Янгиликлар

Севинч Саъдуллаева: этикага тўғри келмайдиган контент учун тўрт сутка

Ўзбекистонда блогер Севинч Саъдуллаевани (sevinchka_0000)
“этикага тўғри келмайдиган ва жамоатда ўзини тутиш қоидаларига зид ахлоқ” учун беш суткага қамашди. Воқеанинг тўлиқ тафслотлари ва ҳуқуқшунос изоҳи.

11 ноябр куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди 21 ёшли блогер ишини кўриб чиқиб, уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183 (майда безорилик) – моддаси бўйича айбдор деб топди. Ишни судья Сурайёхон Ҳожамқулова кўриб чиқди. Суд мажлисида Миробод тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Ш. Мирзаев, Миробод тумани 4-сонли ИИБ хотин-қизлар билан ишлаш катта инспектори С.Бахметова, профилактика инспектори Ш. Бобожонов ҳам иштирок этган.




Йиғилишда Севинч Саъдуллаева «ўз иштирокидаги видео ва фотосуратларни ижтимоий тармоқларда одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда, жамиятдаги хулқ-атвор қоидаларига қасддан эътибор бермай, жамоат тартибини бузган ҳолда жойлаштиргани, бу эса фуқароларнинг асосли даъволарига сабаб бўлгани» таъкидланди.

Майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликдир.
Назаримда, жамоат тартиби бузилмаган, айниқса, фуқароларнинг тинчлигига даҳл қилинмаган. Даъвогарнинг даъво аризасида нима сабаблар кўрсатилгани ҳалигача номаълум. Даъвогарнинг қандай ҳуқуқлари поймол этилган?
Олий суднинг “Безориликка оид ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги Қарорида безорилик жамоат тартибига қарши қаратилган жиноят бўлиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатлар шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ёки ўзганинг мулкига анча миқдорда шикаст етказиш ёхуд уни анча миқдорда нобуд қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилиши тушунтирилган. Яъни майда безорилик айбдор томонидан пассив эмас, фаол ҳаракатлар содир этилишини назарда тутади, изоҳ берди ҳуқуқшунос Тимур Садинов.



Севинч Саъдуллаеванинг иши бўйича даъвогар Тошкент шаҳар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Нодира Умарова бўлиб чиқди. Судда блогер қилмишларини бошқа такрорламаслик ҳамда ижтимоий тармоқдаги барча видео ва суратларни олиб ташлашга ваъда бериб, енгилроқ жазо қўлланишини сўраган. Судья Ҳожамқулова блогерни 183-моддада назарда тутилган (майда безорилик) ҳуқуқбузарликда айбдор топиб, унга 5 суткалик қамоқни тайинлади.




Мазкур жазони суд қизнинг ўзи иштирокидаги видео ва фотосуратларни ижтимоий тармоқларда одоб-ахлоқ қоидаларига зид равишда, жамиятдаги хулқ-атвор қоидаларига қасддан эътибор бермай, жамоат тартибини бузган ҳолда жойлаштиргани, бу эса фуқароларнинг асосли даъволарига сабаб бўлгани билан асослади.

Нодира Умарова «Xabar.uz»га хабар беришича,  Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаси ички ишлар органлари билан ҳамкорликда 20 ёшли Сев инч Саъдуллаевани топишди.  
«Тошкент шаҳар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ижтимоий тармоқларда ўзининг ахлоқсиз қилиқлари, беҳаё расмлари ва видеолари билан фуқароларнинг муҳокамасига сабаб бўлган 20 ёшли фуқаро С.С ни (2001йилда туғилган) топиб, ўзи билан гаплашилди. Суд жараёнида қилган ишлари нотўғрилиги, ўзи афсусда эканлигини инобатга олиб, унга нисбатан 5 сутка қамоқ жазоси тайинланди. Қамоқ жазосидан сўнг фуқаро С.С тўлиқ назоратга олиниб, касб-ҳунарга ўқитилиши ва доимий ишга жойлаштириши белгиланди. Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан фуқаро билан доимий иш олиб бориб, психологлар ёрдамида коррекцион ишлар ўтказилиши белгилаб олинди», деди Нодира Умарова.

Севинч Саъдуллаеванинг қамоққа олиниши билан боғлиқ хабар ОАВ ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. ОАВ фактларни баён қилиш билан чекланди. Ижтимоий тармоқларда эса судга мурожаат қилганларни маънавиятчилар деб атаб, улар учун реал муаммолар, масалан, аёлларга нисбатан маиший зўравонликка қарши курашишдан блогерларни жазолаш осонлигини айтишди.




15 ноябрь куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида иш юзасидан чиқарилган суд қарорига ҳуқуқбузар томонидан берилган апелляция шикояти кўриб чиқилган. Ўз шикоятида Саъдуллаева пушаймонлигини билдириб, жазони юмшатишни сўраган.
Суд шикоятда келтирилган важларни ўрганиб, маъмурий жавобгарликка тортилган С. С. га нисбатан жазо тайинлашда, шахсини, ёшини, аёллигини, бир нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ва қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, биринчи инстанция суди қарори билан тайинланган маъмурий қамоқ жазосини кам муддатдаги маъмурий қамоқ жазосига келтиришни лозим деб топди. Ҳуқуқбузарга нисбатан инсонпарварлик тамойили қўлланилган ҳолда тайинланган 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси 4 сутка маъмурий қамоқ жазосига келтирилди ва у Тошкент шаҳар ИИББ Махсус қабулхонасидан озод қилинди.

Podrobno.uz хабар беришича, Севинч Саъдуллаева қамоқдан сўнг ўз обуначиларига мурожаат билан чиқди. Қиз озодликдан маҳрум бўлган тўрт куни давомидаги таассуротлари билан бўлишган. У судьялар, ҳуқуқни ҳимоч қилиш органлари ва у учун қайғурган барчага миннатдорчилик билдириб, тез орада алоқага чиқишга ваъда берган.

Манбалар: Gazeta.uzPodrobno.uzRepost.uzНеМолчи.узНикита МакаренкоСатираEl tuz.