Янгиликлар

Муниса Шамсиева: материалларим қаҳрамонлари олдида масъулият ҳис қиламан

Этика нуқтаи назаридан мураккаб мавзулар устида ишлаш, журналистик материалларда қаҳрамонлар махфийлигини сақлаш масалалари юзасидан самарқандлик ёш журналист Муниса Шамсиева билан суҳбатлашамиз.




Журналистик фаолиятингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. Журналистика билан қачондан шуғулланасиз? Қайси ОАВда ишлайсиз, у ҳақда айтиб берсангиз.


Мен Самарқанд вилоятидаги "Зарафшон" газетасида штатдан ташқари журналистман.
"Зарафшон" газетаси - бу Самарқанднинг энг сўнгги янгиликлари, иқтисодиёт, жамият, сиёсат, спорт, маданият соҳаларидаги долзарб хабар ва материаллар, халқаро янгиликлар. Нашрнинг сайти 2007 йилдан фаолият юритади. Сайт, асосан, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий характердаги янгиликлар тасмасидан иборат. Электрон ОАВ сифатида 2018 йил 12 февралда рўйхатга олинган.
Журналистикага 2019 йилда рус филологияси факультетининг иккинчи босқичида ўқиётган кезларим кириб келдим. Аввал кичик хабар ва материаллар ёзишни бошладим, ҳозир катта материаллар ёзаман, интервью жанрини яхши кўриб қолдим. Zarnews ва "Самаркандский вестник" телеграм-каналлари учун ёзиб тураман.



Қандай мавзуларни кўпроқ ёритасиз?


Кўпинча, ёшлар муаммолари ҳақида, шунингдек, таълим ва маданият масалалари тўғрисида ёзаман. Мен ўзим дуч келадиган, чуқур ҳис қила оладиган муаммолар ҳақида ёзишни афзал кўраман. Оддий самарқандликлар, улар бераётган саволларга жавоб топишга, улар тўқнаш келадиган муаммоларга ечим топишга ҳаракат қиламан.



Журналистик фаолиятингизда қандай қийинчиликларга дуч келасиз?


Амалиётимда жиддий муаммолар ҳали бўлмаган, фақат иш жараёнидаги вазиятлар. Агар бирор нарсада қийналсам, тажрибали ҳамкасбларимга мурожаат қиламан, уларнинг барчаси ҳозиржавоб, материал ёзишга қандай ёндашишни маслаҳат беришади. Ҳамкасбларим туфайли касбимга меҳрим ошади, кўпроқ ишлагим келади.
Қийинчиликлар эса жиддий бўлмаса-да, бор, масалан, материал ёзишга киришиб, маълумотлар кўпайиб кетиб, мавзу кенгайиб кетса. Мен илмий иш эмас, журналистик материал ёзяпманку, дейманда, бир йўналишда диққатимни жамлайман, бу менга ёрдам беради. Қандайдир воқеани айтмай ўтиб кетиш менга қийин, қаҳрамон олдидаги масъулиятни ҳис қиламан. Шундай вақтларда мени мавзудан олиб қочадиган воқеани "заҳира" га олиб қўяман ва у келнуси мақолам учун асос бўлади.
Албатта, материалларни тайёрлаш давомида кўп саволлар пайдо бўлади. Устозларим менга ёрдамга келишади. Улар менга одоб доирасида бундай айтилади, бундай эса мумкин эмас, шу жиҳатларни четлаб ўтган маъқул, шу ўринда бундай ёзса бўлади, ёки бундок, деб йўл-йўриқ кўрсатишади. Мен базавий журналистик таълимга эга эмасман, филология факультетини тамомлагандим. Шу сабабли, табиийки, журналистикада билмайдиган жиҳатларим кўп.
Мақолалар ёзишда шундай вазиятлар ҳам бўладики, баъзи қаҳрамонлар ўз ҳикоялари билан бўлишишга рози, аммо вақт чўзишади. Қачон тайёр бўлсам, шунда айтиб бераман, дейишади. Журналистикада эса тезкорлик ва долзарблик муҳим, ҳозирча бу ҳам мен учун муаммо. Гаплашаман, муроса қиламан.



Журналистик фаолиятингиз давомида ҳеч ҳуқуқ, қонун масалаларига дуч келганмисиз?


Мен болалар билан ишлашни яхши кўраман. Бир мақолам бор эди. Қаҳрамонлар сифатида асосан мактаб ёшидаги болалар танланган. Материал "Севимли куним" деб номланганди. Уларнинг исмларини эълон қилишимга рози бўлишди, бироқ мен буни этик жиҳатдан нотўғри, деб ўйлаб, материални аноним қилиб бердим. Мақола уларнинг келажагига қай таъсир қилишини олдиндан билиб бўлмайдику. Ўша вақтда қонунлар билан танишдим, ҳуқуқий ахборотни излаб, қай тарзда ҳаракат қилсам тўғри бўларкан, деб роса ўйландим. Исмлар ва ёшларини айтмасликка қарор қилдим. Шунингдек, "Туғилиш учун энг яхши кун" номли материалга фото танлаш масаласи кўндаланг бўлди. У материалда ҳам қаҳрамон ёш қиз эди, расмини эълон қилишимизга розилик берди, бироқ буни этик жиҳатдан нотўғри баҳолаб, бермасликни афзал кўрдик. Қаҳрамонларимизнинг тақдирлари ҳам турфа. Улардан бири ажримдан кейин оёққа турди, фарзандлари гарчи оталарини соғинишса ҳам, усиз яшаш яхшироқ ва тинчроқ, деган фикрда, чунки у ичарди ва оналарини урарди. Бошқа қаҳрамонимиз жуда кўп ишлашга мажбур, боиси, болаларининг отаси уларга ҳеч қандай ёрдам бермайди. Фарзандлари тинмай отасини сўрайди, унга жуда қийин, ҳам моддий, ҳам руҳий тарафдан. У ҳали ҳам оилани тиклаш орзусида. Бундай мавзуларни ёритиб. Исмлар ва сураларни эълон қилишда этика масалаларини ўйламай бўладими. Ўз қаҳрамонларимга зиён етказишим мумкинку! Менинг мақсадим эса уларнинг муаммоларини ҳал этишда ёрдам бериш.




Ахборотдан фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келганмисиз? Уларни қандай ҳал қилгансиз?



Йўқ, айни дамгача бундай муаммолар бўлмаган. Бир неча ой аввал “Темир дафтар”га кирган аёллар ҳақида мақола тайёрладим. Маҳаллага мурожаат қилдим. У ерда керакли ахборотни олдим, ҳатто бир нечта аёлни таклиф қилишди. Улар билан гаплашдим, уйларига бордим, давлат уларга қандай ёрдам кўрсатаётгани, уларни ишга жойлаштирганлари ҳақида сўзлаб беришди.




Медиаҳуқуқ соҳасида билимларингизни қай тарзда сайқаллайсиз?



Қонунларни ўрганаман, амалиётда билимларимни ошираман, агар қайсидир масалаларга дуч келсам, ҳамкасбларим, таҳририятимиз ҳуқуқшуносига мурожаат қиламан. Энди эса LegalClinic юристларидан консультация олиш мумкинлигини билиб олдим.