисидаги қонунлар хужжатларини бузилишига йўл қўймасликлари, шунингдек махфий ахборотни ошкор қилишга йўл қўймасликлари керак.

    Ўзбекистон Республикасиниг «Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида»ги қонунининг 3 моддасига мувофиқ Ҳар кимнинг ахборотни излаш, олиш, тадқиқ этиш, узатиш ва тарқатиш ҳуқуқи давлат томонидан ҳимоя қилинади. Бунга қўшимча Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 4 моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқига эга.
    Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайтида «Сайловоди ташвиқот: нималарни билиш керак» (Предвыборная агитация: что следует знать) сарлавҳаси остида чоп этилган мақолада шундай сўзлар бор: «Сайловлар демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуыаролик жамиятининг ажралмас хусусияти, фуқароларнинг давлат ва жамиятни бошқарувида иштирокининг асосий шакли. Демократик сайлов тизими доирасида давлат органларига муносиб деб билган номзодларни сайлайдилар, уларга ўз муносабатларини билдирадилар ва шу йўл билан давлат бошқарувида иштирок этадилар», деб ёзади Камола Алиева.

    Конституцияга биноан, Ўзбекистон Республикасида демократия умумбашарий тамойилларига асосланади, унга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр қиммати ва бошқа дахлсиз хуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Конституциянинг 29 моддасига мувофиқ ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга.
    Шундай қилиб, амалдаги қонунчилик сайловлар тўғрисидаги маълумотларнинг тарқалишини, ижтимоий тармоқлар, телеграм каналлари ёки веб сайтларда фикр сўровларини ўтказишни тақиқламайди.

    ОАВ бўлмаганликлари учун, блогерлар, телеграм каналлари, ижтимоий тармоқларва веб сайтлар сайлов кампанияларида иштирок этмайдилар, аммо ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, блогерлар ва Ўзбекистоннинг барча фуқаролари қонунга зид бўлмаган ҳар қандай шаклда кўрсатилган номзодлар ва сиёсий партияларга ўз муносабатларини билдириш учун конституциявий ҳуқуққа эга.
    71 савол
    Юридик шахс, агар у ўзини жисмоний шахснинг телеграм каналидаги/ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасида туҳмат ёки ҳақорат қилинган деб ҳисобласа, уша шахсдан (блогердан) шундай маълумотларни рад этишни талаб қилишга ҳақлими?
    Жавоб:
    Қонунчиликда фуқароларнинг шаъни ва қадр қимматини обрўсизлантирувчи маълумотларни рад этиш масалалари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 100 моддаси билан тартибга солинади. Ушбу модданинг қоидалари юридик шахсларнинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилишда ҳам қўлланилади. Тухмат ёки ҳақорат фақат фуқароларга нисбатан қилинган бўлиши мумкин, юридик шахслар уларга нисбатан туҳмат ёки ҳақорат қилинган деб, даъво қилишлари мумкин эмас.

    Демак, юридик шахс фуқаролардан (жисмоний шахслардан) фарқли ўлароқ фақат унинг ишчанлик обрўсини камситадиган маълумотларни рад этилишини талаб қилиши мумкин. Фуқаролик кодесда ишчанлик обўрининг қонун билан тасдиқланган таърифи йўқ. Демак, жамиятда атаманинг умумэътироф этилган тушунчасидан келиб чиқиш керак. Шундай қилиб, юридик шахснинг ишчанлик обрўси ишбилармонлар орасида унинг ишчанлик фазилатлари тўғрисида шаклланган фикр сифатида тушунилади.

    Белгиланган суд амалиётига мувофиқ, юридик ёки жисмоний шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларни оммавий ахборот воситаларида, хизмат таърифномаларида, кўпчилик олдида сўзлаганда, мансабдор шахслар номига ёзилган аризаларда ёки бошқа, шу жумладан оғзаки бўлса ҳам бир неча шахсга ёхуд бир кишига хабар қилиш тушунилади.

    Суд мажлисида қуйдаги ҳолатлар ҳар томонлама ўрганилиши керак:
    1. рад этилиши даъво этилган маълумотлар тарқатилганми;
    2. улар шахснинг, ташкилотнинг шаъни, қадр қимматини ва ишчанлик обрўсини камситадими;
    3. улар ҳақиқатга тўғри келадими.

    Даъвогарнинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар ҳақиқатга тўғри келишини Фуқаролик кодекснинг 100 моддасига биноан жавобгар (маълумотлар муаллифи ва тарқатувчиси) зиммасига юкланади.

    Бу ҳолда, воқеликка мос келмайдиган маълумотлар деб, тегишли бўлган пайтда ҳақиқатда рўй бермаган воқеалар ёки фактлар тўғрисидаги баҳсли баёнотлар ҳисобланади.

    Ушбу юридик шахс тўғрисидаги фикр ва мулоҳазалар эмас, балки фақат фактлар баҳоланади.

    Ишдаги, жамоат жойидаги, жамоадаги ёки кундалик ҳаётдаги нуқсонларнинг тегишли танқидини ўз ичига олган маълумотларни рад этиш тўғрисидаги даъволар аслсли деб тан олинмайди.

    Шундай қилиб, умумий қоидага биноан, юридик шахс фуқаролардан тарқатилган маълумотлар нотғри ва бадномлигини исботлаш шарти билан, ишчанлик обрўсига зарар етказувчи маълумотларни рад этишни талаб қилиши мумкин.

    Рад этиш тартибини суд белгилайди. Яъни, телеграм каналларда, ижтимоий тармоқлдардаги шахсий саҳифаларда жойлаштирилган маълумотлар қандай рад этиш кераклигини суд томонидан белгиланади. Агар шундай маълумотлар ОАВ эълон қилинган бўлса улар ўша ОАВ ўзида рад этилиши керак. Шунга ўхшаш, суд маълумотларни тарқатган телеграм каналда/ижтимоий тармоқнинг шахсий саҳифасида рад этишни мажбур қилиши мумкин.

    Юридик шахс моддий бўлмаган (шаъни, қадр қиммати) зарарни қоплашни талаб қилолмайди, фақат ишчанлик обрўсига етказилган зарарни. Бу ҳолатда товон миқдори хажми ҳам тасдиқланиши керак. Хусусан, юридик шахс ёлғон маълумотларни тарқатган фуқаронинг хатти ҳаракатлари ва зарар ўртасида боғлиқликни исботлаши керак. Агар маълумотлар ушбу юридик шахснинг ходимлари ёки раҳбарларига тегишли бўлса вазият бошқача. Агар тарқатилагн хабарлар маълум фуқароларга тегишли бўлса Фуқаролик кодексининг 100 моддаси тўла хажмда ишлайди.
    72 савол
    Терроризм ва экстремизмга доир хабарлар ОАВ қандай ёритилиши керак?
    Жавоб:
    Янгиликларга келсак, ахборотлаштириш ва ахборот махсулотларининг айланиши соҳасидаги бир қатор меъёрий ҳуқуқий хужжатлар қўлланилади:

    Ахборот ундан ҳамма эркин фойдаланиши мумкинлиги таъминланган ва ҳаққоний бўлиши керак. Ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланади. Бузиб талқин этилган ва сохталаштирилган ахборотни тарқатган ОАВ ахборот муаллифи (манбаси) билан биргаликда жавобгарликка тортилади ( Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 7 моддасига биноан).

    Сайтда жойлаштирилган омма учун очиқ бўлган маълумотларнинг тўғрилигини текшириш талаби (Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаш тўғрисида»ги қонунининг 121 моддаси).

    Жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари тўғрисидаги ахборот махфий маълумотлар сифатида таснифланади ва шунга мувофиқ уларни тарқатиш фақат ушбу маълумотлар эгасининг розилиги билан амалга оширилади.

    Давлат сирлари ва махфий маълумотларни ўз ичига олган ахборот ресрслари ва ахборот тизимларини ҳимоя қилиш мажбурияти (Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуниниг 20 моддаси, Вазирлар маҳкамасининг 2011 йилнинг 7 ноябрида 296 сон қарори билан тасдиқланган махфий маълумотлар билан боғлиқ маълумотлар Рўйхатининг 1 моддаси).

    Болалар соғлигига зарар келтирувчи хабарлар. Ушбу маълумот болаларга тарқатиш тақиқланган ахборот махсулотларини, шунингдек маълум ёш тоифасидаги болалар орасида тақсимланиши чекланган ахборот махсулотларини ўз ичига олади (Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуни).

    Шунингдек, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 121 моддасига биноан веб сайт ёки/ва веб саҳифаси эгаси, шу жумладан блогер, омма учун очиқ бўлган ахборот жойлаштирилган ўз веб сайти ва/ёки веб сайтининг саҳифасини глобал интернетда қуйидагилар учун ишлатилишига йўл қўймаслиги шарт:

    • амалдаги конституциявий тузумни, ЎЗбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини зўравонлик билан ўзгартиришга бўлган даъватлар;
    • уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;
    • давлат сирлари ва бошқа, қонун билан ҳимояланган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилиш;
    • миллий, ирқий, етник ёки диний адоватни қўзғатувчи, шунингдек, фуқароларнинг шаъни, қадр қимматига ёки ишчанлик обрўсига доғ тушурадиган, уларниг шахсий ҳаётига аралашишга рухсат берувчи маълумотлар тарқатиш;
    • гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар тарғиб қилиш;
    • порнографияни тарғиб қилиш;
    • қонун хужжатларига мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка тортиладиган бошқа фаолият олиб бориш.

    Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуниниг 7 моддасга мувофиқ, ахборот ундан ҳамма эркин фойдаланиши мумкинлиги таъминланган ва ҳаққоний бўлиши керак. Ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланади. Оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

    Веб сайтнинг ва/ёки веб сайтнинг саҳифаси эгаси, шу жумладан блогер ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, ушбу веб сайтга ва/ёки веб сайт саҳифасига кириш, Ўзбекистон қонун хужжатларида белгиланган тартибда махсус ваколатли орган томонидан чекланиши мумкин.

    Шундай қилиб, терроризм ва экстремизмга доир ахборотларни ёритиш ахборотлаштириш тўғрисидаги қонунчиликка биноан амалга оширилиши керак.
    73 савол
    Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини суратга олиш мумкинми?
    Жавоб:
    Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг жамоат жойларида хизмат вазифаларини бажаришда фотосурат ва видеотасвирга олишнинг қонунийлиги масаласи ҳали ҳам ўз ечимини топгани йўқ. Айни пайтда махсус қоидаларни жорий этишга урунишлар қилинмоқда. Масалан, 2018 йилда «Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги жамоат жойлари, бино ва иншоотларни суратга ва видеотасвирга олишн амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида«ги Вазирлар маҳкамасининг қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди. Унга биноан ички ишлар ходимлари розилигисиз уларни суратга олиш тақиқланади.

    Шу билан бирга жамоат жойларида шахсий мақсадларда сурат ва видеолар олишга чекловлар йўқ. Шунингдек, ОАВ воқеалар ва ҳодисаларни ахборот бериш мақсадида суратга олиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга суриштирув ва тергов мақсадида жиноят содир этилган жойларни фотосурат ва видеога олиш ишлари чекланиши мумкин.

    Воқеа жойини ва ИИВ ходимларини суратга олиш тўғридан тўғри ўрнатилмаган. Ўзбекистон Республикасининг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонунига мувофиқ:

    ички ишлар ходими тергов ҳаракатларини, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш учун зарур бўлса, вазиятни хужжатлаштириш ёки жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик, воқеа шароитларини изоҳлаш, жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, ҳодиса жойини қўриқлаш мақсадида фуқароларни ўша жойни тарк этишларини талаб қилиши
    74 савол
    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тўғрисидаги маълумотларнинг қайси турлари олиш учун чекланган?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунит 6 моддасига биноан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш, агар мазкур ахборот қонунда белгиланган тартибда давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган бўлса, чеклаб қўйилади.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборотга тааллуқли маълумотларнинг рўйхати, шунингдек маълумотларни бундай ахборот жумласига киритиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.
    75 савол
    Кимлар ахборот фойдаланувчиси деб ҳисобланадилар, журналист ахборот фойдаланувчиси сифатида қандай ҳуқуқларга эга?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунит 7 моддасига биноан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот излашни амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахс ахборотдан фойдаланувчидир.

    Ахборотдан фойдаланувчи, шу жумладан журналист ҳам, қуйидаги ҳуқуқларга эга:
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ишончли ахборотни олиш ва тарқатиш;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ушбу Қонуннинг 5-моддасида назарда тутилган ахборотни олиш учун бевосита ёхуд ўз вакиллари орқали сўров билан мурожаат этиш;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишни рад этиш.
    · Ахборотдан фойдаланувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
    76 савол
    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида маълумотларни қайси манбалардан олиш мумкин?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунининг 9 моддасига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари қуйидагилардан иборат:
    • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий нашрлари;
    • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг, шунингдек ушбу органлар томонидан ваколат берилган мансабдор шахсларнинг чиқишлари ва баёнотлари;
    • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматларининг хабарлари;
    • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари расмий веб-сайтларининг материаллари;
    • оммавий ахборот воситаларининг материаллари.

    Қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа манбалар ҳам давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот манбалари бўлиши мумкин.
    77 савол
    Мени ахборот хизматига ишга таклиф этишмоқда. Ушбу хизматнинг мақоми қандай?
    Жавоб:
    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни тайёрлаш ҳамда тарқатиш вазифаларини бажарувчи, шунингдек оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорликни таъминловчи таркибий бўлинмаси ёхуд ушбу вазифаларни бажариш зиммасига юклатилган шахс давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ахборот хизматидир (бундан буён матнда ахборот хизмати деб юритилади).

    Ахборот хизмати оммавий тадбирларни ташкил этиш, ахборот хабарларини (пресс-релизлар, бюллетенлар ва ҳоказоларни) тарқатиш, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтида уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш ва янгилаб бориш йўли билан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш чора-тадбирларини кўради. Ахборот хизмати давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот тарқатишнинг қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа усулларидан ҳам фойдаланиши мумкин.

    Ахборот хизматининг фаолиятини ташкил этиш тартиби давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан белгиланади.
    78 савол
    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятнинг очиқлигини таъминлашнинг қандай усуллари мавжуд?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунининг 11 моддасига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш усуллари қуйидагилардан иборат:
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш (чоп этиш);
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириш ва янгилаб бориш;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарга ва жойларга жойлаштириш ҳамда янгилаб бориш;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали тақдим этиш;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратиш;
    · ахборотдан фойдаланувчиларнинг сўрови асосида уларга давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида оғзаки ва ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) ахборот тақдим этиш.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.
    79 савол
    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни тарқатиш (нашр этиш) қандай ва қайси каналлар орқали амалга оширилади?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунининг 12 моддасида кўрсатилгандек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш (чоп этиш) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий нашрлари, расмий веб-сайтлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилади.
    80 савол
    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий сайтларида керакли маълумотларни топиш ҳар доим ҳам мумкин эмас. Расмий веб сайтларда қандай маълумотлар бўлиши шарт?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунининг 13 моддасига биноан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтлари Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ушбу органларга ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга тегишли бўлган ва уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган расмий веб-сайт сифатида идентификация қилинадиган, ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ресурсдир.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларида ушбу Қонун 5-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ахборотдан ташқари қуйидагилар жойлаштирилиши мумкин:
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг раҳбарлари тўғрисидаги маълумотнома тарзидаги ахборот (биографик маълумотлар, фуқароларни қабул қилиш кунлари ва ҳоказо);
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳамда улар таркибий ва ҳудудий бўлинмаларининг иш тартиби тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг телефон рақамлари ҳамда почта манзиллари, электрон почта манзиллари, маълумот хизмати телефонларининг ва ишонч телефонларининг рақамлари, жамоат транспортининг қатнов йўллари, тўхташ жойларининг номлари ва йўналиш рақамлари;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг раҳбарлари, шунингдек ушбу органлар томонидан ваколат берилган мансабдор шахслар чиқишларининг ҳамда баёнотларининг матнлари;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳузурида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитация қилиш тартиби тўғрисидаги ахборот;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларининг рўйхати;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги таҳлилий маърузалар ҳамда ахборот тусидаги шарҳлар;
    · аризаларни, таклифларни, шикоятларни қабул қилиш тартиби тўғрисида ахборот;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровларни қабул қилиш тартиби ҳақидаги ахборот;
    · келиб тушган аризаларни, таклифларни, шикоятларни, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровларни кўриб чиқишнинг умумий натижалари ҳақидаги ахборот.
    · амалга оширилаётган профилактика тадбирларининг моҳияти ва аҳамиятига бағишланган материаллар, қонунийликнинг ҳолати ва жиноятчиликнинг даражаси ҳақидаги маълумотлар, содир этилган ҳуқуқбузарликлар ҳамда уларга чек қўйиш чора-тадбирлари ҳақидаги ахборот.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларида қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборот ҳам жойлаштирилиши мумкин.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларидаги ахборот давлат тилида жойлаштирилиши керак. Расмий веб-сайт бошқа тиллардаги шаклларга ҳам эга бўлиши мумкин.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўз расмий веб-сайтларида жойлаштириладиган ахборотнинг санаси қўйилган бўлиши ҳамда у вақти-вақти билан янгилаб борилиши керак. Ахборотни янгилаб бориш даврийлиги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан белгиланади, лекин у ҳафтасига бир мартадан кам бўлмаслиги керак.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилган ахборот ишончли бўлиши керак ва у оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган ахборот билан тенг кучга эга бўлади.
    81 савол
    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ўзларининг расмий сайтларидан бошқа яна қаерда уларнинг фаолияти тўғрисида маълумотлар топиш мумкин?
    Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунининг 14 моддаси бу масалани қуйидагича тартибга солади:

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўзлари эгаллаб турган ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарда ва (ёки) бошқа ажратилган жойларда тегишли органнинг фаолияти тўғрисидаги ахборот билан ахборотдан фойдаланувчилар танишиши учун ахборот стендларини ва (ёки) шундай мақсад учун мўлжалланган бошқа техник воситаларни жойлаштириши шарт.

    Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ахборот стендларида ва (ёки) шундай мақсад учун мўлжалланган бошқа техник воситаларда қуйидагилар бўлиши керак:
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг иш тартиби тўғрисидаги маълумотлар, маълумот хизмати телефонларининг, ишонч телефонларининг рақамлари;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг режалаштирилаётган очиқ ҳайъат мажлислари тўғрисидаги ахборот;
    · аризаларни, таклифларни ҳамда шикоятларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги ахборот;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўровни қабул қилиш тартиби ҳақидаги ахборот;
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларининг рўйхати.

    Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ахборот стендларида ва (ёки) шундай мақсад учун мўлжалланган бошқа техник воситаларда қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборот ҳам бўлиши мумкин.

    Юқорида қайд этилган қонунинг 15 моддасига мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ахборот-кутубхона ва архив фондлари орқали қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этади. Бундан ташқари, Ахборот кутубхона ва архив муассасаларида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти тўғрисидаги ахборот тақдим этиш тўғрисидаги Низом (№2806 07.07.2016й.) ва Ахборот кутубхона ва архив муассасаларида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан тақдим этиладиган хужжатлар билан ишлаш тартиби бўйича Йўриқнома мавжуд.
    82 савол
    Оммавий ахборот воситалари муҳлислари учун давлат ташкилотларининг мажлислари ва коллегиялари қизиқарли. Уларда қатнашиш мумкинми? Даввлат ҳокимият ва бошқарув органлари очиқ коллегиал йиғилишларида ахборот фойдаланувчиларининг иштирок этишлари учун шароитлар яратиладими?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунининг 16 моддасида таъкидланганидек,
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳайъат мажлислари очиқ тарзда ўтказилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўзларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши учун шароитлар яратади.
    · давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ахборотдан фойдаланувчиларнинг ҳозир бўлиши тартиби ушбу органларнинг тегишли норматив ҳужжатлари билан белгиланади.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқ коллегиал йиғилишларида ахборот фойдаланувчиларнинг иштирок этиш тартиби тўғрисида намунавий Низом мавжуд.(№2742 22.12.2015 й.).
    83 савол
    ОАВ ходимларига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотни олиш қандай таъминланмоқда?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунининг 17 моддасига кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакилларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳузурида аккредитация қилинишини амалга ошириши мумкин.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари оммавий ахборот воситаларининг аккредитация қилинган вакилларини ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида олдиндан хабардор қилади, уларга ўз касбига доир вазифаларини бажаришда кўмаклашади.

    Оммавий ахборот воситаларининг аккредитация қилинган вакиллари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
    · бўлиб ўтадиган очиқ ҳайъат мажлислари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисида олдиндан ахборот олиш;
    · аккредитация қилувчи органнинг биноларига (хоналарига) ва бошқа объектларига аккредитация қилувчи орган томонидан белгиланган тартибда кириш;
    · очиқ ҳайъат мажлисларида ва бошқа оммавий тадбирларда ҳозир бўлиш;
    · аккредитация қилувчи органнинг масъул шахсларидан зарур ҳужжатлар ва материалларни сўраш ҳамда олиш, оммавий тадбирларнинг ёзувлари билан танишиш ҳамда улардан кўчирма нусхалар олиш;
    · олинган ёзувлардан оммавий ахборот воситалари материалларини тайёрлашда фойдаланиш.

    Оммавий ахборот воситаларининг аккредитация қилинган вакиллари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
    84 савол
    Давлат органларида аккредитациядан ўтган журналистлар қандай ҳуқуқларга эга?
    Жавоб:
    ОАВнинг аккредитациядан ўтган вакиллари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
    • бўлиб ўтадиган очиқ ҳайъат мажлислари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисида олдиндан ахборот олиш;
    • аккредитация қилувчи органнинг биноларига (хоналарига) ва бошқа объектларига аккредитация қилувчи орган томонидан белгиланган тартибда кириш;
    • очиқ ҳайъат мажлисларида ва бошқа оммавий тадбирларда ҳозир бўлиш;
    • аккредитация қилувчи органнинг масъул шахсларидан зарур ҳужжатлар ва материалларни сўраш ҳамда олиш, оммавий тадбирларнинг ёзувлари билан танишиш ҳамда улардан кўчирма нусхалар олиш;
    • олинган ёзувлардан оммавий ахборот воситалари материалларини тайёрлашда фойдаланиш ҳуқуқига эга.

    Аккредитация қилинган журналист қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
    85 савол
    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида маълумот олиш учун сўровни кўриб чиқиш тартиби қандай?
    Жавоб:
    Бу масала Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунининг 3,18,19 моддалари билан тартибга солинган. Қўшимча маълумот олиш учун давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти тўғрисидаги маълумот олиш учун сўровларни қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва қайта ишлаш тартиби тўғрисидаги Йўриқномани каранг (17.032016 й. № 2769).
    86 савол
    Ахборот олишга доир сўров нима?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунининг 18 моддаси бу саволга жавобни акс эттиради. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров (бундан буён матнда сўров деб юритилади) ахборотдан фойдаланувчининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этиш ҳақида ушбу органларга ва (ёки) уларнинг мансабдор шахсларига йўлланадиган оғзаки ёки ёзма шаклдаги (шу жумладан электрон ҳужжат шаклидаги) талабидир.
    87 савол
    Сўровни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби қандай?
    Жавоб:
    Ахборотдан фойдаланувчининг сўрови рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан кўпи билан ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилиши керак.

    Оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кунлик муддатда кўриб чиқилади.

    Агар ахборотдан фойдаланувчининг сўровини кўриб чиқиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатларига кирмаса, сўров сўралаётган ахборотни тақдим этиш ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилади, ахборотдан фойдаланувчи эса бу ҳақда хабардор қилинади.

    Расмий нашрларда, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган (чоп этилган) ёхуд расмий веб-сайтларда жойлаштирилган ахборот сўралганда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари сўровга бериладиган жавобда сўралаётган ахборот эълон қилинган (чоп этилган) расмий нашрнинг, оммавий ахборот воситасининг номи, чиқарилиш санаси ҳамда рақамини ва (ёки) сўралаётган ахборот жойлаштирилган расмий веб-сайтнинг электрон манзилини кўрсатган ҳолда ҳавола бериши мумкин.

    Агар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари олинган сўров бўйича давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа органлари ваколатлари тўғрисидаги маълумотларга эга бўлмаса, ахборотдан фойдаланувчига сўров рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида тегишли жавоб юборилади.

    Сўров рад этилган тақдирда ахборотдан фойдаланувчига асослантирилган жавоб юборилади (Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунининг 19 моддаси).
    88 савол
    Сўровга қандай талаблар қўйилади?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунининг 20 моддаси шундай талқин қилади: Жисмоний шахснинг сўровида унинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ва сўровнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак. Юридик шахснинг сўровида юридик шахснинг тўлиқ фирма номи, унинг жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган, сўровнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

    Ёзма сўровлар ахборотдан фойдаланувчининг шахсий имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак. Сўровни шахсий имзо билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган тақдирда, у қўшимча равишда тузувчининг ҳам фамилияси, исми, отасининг исми қўйилган ҳолда унинг имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.

    Ахборотдан фойдаланувчини идентификациялаш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилмаган сўров аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

    Сўров унда қўйилган масалалар юзасидан ахборот тақдим этиш ваколатига кирадиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органига ёки мансабдор шахсга юборилади.

    Белгиланган тартибда юборилган сўров кўриб чиқилиши шарт.
    89 савол
    Маълумки, ОАВ, журналистлар ва блогерлар реклама билан ишлашлари керак. Реклама нимани англатади?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасиниг «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 4 моддасига биноан, реклама — бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсадида юридик ёки жисмоний шахслар, маҳсулот, шу жумладан товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва технологиялар тўғрисида ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай воситалар ёрдамида қонун ҳужжатларига мувофиқ тарқатиладиган махсус ахборот.
    90 савол
    Баъзида улар аксилреклама тўғрисида ҳам гапиришади. Бу нимани англатади?
    Жавоб:
    аксилреклама — нотўғри (инсофсиз, била туриб ёлғон) реклама келтириб чиқарган ёки келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатларни бартараф этиш мақсадида тарқатиладиган раддия (Ўзбекистон Республикасиниг «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 4 моддаси).
    91 савол
    Мени рекламанинг тили қизиқтиради. Реклама қандай тилларда бўлиши мумкин?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасиниг «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 5 моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилади. Белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар) асли қайси тилда бўлса, шу тилда келтирилиши мумкин.
    92 савол
    Рекламага қандай талаблар қўйилади?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасиниг «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 6 моддасига мувофиқ, рекламага доир асосий талаблар қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланишдан иборат.
    93 савол
    Рекламада нималар тақиқланади?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасиниг «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 6 моддасига мувофиқ, қуйидагилар тақиқланади:
    · ишлаб чиқарилиши ёки реализация қилиниши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулот тўғрисида ахборот тарқатиш;
    · жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеига қараб, бошқа ҳолатларга кўра камситиш ёки ўзга шахсларнинг маҳсулотини бадном этиш;
    · қонун ҳужжатларининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган, фуқароларнинг соғлиғи ёки ҳаётига ва атроф муҳитга зарар етказувчи ёхуд зарар етказиши мумкин бўлган, шунингдек хавфсизлик воситаларига эътиборсизлик туйғусини уйғотувчи ҳаракатларга даъват қилиш;
    · мажбурий сертификатлаштирилиши зарур бўлган ёки ишлаб чиқарилиши ёхуд реализация қилиниши учун махсус рухсатнома (лицензия) бўлиши талаб этиладиган маҳсулотни тегишли сертификати, лицензияси бўлмай туриб реклама қилиш;
    · агар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, бошқа маҳсулот рекламасида қўлланиладиган умумий ечим, матн, тасвир, мусиқали ёки овозли оҳангларни айнан такрорлаш (тақлид ёки ўхшатма қилиш);
    · жисмоний шахснинг номи ёки тасвиридан унинг розилигисиз фойдаланиш;
    · порнографияни тарқатиш.
    · ахборот мазмунининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган хорижий сўз ва иборалардан фойдаланиш;
    · маҳсулот давлат органлари ёхуд уларнинг мансабдор шахслари томонидан маъқулланганлигини кўрсатиш;
    · иштирок этиш учун муайян маҳсулотни олиш шарти қўйилган рағбатлантирувчи лотерея, танлов, ўйин ёки шунга ўхшаш бошқа тадбир ўтказишни тадбирнинг ташкилотчисини, уни ўтказиш қоидалари ва муддатларини, бундай тадбир ҳақидаги ахборот манбаини, мукофотлар ёки ютуқлар миқдорини, уларни олиш муддатлари, жойи ва тартибини кўрсатмаган ҳолда реклама қилиш;
    · маҳсулотни товар белгиси ёки хизмат кўрсатиш белгиси реклама қилиш тақиқланган ёхуд реклама қилишга нисбатан тегишли чекловлар ёки талаблар белгиланган маҳсулотнинг товар белгиси ёки хизмат кўрсатиш белгиси билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёхуд унга айнан ўхшаш бўлган бошқа маҳсулотнинг рекламаси кўринишида реклама қилиш.
    94 савол
    Мен телевидениенинг болалар дастурида ишлайман. Вояга етмаганлар учун мулжалланган рекламага қандай талаблар қўйилади?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасиниг «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 7 моддасига мувофиқ, қуйидагилар тақиқланади:
    · фақат вояга етганларга мўлжалланган ёки вояга етмаганларнинг олиши ёхуд истеъмол қилиши тақиқланган маҳсулотни вояга етмаганлар истеъмол қилаётган ёки ундан фойдаланаётган тасвир туширилган реклама;
    · вояга етмаганларни маҳсулот олишга ёки реклама қилинаётган маҳсулотни олишни илтимос қилиб учинчи шахсларга мурожаат этишга даъват қилувчи реклама;
    · ҳақиқий ёки ўйинчоқ қуролдан фойдаланилган реклама.
    95 савол
    ОАВга бериладиган маҳсулот рекламасида маҳсулотга оид сертификат ё лицензияларни ким тақдим этиши керак?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида» қонуни 8-моддасига кўра, реклама берувчи: реклама тайёрловчи ва (ёки) тарқатувчининг талабига биноан реклама ахборотининг ишончлилигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши; агар реклама берувчининг фаолияти лицензияланиши зарур бўлса, маҳсулотни ёки реклама берувчининг ўзини реклама қилаётганда тегишли лицензияни тақдим этиши шарт.
    96 савол
    Рекламага бўлган муаллифлик ҳуқуқи қайси қонунларга кўра белгиланади?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида» қонуни 10-моддасида кўрсатилишича, рекламага бўлган муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни тартибга солиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Бу қонун ҳужжатлари сифатида Ўзбекистон Республикасининг «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 60 («Муаллифлик ҳуқуқи») ва 61 («Турдош ҳуқуқлар») – бобларини кўрсатиш мумкин.
    97 савол
    Реклама ОАВда бошқа материаллардан қандай ажратилади?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида» қонуни 11-моддасига биноан, реклама, уни тарқатиш шакллари ёки воситаларидан қатъи назар, бошқа ахборотдан реклама деб ҳисоблаш мумкин бўладиган даражада ажратилган бўлиши керак.
    Телевидение ва радиодаги реклама бошқа дастурлардан унинг бошланиши ва охирида аудио-, видео-, аралаш воситалар ёки бошловчиларнинг шарҳлари ёрдамида ажратиб қўйилиши лозим.

    Маҳсулотга қизиқишни шакллантириш ва маҳсулот реализациясига кўмаклашиш учун маҳсулотнинг муайян маркасига (моделига, артикулига) ёки унинг ишлаб чиқарувчисига истеъмолчининг эътиборини атайин жалб этувчи, шунингдек мазкур маҳсулотни ишлаб чиқарувчи ёки тарқатувчи шахсга тааллуқли маълумотлардан (реквизитлардан) иборат ахборот материали, муаллиф ва таҳририят материали — реклама ҳисобланади ҳамда у «Реклама» ёки «Реклама ўрнида» рукни остида жойлаштирилмоғи лозим.
    98 савол
    Оммавий ахборот воситаларида ҳомийлар қай тарзда айтилади? Бу реклама ҳисобланадими?
    Жавоб:
    Телерадиодастурларни яратишда, бошқа оммавий ахборот воситалари учун материаллар тайёрлашда ҳомийлар қатнашиши мумкин.

    Реклама телевидение ва радио, аудиовизуаль маҳсулот билан боғлиқ бўлган ва ҳомийлик хизматларидан фойдаланилаётган тақдирда, ҳомийлар тўғрисидаги ахборот дастурнинг бошланишида ва охирида қисқа ва аниқ қайд этилиши керак. Ҳомийнинг номи (номланиши) ёнида ёки ҳомийнинг ўрнига унинг товар белгиси (хизмат кўрсатиш белгиси) кўрсатилиши мумкин.

    Янгиликлар тўғрисидаги телерадиодастурларда ҳомийларнинг хизматларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди (Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида» қонуни 12-моддаси).
    99 савол
    Қандай реклама нотўғри реклама ҳисобланади?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида» қонуни 13-моддасига кўра, ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида, рекламани тарқатиш вақти, жойи ва усулига нисбатан қўйилган талабларни ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талабларни бузиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган, шахсларга, шунингдек давлатга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, билатуриб ёлғон) реклама ҳисобланади.

    Нотўғри реклама тақиқланади.

    Рекламани нотўғри деб топиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органлари (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади) қабул қилади.
    100 савол
    Яширин реклама нима?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида» қонуни 14-моддаси «Яширин реклама» деб аталади. Унга кўра, яширин реклама истеъмолчининг идрокига унинг ўзи англамаган ҳолда таъсир ўтказадиган, шу жумладан махсус видео иловалардан (қўш овозли ёзувдан) фойдаланиш йўли билан ҳамда бошқа усуллар билан таъсир ўтказадиган рекламадир.

    Яширин рекламадан радио-, теле-, видео-, аудио- ва кино маҳсулотда, шунингдек бошқа маҳсулотда фойдаланишга ва уни ўзга усуллар билан тарқатишга йўл қўйилмайди.

    Рекламани яширин деб топиш тўғрисидаги қарорни ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилади.
    101 савол
    Қиёсий реклама нима? Маҳсулотларни қиёслашда холислик таъминланадими?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида» қонуни 15-моддага мувофиқ, қиёсий реклама — рақобатчига ёки унинг томонидан тақдим этилаётган муайян бир турдаги маҳсулотга бевосита ёки билвосита айнанлаштириладиган рекламадир.

    Агар рекламада маҳсулотнинг моддий, муҳим, ишончли хоссалари холисона ва инсофли таққосланса, агар бунда реклама ундан фойдаланувчини чалғитиб қўймаса ва чалғитиб қўйиши ҳам мумкин бўлмаса, реклама берувчи билан рақобатчининг шахси ёки реклама берувчининг ва рақобатчининг товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), фирма номи, маҳсулоти аралашиб кетмаса ҳамда рақобатчининг ишчанлик обрўсини ёки унинг товар белгисини (хизмат кўрсатиш белгисини), фирма номини, маҳсулоти ёки фаолиятини бадном этмаса, қиёсий рекламага йўл қўйилади.
    102 савол
    Гоҳида оммавий ахборот воситасидан ижтимоий рекламани текин тарқатишни талаб қилишади. Бу қандай реклама ва унга қандай шартлар билан йўл қўйилади?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида» қонуни 16-моддасига биноан, ижтимоий рекламали ахборот соғлиқни сақлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, энергия ресурсларини сақлаб қолиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш, маънавият ва маърифат масалаларига доир ахборот, шунингдек нотижорат йўсиндаги бошқа ахборотдир.

    Шахсларнинг ижтимоий рекламали ахборотни текинга тайёрлаш ва тарқатишга доир фаолияти, ўз мол-мулкини (шу жумладан пул маблағларини) ижтимоий рекламали ахборот тайёрлаш ва тарқатиш учун бошқа шахсларга бериши хайрия фаолияти деб эътироф этилади. Бундай шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлардан фойдаланадилар.

    Реклама тарқатувчилар реклама учун ажратилган эфир вақти, нашр ёки реклама майдони умумий йиллик ҳажмининг 5 фоизидан кам бўлмаган ҳажмда ижтимоий рекламали ахборотни жойлаштириши шарт. Бунда фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан тўлиқ ёки қисман молиялаштириладиган реклама тарқатувчилар ижтимоий рекламали ахборотни бепул жойлаштиради.
    103 савол
    Телевидение ва радиодаги реклама қандай тартибга солинади?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида» қонуни 17-моддасида кўрсатилишича, телерадиоташкилотлар учун рекламага ажратилган кўрсатув (эшиттириш) вақти кўрсатувнинг (эшиттиришнинг) ҳар бир соатига 10 фоиздан ошиб кетмаслиги керак. Бу талаб кўрсатувнинг (эшиттиришнинг) ихтисослаштирилган рекламавий каналларига татбиқ этилмайди.

    45 минутдан ортиқ давом этадиган концерт-томоша ва спорт дастурлари, кино- ва телефильмлар реклама учун тўлиқ 45 минутлик вақт оралиғида кўпи билан бир марта узиб қўйилиши мумкин. Реклама бу кўрсатувларнинг (эшиттиришларнинг) бошланиши олдидан ва (ёки) улар тугаганидан сўнг жойлаштирилиши ҳам мумкин. 10 минутдан кам давом этадиган телекўрсатувларга (радиоэшиттиришларга) умуман, 10 минутдан ортиқ давом этадиган телекўрсатувларга (радиоэшиттиришларга) эса бу телекўрсатувларнинг (радиоэшиттиришларнинг) муаллифлик ҳуқуқи эгаси билан келишмасдан туриб реклама жойлаштирилиши мумкин эмас.

    Давлат анжуманлари ва маросимлари олиб кўрсатилаётган (эшиттирилаётган) пайтда уни узиб туриб рекламани кўрсатиш (эшиттириш) тақиқланади.

    Болалар даврасига (ўн тўрт ёшгача бўлганларга) мўлжалланган кўрсатувларда (эшиттиришларда) реклама тақиқланади. Бу тақиқ ижтимоий рекламали ахборотга татбиқ этилмайди.

    Дастурларнинг реклама қисмлари товушини телерадиодастурнинг товушига нисбатан баландроқ қилиш тақиқланади.

    Телекўрсатувлар намойиш этилаётганда реклама мақсадларида ҳаракатланувчи сатрлардан фойдаланиш тақиқланади, реклама берилаётган пайтдаги ҳаракатланувчи сатрлар бундан мустасно.

    Телекўрсатувларнинг бошловчилари, дикторлари ва бошқа қатнашчилари реклама учун ажратилган вақтдан ташқари пайтда маҳсулотни билатуриб намойиш қилиш ёки унинг истеъмол хусусиятларини бевосита ёки билвосита тавсифлаш ҳуқуқига эга эмас.

    Телевидение ва радио ходимларига ахборот ниқоби остида реклама билан шуғулланиш, яъни маҳсулот ишлаб чиқарувчининг реквизитларини, жойлашган манзилини, телефон рақамини, маҳсулотнинг тижорат белгиларини кўрсатиш тақиқланади.
    104 савол
    Босма оммавий ахборот воситаларидаги рекламага қандай талаблар мавжуд?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида» қонуни 18-моддасига кўра, босма оммавий ахборот воситаларидаги рекламанинг ҳажми, мавзусини шу оммавий ахборот воситаларининг ўзлари мустақил белгилайди. Обуна бўйича тарқатиладиган босма воситалар обуна шартларида нашрнинг умумий ҳажмидаги реклама миқдорини кўрсатишлари шарт.

    Реклама йўсинидаги хабарлар ва материалларни бериб боришга ихтисослашмаган даврий босма нашрларда реклама даврий нашр бир сони ҳажмининг 40 фоизидан ошиб кетмаслиги шарт, қолган реклама бепул илова тарзида берилиши керак.
    105 савол
    Маълумки, ОАВ орқали дори воситалари кўп реклама қилинади. Бундай рекламага қандай талаблар қўйилган?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида» қонуни 22-моддаси дори воситалари, косметика ва маиший кимё воситалари рекламасини тартибга солади.

    Унга кўра, дори воситалари рекламасида қуйидагилар бўлиши шарт:
    · дори воситасининг тўлиқ номи (шу жумладан халқаро фармакологик номи) ва ишлаб чиқарувчисининг номи;
    · дори воситасидан фойдаланиш ёки уни қўллаш ҳақидаги ахборот.

    Қуйидагиларни реклама қилиш тақиқланади:
    · фақат шифокорнинг кўрсатмаси (рецепти) бўйича бериладиган дори воситалари;
    · таркибида гиёҳвандлик воситалари ва (ёки) психотроп моддалари бўлган дори воситалари;
    · Ўзбекистон Республикасида тиббиётда қўлланишга рухсат берилмаган дори воситалари.

    Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсатисиз вояга етмаганлар учун мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга йўл қўйилмайди. Қўшимча маълумотлар учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 декабрдаги 341-сонли қарори билан тасдиқланган «Вояга етмаганлар учун мўлжалланган дори воситаларини реклама қилишга рухсатнома бериш тартиби тўғрисида»ги низомни кўриб чиқиш тавсия этилади.

    Қўлланиши ва реализация қилиниши юзасидан тегишли давлат органлари махсус рухсатнома бермай туриб косметика воситалари, маиший кимё, озиқ-овқат маҳсулотлари, витаминли ва биологик жиҳатдан таъсирчан озиқ-овқат қўшимчаларини реклама қилиш тақиқланади.
    106 савол
    Ҳозирги пайтда энергетик ичимликлар кўпайди ва улар ҳам реклама қилинмоқда. Бундай рекламага чекловлар борми?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида» қонуни 22-1-моддасига биноан, энергетик ичимликлар рекламасида бундай ичимликларни ҳаддан зиёд истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги огоҳлантириш, шунингдек бундай ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот мавжуд бўлиши керак.

    Энергетик ичимликлар рекламаси ичимликларни истеъмол қилиш жараёнларини намойиш этмаслиги, ушбу жараёнлар истеъмолчиларнинг ижтимоий ва спортга оид муваффақиятга эришиши ёки жисмоний ҳамда руҳий ҳолати яхшиланиши учун муҳим аҳамиятга эга деган таассуротни юзага келтирмаслиги керак.

    Қуйидагилар тақиқланади:
    · соат 7-00 дан соат 22-00 га қадар энергетик ичимликларни телевидение ва радио орқали реклама қилиш;
    · реклама қилиш мақсадида энергетик ичимликлар намуналарини ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида текин тарқатиш;
    · асосан ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш, агар бунда энергетик ичимликларнинг номидан, товар белгисидан ёки тасвиридан фойдаланиладиган бўлса;
    · ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида энергетик ичимликларнинг номи, товар белгиси ёки тасвири туширилган товарларни (футболкалар, бош кийимлар, ўйинларни ва шу кабиларни) тарқатиш, шу жумладан сотиш;
    · асосан болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек тиббиёт, спорт ва таълим муассасаларида энергетик ичимликларни реклама қилиш.
    107 савол
    Тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликлар рекламасига қандай талаблар қўйилган?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида» қонуни 23-моддасига биноан, тамаки, тамаки маҳсулотлари ва ҳар қандай қувватдаги алкоголли ичимликлар рекламаси тақиқланади, шу жумладан:
    · тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликлар намуналарини текин тарқатиш;
    · тамаки, тамаки маҳсулотлари ёки алкоголли ичимликларнинг номи, товар белгиси ёхуд тасвиридан фойдаланиладиган тадбирларга ҳомийлик қилиш;
    · тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларнинг номи, товар белгиси туширилган товарларни (футбол майкалари, бош кийимлар, ўйинлар ва бошқа шу кабиларни) тарқатиш, шу жумладан сотиш;
    · савдо объектларининг олд томонида, кириш (транспортда кириш) жойларида, витриналарида, ташқарига олиб чиқиладиган предметларида ҳамда бошқа жойларида тамаки, тамаки маҳсулотлари ва алкоголли ичимликларнинг тасвирлари, номларини ва улар ҳақидаги бошқа ахборотни ўрнатиш тақиқланади.
    108 савол
    ОАВда қурол-яроғ рекламасига йўл қўйиладими?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида» қонуни 24-моддасига мувофиқ, қурол-яроғни реклама қилиш фақат махсус нашрларда, шунингдек бевосита овчилик қуролларини реализация қилувчи савдо ташкилотларининг биноларида ёки тегишли кўргазмаларда (тадбирларда) амалга оширилади.
    109 савол
    Аксилреклама қандай тақдирда берилади?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида» қонуни 28-моддасига кўра, ваколатли давлат органлари реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигини аниқлаган тақдирда, қонунбузар мазкур органларнинг қарорига биноан ва улар кўрсатган муддатда аксилреклама бериши шарт. Аксилреклама бериш шунингдек, ихтиёрий равишда ёки суднинг қарорига биноан амалга оширилиши мумкин. Аксилреклама беришни амалга ошириш билан боғлиқ барча харажатлар қонунбузар томонидан қопланади.

    Агар қонунбузар аксилрекламани реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи орган белгилаган муддатда бермаса, мазкур орган қонунбузарнинг рекламасини у аксилрекламани бергунга қадар тўлиқ ёки қисман тўхтатиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳамда реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахс билан шартнома тузган тарафларни бундан хабардор қилишга ҳақлидир.

    Аксилреклама раддия берилаётган реклама эълон қилинган айни ўша оммавий ахборот воситаларида, айни ўша муддат, макон, жой ва тартибдан фойдаланган ҳолда берилади.

    Аксилрекламанинг мазмуни қонунбузарлик ҳолатини аниқлаган ва уни тузатиш тўғрисида қарор қабул қилган тегишли давлат органи билан келишилади. Айрим ҳолларда бу органнинг қарорига биноан аксилреклама бериладиган оммавий ахборот воситаси, муддати, жойи ва тартиби ўзгартирилишига йўл қўйилиши мумкин.
    110 савол
    Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик қай тартибда юзага келади. Маълумки, бунда учта субъектлар бор, яъни реклама берувчи, тайёрловчи ва тарқатувчи. Масъулият уоарга қандай тартибда юклатилади?
    Жавоб:
    Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида» қонуни 29-моддасига кўра, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

    Реклама берувчи реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг реклама тайёрлаш учун тақдим этиладиган ахборотнинг мазмунига доир қисми бузилганлиги учун, агар ушбу қонунбузарлик реклама тайёрловчининг ёки реклама тарқатувчининг айби билан юз берганлиги исботланмаса, жавобгар бўлади.

    Реклама тайёрловчи реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг реклама тайёрлашга доир қисми бузилганлиги учун жавобгар бўлади.

    Реклама тарқатувчи реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг рекламани тарқатиш вақти, жойи ва воситаларига тааллуқли қисми бузилганлиги учун жавобгар бўлади.

    Реклама берувчи, реклама тайёрловчи ва тарқатувчи — юридик шахсларнинг мансабдор шахслари, реклама берувчи, реклама тайёрловчи ва тарқатувчи — жисмоний шахслар нотўғри реклама берганлик, аксилреклама беришдан бош тортганлик, реклама қилиниши қонун ҳужжатлари билан тақиқланган маҳсулотни реклама қилганлик, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишини тугатиш ҳақидаги кўрсатмани ўз вақтида бажармаганлик, ташқи рекламани жойлаштириш тартибига риоя қилмаганлик, реклама ахборотига тааллуқли ҳужжатлар ва материалларни ваколатли давлат органига белгиланган муддатда тақдим этмаганлик ёки атайин нотўғри маълумотлар такдим этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилади.

    Маъмурий жазо чораси қўлланилганлиги реклама берувчилар, реклама тайёрловчилар ва тарқатувчиларни ваколатли давлат органининг қарорини ёки кўрсатмасини бажариш ёки реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни содир этиш мажбуриятидан озод қилмайди.
    111 савол
    Журналистлар журналистик текширув доирасида жиноий иш материалларини сўрашга ҳақлими?
    Жавоб:
    Дастлабки тергов давомида жиноят ишининг фақат суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг рухсати билангина ошкор қилиниши мумкин (бундан ташқари, ушбу шахсларнинг розилигисиз дастлабки тергов маълумотларини ошкор қилиш жиноят ҳисобланади (бу учун Ўзбекистон Жиноят кодексининг 239 моддасига мувофиқ жиноий жавобгарлик кўзда тутилган). Материаллар билан танишиш имкониятига фақат муайан жиноий процесс иштирокчилари эга (масалан, жабрланган, айбланувчи, маҳкум, адвокат). Суд қарорлари очиқдир (суд қарорларида давлат сирлари тўғрисидаги маълумотлар ёки қонунда назарда тутилган бошқа ҳолатлар бундан мустасно) ва сиз суд қарори билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин: https://my.sud.uz/#/