Ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар. Жавобгарлик борми?
Журналистнинг саволи Ижтимоий тармоқ фойдаланувчисини қолдирган изоҳи учун жавобгарликка тортиш мумкинми? Агар мумкин бўлса, қандай тартибда ва қандай ҳолатларда?
Юристнинг жавоби Жавобгарлик изоҳнинг характер ива мазмунига боғлиқ.
Қуйидаги белгилар мавжуд бўлганда изоҳ муаллифини жавобгарликка тортиш мумкин:
изоҳда аниқ бир шахс шаънига ҳақорат ёки уятли сўзлар ишлатилган бўлса; изоҳда аниқ бир шахснинг обрўсига, шаънига ва ишчанлик хислатларига доғ туширадиган ҳақиқатга тўғри келмайдиган (бўхтон) маълумотлар бўлса; изоҳларда жамиятда миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғовчи чақириқлар мавжуд бўлса; изоҳда уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиботи мавжуд бўлса.
Юқорида қайд этилган белгилар мавжуд бўлса, изоҳлар муаллифига нисбатан, изоҳларнинг скрин-шотларини ҳавола қилган ҳолда, ички ишлар идораларига ариза бериш мумкин.
Шунингдек, ҳақоратланган ёки обрўсизлантирувчи маълумотлар тарқатилган шахс ўзига етказилган маънавий зарарни қоплаб беришни сўраб фуқаролик ишлари бўйича судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.