Янгиликлар

Муаллифлик ҳуқуқи масалалари. UzReport TV Beelineни судга берди

Масаланинг моҳияти: UZREPORT TV телеканали Unitel (Beeline савдо белгиси эгаси) компаниясини судга берди. Телеканалнинг даъво аризасида қайд этилишича, Beeline тегишли шартнома тузмасдан туриб, “Beeline TV” мобиль иловаси орқали  UZREPORT TV ва FUTBOL TV телеканаллари эфирининг ретрансляцияси билан шуғулланиб келмоқда. Бу орқали, уяли алоқа оператори телеканалнинг муаллифлик ҳуқуқларини қўпол равишда бузмоқда ва бу орқали моддий фойда кўраяпти.  
Бир неча марта огоҳлантириш берилишига қарамасдан, Beeline томонидан бирор бир чора кўрилмаган. Оқибатда телеканал низони суд орқали ҳал қилишга мажбур бўлган. 
Даъво аризасида телеканал суддан оператор зиммасига тегишли шартнома тузилгунга қадар “Beeline TV” мобиль иловаси орқали  UZREPORT TV ва FUTBOL TV телеканаллари эфирининг ретрансляцияси билан шуғулланишни тўхтатиш мажбуриятини юклашни сўраган.    
Beeline нуқтаи назари: BeelineUzbekistan компанияга муаллифлик ҳуқуқларини бузиш айби қўйилаётганига рози эмас ҳамда Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилиги доирасида ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилишга тайёр. «Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги билан теледастурларни тарқатиш тармоқлари хизматлариин кўрсатиш бўйича тузилган лицензия шартномасига мувофиқ, «Ўзбекистон кабель телевидениеси» МЧЖ «Beeline TV» платформаси орқали телеканалларни ретрансляция қилиш учун  «Unitel» МЧЖга «Ягона сигнал»ни етказиб бериш хизматларини кўрсатади», - дейилади Beelineнинг хабарида. Компаниянинг қайд этишича, «Ўзбекистон кабель телевидениеси» МЧЖ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ягона сигнал – ахборот фаолияти ва маълумотларни узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссияси томонидан тасдиқланган телевизион каналлар (дастурлар)нинг белгиланган пакетини узатувчи ҳисобланади. Ўзбекистон кабель телевидениеси» МЧЖ томонидан атқдим этиладиган телевизион каналларнинг белгиланган пакетига «Uzreport TV» ва «Futbol TV» телеканаллари ҳам киритилган.
«Тузилган шартномага мувофиқ, «Unitel» МЧЖ «Ўзбекистон кабель телевидениеси» МЧЖ томонидан тақдим этиладиган телевизион каналларнинг белгиланган пакетига мустақил равишда ўзгартириш киритишга ҳақли эмас. Шу билан бирга, бизга «UzReport» АА МЧЖдан «Ўзбекистон кабель телевидениеси» МЧЖ томонидан тақдим этилаётган «Uzreport TV» ва «Futbol TV» телеканалларини ретрансляция қилишни тўхтатиш тўғрисида эътирознома келиб тушди», - деб қўшимча қилади компания.

Юристларнинг изоҳи: «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, телевизион канал телевизион кўрсатувлар яратиш ва келугсида уларни эфирга узатиш ёки кабель тармоғи орқали тарқатиш ташаббуси ва масъулиятини зиммасига олган эфирга узатувчи ташкилот ҳисобланади. Телканал ўзи тайёрланган теледастурларни (ўз телелойиҳалари, сериаллари, фильмлари, янгиликлар дастурлари ва бошқаларни) ёки тузилган лицензия шартномаларига асосан бошқа ҳуқуқ эгаларининг аудиовизуал асарлари ёеи теледастурларини эфирга узатиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, юқорида қайд этилган Қонунга мувофиқ, телеканалнинг бутун эфири дастурларни эфирга узатиш, дейилади.
Телеканалнинг теледастурларни эфирга узатиши ёки трансляция қилиши муаллифлик ҳуқуқи эмас, балки турдош ҳуқуқлар объекти ҳисобланади.  

Маълумот ўрнида: турдош ҳуқуқ – муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ бўлган, аммо ундан мустақил равишда мавжуд бўладиган ҳуқуқ. Ижрочилар, фонограммалар тайёрловчилар ва дастурларни эфирга узатиш ташкилотлари(телеканаллар)нинг ҳуқуқлари турдош ҳуқуқлар, деб аталади. Масалан, сериал, фильм, ёки спорт мусобақасининг тўғридан тўғри эфирга узатилиши ёҳуд ёзиб олиниши аудиовизуал асар сифатида муаллифлик ҳуқуқи объекти ҳисобланади. Шу билан бирга, телеканал ўзининг эфир сеткасини шакллантириш жараёнида унга муаллифлик ҳуқуқи (аудиовизуал асарлар, фотосуратлар ва бошқалар) ва турдош ҳуқуқлар(ижролар, фонограммалар, бошқа эфирга узатувчи ташкилотларнинг дастурларидан парчалар)нинг турли объектларини, ана шу объектларнинг ҳуқуқ эгалари билан тузилган лицензия шартномаларига мувофиқ киритади, улар улар турдош ҳуқуқларнинг янги объектини – эфир (кабель) дастурларини ташкил қилишни беришни юзага келтиради.

Қонунда, шунингдек, эфир орқали кўрсатув ёки эшиттириш беришдан фойдаланиш ва уни узатишнинг турли усулларини ажратиб кўрсатади, улар сирасига жумладан қуйидагилар киради:

барчанинг эътибори учун юбориш — асарларни ёки турдош ҳуқуқлар объектларини эфирга узатиш, кабель орқали юбориш, шунингдек уларни юбориш жойида вакиллари бўлмаган омма эшитиб ва (ёки) кўриб идрок этиши учун, шу тарзда эшитиш ёки кўриш мумкин бўлган асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектлари амалда идрок этилиши-этилмаслигидан қатъи назар, ҳар қандай бошқача усулларда етказиш;

ретрансляция — эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи бир ташкилотнинг кўрсатув ёки эшиттиришини эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи бошқа ташкилот томонидан бир вақтда эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш;

кабель орқали юбориш — асарларни ёки турдош ҳуқуқлар объектларини кабель, сим ёки шунга ўхшаш воситалар ёрдамида барчанинг эътибори учун юбориш;

барчанинг эътиборига етказиш — асарларни ёки турдош ҳуқуқлар объектларини симлар ёки симсиз алоқа воситалари(Интернет) орқали телекоммуникация тизимларидан фойдаланувчилар ўз танловига кўра исталган жойда ва исталган вақтда улардан фойдалана олиши мумкин бўлган тарзда барчанинг эътибори учун юбориш.

Ўйинларни телевидениеда, кабель иелевидениесида ва онлайн-телевидение воситасида трансляция қилиш турдош ҳуқуқлар объектидан фойдаланишнинг алоҳида турлари ҳисобланади ва бунда телеканалнинг ёки трансляция учун турдош ҳуқуқнинг бошқа эгасининг розилигини олиш талаб этилади («Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 52-моддаси).

Умумий қоидага кўра, жисмоний тарбия ва спорт тадбирларининг ташкилотчилари жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини уларнинг тасвири ва (ёки) овозини ҳар қандай усуллар билан ва (ёки) турли технологиялар ёрдамида трансляция қилиш орқали, шунингдек мазкур трансляцияни ёзиб олишни ва (ёки) тадбирни фотосуратга ҳамда видеотасвирга туширишни амалга ошириш орқали ёритиш бўйича мутлақ ҳуқуқ эгаси ҳисобланишади. Жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ёритиш ҳуқуқидан учинчи шахслар фақат жисмоний тарбия ёки спорт тадбирлари ташкилотчиларининг ёзма рухсатлари билан ёхуд учинчи шахслар томонидан ушбу ҳуқуқларнинг бундай тадбирлар ташкилотчиларидан сотиб олинганлиги тўғрисидаги ёзма шаклдаги келишувлар асосида фойдаланиши мумкин. («Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддаси)

Шундай қилиб, спорт тадбирларини трансляция қилиш ҳуқуқи уларнинг ташкилотчиларига ёки телшевизион ҳуқуқларни бошқа ҳудудларга сотишда ташкилотчиларнинг манфаатларини намоён этувчи компанияларга тегишли бўлади.  
Жаҳонда спорт тадбирларининг интернет-трансляциялари бозори ўсиб бормоқда. Спорт – биринчи галда, тўғридан тўғри эфирга асосланадиган контент. Спорт тадбирлари трансляциялари медиа бозорининг асосини трансляция ҳуқуқларини сотиб олиш нархи, ката реклама бюджетлари ташкил этади.

Маълумот ўрнида: АПЛ – трансляция ҳуқуқларининг нархи бўйича дунёдаги жнг қиммат миллий турнир ҳисобланади. Англия Премьер Лигасининг уч мавсум (2019-2022 йиллар) ўйинларининг тарнсляция ҳуқуқларини сотишдан олган даромади 10,4 миллиард долларни ташкил этган. Бу ҳақда «Рамблер» хабар берган.
UzREPORT телеканали йирик футбол тадбирлари: Англия Премьер Лигаси(АПЛ), УЕФА чемпионлар лигаси, 2016 йилги Европа чемпионати, футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионати, Испания Ла-лигаси ва бошқа турнирларни трансляция қилиш ҳуқуқини расман сотиб олган Ўзбекистондаги илк телеканал ҳисобланади.   
Жаҳонда амал қиладиган амалиётга кўра, спорт тадбирларини аниқ бир ҳудудга трансляция қилиш ҳуқуқлари пакет шаклида берилади. Ҳамда манна шу пакетлар эфир телевидениеси, пуллик (кабель) телевидениеси, Интернет ва мобиль қурилмаларда намойиш этиш учун алоҳида шакллантирилади. Кўпинча, ОТТ-сервислари, онлайн телевидение орқали ретрансляция қилиш ҳуқуқлари телевизион эфир пакетларига қўшилади.

Телекоммуникация хизматлари кўрсатиш Қоидаларининг 3-бандига мувофиқ кабель, эфир, интерактив, IPTV (IP-телевидение), ОТТ (OvertheTop) ва он-лайн телевидение бундан буён матнда эшиттирувчи деб юритилади) — эркин томоша қилиш мумкин бўлмаган кабелли телевидение каналларидан фойдаланган ҳолда теледастурлар ва бошқа телекоммуникация хабарларини муайян ҳудудда ишлаб чиқариш, шакллантириш ва тарқатишни таъминлайдиган тақсимлаш ва ташкилий-бошқарув жараёни билан шуғулланадиган субъект ҳисобланади.

UZ REPORT телеканали ўз навбатида эфирга узатвучи ташкилот сифатида, ҳуқуқ эгалари (спорт тадбирлари ташкилотчилари) билан тузилган лицензия шартномаларига мувофиқ бир қатор Европа мамлакатлари миллий биринчиликларининг футбол учрашувларини трансляция, ретрансляция қилиш ва оммага етказиш бўйича эксклюзив ҳуқуқ эгаси ҳисобланади. 

Агар лицензия шартномасида учрашувларни ОТТ сервислари орқали Интернет тармоғида оммага етказиш назарда тутилган бўлса, учрашувларни Интернет тармоғида трансляция қилиш фақатгина мутлақ ҳуқуқ эгасининг розилиги билан ва томонларнинг келишувига мувофиқ маълум тўлов эвазига амалга оширилиши мумкин, - дейишади юристлар  Мадина Турсунова ва Илҳом Ҳамидов.

2018 йил 17 июнь куни мазкур иш юзасидан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. UZ REPORT телеканали юристи Мирзоҳид Ғаниев қуйидагича изоҳ берди: бугунги суд мажлисида «Ўзбекистон кабель телевидениеси» МЧЖ вакиллари иштирок этишди, уларнинг нуқтаи назари тингланди:  «Beeline TV» сигналларни шартнома асосида ретрансляция қилмоқда. 22 июнь куни соат 16:00 да Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги вакиллари иштирокида яна бир суд мажлиси ўтказилиши белгиланди. 


Халилжон Жўраев, Интеллектуал мулк агентлиги вакили, суд мажлисида низо предмети юзасидан мустақил даъво киритмаган учинчи томон сифатида иштирок этди.  Низо юзасилан қандай хулоса бериши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб бериб, UzReportнинг Unitelга нисбатан даъвоси асосли эканини қайд этди.

Суд мажлиси якунида суд мобил оператор зиммасига  Beeline TV иловасидан  UzReport TV ва Futbol TV телеканалларини олиб ташлаш ҳамда уларни UzReport билан шартнома тузмасдан бошқа трансляция қилмаслик мажбуритяини юклади.  

«Суднинг телеканалимизнинг  Beelineга нисбатан даъвосини тўлиқ қаноатлантириш ҳақидаги қарори объектив ва адолатли бўлди, деб ҳисоблаймиз. UzReport суд жараёнида аниқланган фактлар асосида айни пайтда  Beeline, ҳамда «Ўзбекистон кабель телевидениеси» МЧЖга нисбатан маънавий ва моддий зарарни қоплаш бўйича даъво тайёрламоқда», — дея воқеалар ривожини изоҳлади телеканал бош муҳаррирининг биринчи ўринбосари  Алишер Азимов.

Beeline вакиллари эса UzReport TVнинг суд қарори билан қўллаб-қувватланган нуқтаи назарига қўшилмасликларини маълум қилишди. Компанияда «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Қонунга асосан лицензия шартномаси асосида фаолият юритишларини, унга мувофиқ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Beelineга теледастурларни ретрансляция қилишда «Ўзбекистон кабель телевидениеси» МЧЖ билан тузилган шартнома бўйича белгиланган телеканаллар пакети жамланган «Ягона сигнал»ни олиш мажбуриятини юклаганини қайд этишади.
«UzReport TV» АА МЧЖнинг даъво аризаси тегишли бўлмаган жавобгарга қаратилган», — дейилади Unitelнинг баёнотида.