Янгиликлар

Марказий Осиё мамлакатлари қонунчилигида журналистлар ҳуқуқлари. Ўзгаришлар нимани тақозо этади

Марказий Осиёда журналистлар ҳуқуқлари қонунларда алоҳида моддалар билан белгиланган. Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда улар “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунда, Ўзбекистонда эса “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда санаб ўтилган.

Ҳозирда минтақанинг деярли барча мамлакатларида журналистларнинг профессионал фаолиятига оид қонунчиликни такомиллаштириш зарурати тўғрисида сўз бормоқда.
Бугун Марказий Осиё давлатларида журналистларнинг ҳуқуқлари қонунда қай акс этгани ва қайси йўналишларда ўзгаришлар кутилаётганини турли мамлакатлардаги ОАВ материаллари ва медиа соҳасидаги ҳуқуқшунослар ва медиаэкспертлар билан интервьюлардан билиб оламиз.


Қозоғистонда айни дамда “ОАВ тўғрисида”ги қонуннинг нормаларини ўзгартиришга ёндашувлар ишлаб чиқилмоқда. “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуннинг мажлисга олиб кирилиши” 2023 йилга мўлжалланяпти. Ҳозирда эса қонун нормаларини давлат раҳбари ўз мурожаатида назарда тутган йўналишлар билан ҳамоҳанг тарзда ўзгартиришга концептуал ёндашувларни ишлаб чиқиш устида иш кетяпти”, - дея хабар берди Қозоғистон адлия вазири Канат Мусин брифинг давомида. Қозоғистонда “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунни қайта кўриб чиқиш топшириғи президент Қасым-Жомарт Токаев томонидан берилди. Унинг таъкидлашича, “ОАВ рақобатбардош ва эркин бўлиши керак”. “Бугун бу, айниқса, муҳим. Журналистлар ўз фуқаролари учун чин юракдан қайғуришлари лозим. Улар эркин бўлмоғи ва айрим шахслар буюртмасига асосан ишламасликлари даркор” – дея таъкидлади президент халққа мурожаатида.

Журналист, Ҳуқуқий медиа марказ директори ва ҳаммуассиси Диана Окремова ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилишида иштирок этди. У баъзи ўзгаришларни изоҳлади:
Шундай жиҳатлар борки, назаримда, улар қаердан келгани тушунарсиз. Вазирликнинг хабарига кўра, бу фуқаролар мурожаатларининг натижаси.
Масалан, журналистларнинг давлат аккредитацияси. Бу ҳозирда давлат органларида мавжуд аккредитация тартиби эмас, балки журналистларнинг сертификацияси. Агар сиз сертификат олсангиз, бу сизнинг чиндан ҳам журналист эканингизни тасдиқлайди ва сиз турли тадбирларда қатнашишингиз мумкинлигини англатади.
Назаримизда, бу шубҳали норма, чунки у яна давлатга ким кўпроқ журналист, ким камроқ эканини белгилаш ваколатини беряпти. Фикримча, ОАВнинг рўйхатдан ўтиши, журналистларнинг ишга қабул қилиниши, уларнинг махсус гувоҳномаси борлиги етарли, - таъкидламоқда Окремова.
Унинг фикрича, мазкур меъёр вазирликка журналистлар устидан янада кўпроқ назорат ўрнатиш учун керак.
Диана Окремова, шунингдек, қонун лойиҳасида ижобий жиҳатлар ҳам борлигини эътироф этяпти: масалан, кишининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси ҳимоясига оид суд ишларида даъво муддатини бир йил деб чеклаш белгиланади. Бу халқаро тажриба. Яна бир ижобий ўзгариш – хавфли локацияларда ахборот тарқатаётган журналистлар ҳимояси кафолатларини киритиш. Масалан, таҳририят журналистни хавфли ҳудудга жўнатаётган вақтда унга ҳаётини суғурталаб бериши керак. Экспертнинг таъкидлашича, ҳозирча қонунни ишлаб чиқаётган орган танқидга тинч қараяпти. Вазирликда айтишларича, улар баҳсли жиҳатларни муҳокама қилишга тайёр.


Қирғизистон президенти Администрацияси 2022 йилнинг сентябрида “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди. У 2023 йилнинг 1 апрелидан кучга киради.
Маълумотномада айтилишича, амалдаги ОАВ тўғрисидаги қонун “маънан эскирди” ва замонавий жамият реалияларига тўғри келмай қўйди.
Ҳужжатга кўра, амалдаги қонунда, шунингдек, “тармоқ ОАВ” фаолияти ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмаяпти. Янги қонун лойиҳасида мавжуд бўшлиқларни тўлдириб кетиш кўзда тутилган.

“Қонун лойиҳаси халқаро ҳуқуқнинг умумқабул қилинган, миллий хавфсизлик ёки жамоатчилик тартибини сақлаш, жиноятчиликни олдини олиш, соғлиқ ва маънавиятни муҳофаза қилиш, бошқа шахслар шаъни ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ахборот ва ғояларни олиш ва тарқатиш эркинлигини қонун билан чеклашга йўл қўйилиши мумкинлигини таъкидловчи принцип ва меъёрларига таянади”, дейилади қонун лойиҳасида.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг 1-моддасида сўз, босма матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситалари эркинлигини чеклашга конституцион қонунга мувофиқ фавқулодда ва ҳарбий ҳолатда йўл қўйилиши белгиланган.
Эътиборлиси, маълумотнома-асосномада сўз эркинлигини чеклаш деганда цензура эмас, ОАВ нима эълон қилаётгани устидан “жамоатчилик назорати” ўрнатилиши назарда тутилгани изоҳланган.
Ҳужжатда “ўз фикрини эркин билдириш ўзига хос мажбуриятлар ва алоҳида масъулият юклаши” таъкидланган. Бу ҳақда Қирғизистон 1994 йилда қўшилган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ҳам айтиб ўтилган.
Умуман олганда, янги қонун лойиҳасида 27 та янги модда қўшилди.
Амалдаги ОАВ тўғрисидаги қонун 27 моддадан иборат, янгисида 54 модда бўлади.
Қонун лойиҳасида, шунингдек, у қабул қилинган тақдирда, ОАВ 2023 йилнинг 1 июнига қадар қайта рўйхатдан ўтиши кераклиги белгиланган. Рўйхатдан ўтмаган оммавий ахборот воситалари тугатилган саналади. Медиаэкспертларнинг фикрича, лойиҳанинг баъзи моддалари баҳсли бўлиб, мустақил ОАВ учун хавф юзага келтиради.
Мансабдорлар барча фикрларни инобатга олишга ваъда беришди. Тепадан келган ҳар бир ташаббусда сўз эркинлиги қоқиладиган тошларни юристлар топаётгани кишини ўйлантириб қўйяпти. Таклифлар юбориляпти, таҳлилий хатлар жўнатиляпти, аммо ҳукумат уни беэътибор қолдиряпти. Ҳолат ўзгарармикин? Медиажамият бу борада гумонда.


Фикр билдириш ва журналист ҳуқуқлари борасида қонунчиликни такомиллаштириш зарурати тўғрисида тожикистонлик медиаэкспертлар ҳам гапиряпти.
Тожикистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, ОАВнинг ҳар қандай фаолияти рўйхатдан ўтиш ва реестрга киришдан бошланади. ОАВни рўйхатдан ўтказиш “Юридик шахслар ва индивидуал тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги ва “Босма матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунлар билан тартибга солинади. Демак, реестр рўйхати Тожикистон Республикасининг “Босма матбуот ва бошқа оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, шунингдек, “Ноширлик фаолияти, полиграфик ташкилотлар ва Ягона давлат реестрини олиб бориш давлат Тартиби” билан назорат қилинади. У (келгуси ўринларда Тартиб) Тожикистон Республикаси Ҳукумати қарори билан 2017 йил 25 февралда 97-сон билан тасдиқланган.
Муаммо шундаки, фақат ноширлик фаолияти ва полиграфик ташкилотларини назорат қилиши керак бўлган Тартиб ОАВ фаолиятини ҳам тартибга солади. Амалиётда, асосан, тартибга солувчи органлар Қонун меъёрига эмас, Тартибга мурожаат қилишади. Бу эса Тожикистон Республикасининг “Норматив ҳуқуқий актлар тўғрисида”ги қонуннинг норматив ҳуқуқий актларнинг юридик кучига оид 9-модданинг 2 ва 3 бандларини бузиш саналади.
Ноширлик фаолияти, полиграфик ташкилотлар давлат реестри Тартибида кўрсатилган ҳужжатлар рўйхати қонунда назарда тутилмаган пунктни мужассам этади. Бу Тожикистон Республикаси миллий хавфсизлик давлат Қўмитасидан маълумотнома тақдим этиш талабидир. Тожикистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ, у ёки бу ҳужжатларни тақдим этиш тартиби фақат қонун билан белгиланиши мумкин.
Рўйхатга олиш ва реестрга киритишнинг бундай амалиёти сўз эркинлигига сохта тўсиқлар ва янги коррупцион схемаларни пайдо қилиши мумкин. Рўйхатдан ўтиш ва реестрга кириб жараён хабардор қилиш эмас, руҳсат олиш характерини олади. ОАВни рухсат бериб рўйхатдан ўтказиш сўз ва фикр билдириш эркинлигига оид халқаро меъётларга зид.
Мазкур мақоладан келиб чиқиб, «Article 19» Халқаро ташкилоти 2014 йилда Тожикистон Республикасининг ОАВ тўғрисидаги қонуни таҳлилидан сўнг қонуннинг янги лойиҳасида ОАВни рўйхатдан ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқишни таклиф этди. Улар рўйхатдан ўтиш тартибини босма ва эшиттириш ОАВларини лицензиялашга тенглаштирди. Шу билан бирга, “замонавий ОАВ мустақил орган томонидан амалга оширилаётган билдириш жараёнининг фақат объекти бўлиши мумкинлиги” таъкидланган. 2017 йилда мазкур қонунга ўзгартириш ва тўлдирилишлар киритилганда, «Article 19» таклифлари инобатга олинмади.
2019 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Қўмитаси бу борада ўз ҳавотирини изҳор қилди.


Ўзбекистон Республикаси ахборотлаштириш ва оммавий коммуникация агентлиги 2020 йил январи бошида “ахборотдан фойдаланиш эркинлиги, шунингдек, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолияти очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Унинг мақсади ахборотдан фойдаланиш соҳасидаги учта қонун (“Ахборотдан фойдаланиш кафолатлари ва эркинлиги”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари”, “Давлат бошқаруви ва ҳокимияти органлари фаолияти очиқлиги тўғрисида”ги)ни бирлаштириш эди. Медиаюрист Илхом Ҳамидовнинг фикрича, бу ижобий ташаббус, бироқ мазкур лойиҳа тўғрисида унинг кўриб чиқилиши қайси босқичда экани номаълум.
Экспертнинг фикрича, Ўзбекистонда медиа соҳасидаги амалдаги қонунчиликдаги камчилик сифатида журналистларнинг аккредитациядан ўтиш қоидаларининг эскирганлигини кўрсатиш мумкин. У, шунингдек, Ўзбекистонда журналистларнинг фаолияти давлат органларининг ахборот олиш борасидаги, хусусан, ОАВ ва журналистлар томонидан келиб тушган сўровномалар билан ишлашнинг доим ҳам тўғри ташкил этилмагани қийинлаштиради.
«Article 19» экспертлари, шу билан бирга, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни асосий принцип, журналист ҳимояси журналистлар учун барча инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашни, хусусан, журналистик фаолиятини амалга ошириш, шунингдек, соғлом демократиянинг асоси бўлган фикрни эркин билдириш ҳуқуқини таъминлаш нуқтаи назаридан таҳлил қилишди. Мазкур таҳлил доирасида ташкилот Қонун ва инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳуқуқ стандартлари ўртасидаги қарама-қаршилик борасида ҳавотирини билдириб, Қонун ўзгариши мумкин бўлган жиҳатлари ҳақида конструктив таклифларни беради.


·     Ўзбекистон фикр эркинлиги борасидаги қонунчилигини комплекс баҳолаб, унинг халқаро стандартларга мослигини таъминлаши керак. Қонунчилик фикр эркинлигининг ҳар қандай чекланиши инсон ҳуқуқлари доирасида халқаро стандартлардаги уч қисмли тестга мутаносиблигини таъминлаши лозим.
·     Қонунда “журналист” тушунчасининг таърифи қайта кўриб чиқилиши даркор. У журналистиканинг янада функционал таърифига ўзгартирилиб, профессионал асосда ноаниқ кишилар доирасига исталган оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам равишда ахборот йиғиш ва тарқатиш билан шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан қўлланилиши керак. 
·     Қонун ахборот олиш эркинлигини журналистлар ва журналист бўлмаганлар учун бирдек таъминланиши нуқаи назаридан ўзгартирилиши керак. Ахборот олишга ҳар қандай чекловлар халқаро стандартларга мос бўлиши зарур. Ўзбекистон, шунингдек, ахборот эркинлиги тўғрисида комплекс қонун қабул қилиши лозим.
·     Қонундаги журналист фаолиятининг профессионал ва этик стандартларини белгиловчи меъёрлар бекор қилиниши керак. Ўзини бошқарувчи мустақил орган матбуот учун этика қоидаларини ишлаб чиқиши лозим. Эшиттиришларни тартибга солувчи мустақил орган эшиттирувчилар учун стандартларни жорий қилиши керак.
·     Журналистик ахборот манбалари махфийлигини ҳимоя қилиш талаби барча ахборот тарқатиш билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан қўлланиши керак. ОАВ тўғрисидаги Қонун манбалар махфийлигини ҳар қандай чеклаш фикр эркинлиги соҳасидаги халқаро стандартларга мосликни таъминлаши лозим.
·     ОАВ тўғрисидаги Қонун аккредитация фақат жойлар чегараланган ва барча қизиққан журналистлар маълум орган фаолиятини ёритиш ёки тадбирларида иштирок этиш имконига эга бўлмасагина талаб этилишини таъминлаши лозим. Қонун аккредитацияда ўзбошимчалик билан тўсқинлик қилишдан ҳимоя кафолатларини таъминлаши даркор, масалан, аккредитациянинг аниқ қоидалари. Аккредитация устидан назоратни мустақил орган, журналистлар уюшмаси каби, амалга ошириши керак. Аккредитацияга рад жавоб беришни суд орқали қайта кўриб чиқиш кўзда тутилиши лозим.
·     Ўзбекистон, шунингдек, миллий суд тизими тўлалигича мустақил бўлиши ва бутун мамлакат бўйлаб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун адекват ресурсларга эга бўлишини таъминлаши керак. Унинг вакиллари фикр эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда қонунчиликни талқин қилиш имконига эга бўлишлари лозим. Бундай жиҳатлар ички қонунчиликка киритилиши зарур. 


Таҳлил кўрсатишича, Марказий Осиёнинг деярли барча давлатларида ОАВ тўғрисидаги қонунчиликда қарама-қаршиликлар бор ва медианинг янги соҳаларини етарлича қамраб олмаяпти. Шу сабабли, фикр эркинлиги, журналистлик фаолияти ва журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунчиликни янгилаш зарурати пайдо бўлди. Бироқ таклиф этилаётган янгиликлар медиаҳамжамиятида янги нормалар фикр билдириш эркинлигини мустаҳкамлаш эмас, кўпроқ журналистлар ва ОАВ устидан назоратни кучайтириш учун ишлатилиши хусусида ҳавотирларни пайдо қиляпти.


Фойдаланилган манбалар:


·       https://ru.sputnik.kz/20220414/novuyu-redaktsiyu-zakona-o-smi-vnesut-v-mazhilis-v-2023-godu-24198564.html
·       https://masa.media/ru/site/novyy-zakon-o-smi-gosinformzakaz-status-blogerov-i-sertifikatsiya-zhurnalistov
·       https://kloop.kg/blog/2022/11/14/novyj-zakon-o-smi-minyust-podgotovil-otritsatelnoe-zaklyuchenie-k-zakonoproektu/
·       https://deputat.kg/draft-laws/proekt-zakona-kyrgyzskoj-respubliki-o-sredstvah-massovoj-informatsii/
·       https://www.khoma.tj/khoma/ru/2020/09/03/%D0%B7%D0%B0%D0%BA%D0%BE%D0%BD-%D0%B8%D0%BB%D0%B8-%D0%BF%D1%80%D0%B0%D0%B2%D0%B8%D0%BB%D0%B0-%D1%87%D1%82%D0%BE-%D0%B2%D0%B0%D0%B6%D0%BD%D0%B5%D0%B5-%D0%BF%D1%80%D0%B8-%D1%80%D0%B5%D0%B3%D0%B8/
·       https://school.cabar.asia/ru/articles/pravovye-ramki-dlja-zhurnalistov-kakie-oni/
·       https://www.article19.org/wp-content/uploads/2019/05/A19_Prof-Activity-Journalist-Law-UZ-Analysis-Feb-2019_Rus_Web.pdf