Янгиликлар

Фотосурат олиш. Қонунга риоя этиш шартлари

Биз ўз ОАВмизда Интернетдан олинган фотосуратлардан фойдаланмоқчимиз, бу мумкинми? Агар бу муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши бўлса, биз қандай қилиб ўзгаларнинг фотосуратларидан муаллифлик ҳуқуқларини бузмаган ҳолда фойдаланишимиз мумкин?

Муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият маҳсули бўлган фан, адабиёт ва санъат асарларига, асарнинг мақсади ва даражасидан, ҳамда уни намоён этиш усулидан қатъий назар, тадбиқ этилади. 
Фотосуратлар ҳам муаллифлик ҳуқуқи объектлари турларидан бири саналади.
Демак, агар сиз фотосуратлардан учинчи шахсларнинг муаллифлик ҳуқуқини бузмаган ҳолда фойдаланмоқчи бўлсангиз, вазиятдан келиб чиқиб, иш кўришингиз учун бир нечта вариантлар мавжуд:

1. Агар фотосуратлар олиш жараёни энди режалаштирилаётган бўлса ва сиз бу жараёнга моделларни жалю этиш (профессионал ёки ҳаваскор эканидан қатъий назар) ниятида бўлсангиз – Сиз фотомоделлар билан фотосуратга олиш жараёнида иштирок этиш тўғрисида шартнома тузишингиз мумкин, бунда шартномада фотомодель сизга ўзи иштирок этган фотосуратлардан фойдаланиш ҳуқуқини бериши ҳам назарда тутилиши керак.   

2. Агар сизнинг штатингизда фотосуратчи бор бўлса, ҳамда сиз фотосуратлар олиш жараёнига моделларни жалб қилиш ниятида бўлсангиз, - фотосуратларда тасвирланган шахслардан ҳамда фотосуратларнинг бошқа ҳаммуаллифлари бўлса(масалан, фотосуратчи, бошқа моделлар), улардан ҳам фотосуратлардан ОАВда фойдаланишингиз учун ёзма рухсатнома олишингиз зарур. Шу билан бирга, рухсатномада фотосуратлардан фойдаланишга рухсат берилганидан ташқари, сизга фотосуратлардан фойдаланишга рухсат бераётган шахс қуйидагиларни: 1. Фотосуратларга нисбатан мутлақ ҳуқуқлар ўзига тегишли эканини; 2. Фотосуратлардан фойдаланиш ҳуқуқи масаласида учинчи шахслар томонидан эътирозлар юзага келганида, мазкур эътирозларни ўзи мустақил равишда ва ўз ҳисобидан ҳал қилишини кафолатлаши ҳақидаги банд ҳам бўлиши мақсадга мувофиқдир.

3. Агар сиз тайёр фотосуратлардан фойдаланмоқчи бўлсангиз – ушбу фотосуратлардан сизнинг ОАВда фойдаланиш учун уларнинг муаллифидан рухсат олишингиз(ушбу фотосуратлар муаллифи билан шартнома тузишингиз ёки ундан ёзма рухсатнома олишингиз) керак. Шартнома ёки рухсатномада сиз қуйидаги муҳим жиҳатларни акс эттиришингиз мумкин: фотосуратлар сони, фойдаланиш даври ва мунтазамлиги, фотосуратларга ўзгартириш киритиш ҳуқуқи, муаллифга тўланадиган қалам ҳақи миқдори ва бошқалар. Муаллиф беғараз (қалам ҳақи тўловисиз) фойдаланишга рухсат бериши ҳам мумкин, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам бундай рухсатнома ёзма равишда расмийлаштирилгани маъқул.
Шунингдек, Интернет тармоғида муаллифлик ҳуқуқидан эркин бўлган ката миқдордаги фотосуратлар жамланган ўзига хос фото-банклар ҳам мавжуд бўлиб, улардан сиз ўз ОАВгизда фойдаланишингиз мумкин. Аммо улардан фойдаланишдан олдин улардан фойдаланиш шартларини диққат билан ўқиб чиқинг.

Юқорида баён этилганлардан ташқари, яна бир нарсага эътибор қаратишингизни сўрар эдик: агар фотосуратда одамнинг юзи тасиврланган бўлиб, бу тасвир уни таниш имкониятини берса, мазкур ахборот ушбу шахснинг шахсий маълумотларига таалуқли бўлади («Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Рсепубликаси Қонунининг 4-моддаси). Ўз-ўзидан жисмоний шахсларнинг суратларидан, ушбу суратлар уларни таниш имокнини берадиган бўлса, ҳар қандай шаклда фойдланилганда рухсат олиш зарур. Рухсатномани имкон қадар ёзма шаклда олган маъқул. Лекин «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Рсепубликаси Қонуни шахсий маълумотлардан фойдаланиш учун рухсатномани, бундай рухсатнома олинганини тасдиқлаш имконини берадиган ҳар қандай шаклда олиш мумкинлигини назарда тутади (21-модда).

Шуни ёдда тутиш керакки, фотосуратлар муаллифлик ҳуқуқи объекти ҳисобланади ва муаллифлик ҳуқуқи объектлари томонидан улардан ҳар қандай шаклда фойдаланишда муаллифнинг ёки фотосуратга бўлган ҳуқуқ эгасининг рухсатини олиш талаб этилади.  

Саволларга медиаюрист Илҳом Ҳамидов жавоб берди
Превьюда Новости РААдан олинган фотосурат (https://ria.ru/20210110/tsifrovizatsiya-1592429303.html )
2021-06-25 14:58