Янгиликлар

5 савол: Репост ва қайта чоп этиш. Қоида ва меъёрлари

1-савол. Қайта чоп этилган матнда мақола биринчи бўлиб эълон қилинган медиа манбага ҳавола қандай шаклда ва кўринишда бўлиши керак?  

Манбани кўрсатиш борасида қатъий белгиланган талаблар мавжуд эмас. Энг асосийси – муаллифнинг исми шарифини ва сайтга ҳавола шаклида мақола манбасини кўрсатиш зарур. Аксарият ҳолларда репост қилиш шартлари материални биринчи бўлиб эълон қилган сайтда кўрсатиб ўтилган бўлади. Масалан, қуйидагига ўхшаш.

2-савол. Мен Телеграмда ўз блогимни юритаман ва унда эксклюзив ахборотларни жойлаштириб бораман. Аммо Вести.уз менинг матнларимни ҳаволани ва муаллифни кўрсатмасдан чоп этмоқда. Бундай ҳолатда нима қилиш мумкин?

Бу ҳолатда сиз сайт маъмуриятига ёки  VESTI UZ сайти таҳририятига рухсатингизсиз эълон қилинган материалларингизни ўчириб ташлашни талаб қилиб расман эътирознома киритиш ҳуқуқига эгасиз. Ушбу талабингиз бажарилмаса, Интеллектуал мулк агентлигига ёки судга ариза билан мурожаат этиш мумкин.

3-савол. Бошқа янгиликлар каналларидан янгиликларни ҳаволани тўғридан тўғри кўрсатмасдан такрорлаш мумкинми? Янгилик сенники эканини исботлаш учун қандай чоралар кўриш мумкин ва зарур?

«Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ кун янгиликларига оид хабарлар ёки оддий матбуот анжумани кўринишидаги кундалик воқеа-ҳодисаларга оид хабарлар ҳимоя қилинмайди. Аммо ҳар қандай янгиликлар хабари матн, сарлавҳа, фото ёки видео материал кўринишида шакллантирилади ва улар муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланиши мумкин. Шунингдек, қуйидаги шаклларда асардан муаллифи ва кўчирма олинаётган манбани албатта кўрсатган ҳолда, асардан фойдаланишда унга ва муаллифининг қонуний манфаатларига зарар етказмаслик шарти билан эркин фойдаланишга рухсат берилади: эълон қилинган асарлардан иқтибос келтириш мақсадини оқлайдиган ҳажмда илмий, тадқиқот, мунозара, танқид ва реклама ахбороти билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда асл ҳолида ва таржима қилган ҳолда иқтибос келтиришга, шу жумладан газета ва журналларнинг мақолаларидан матбуот шарҳи шаклида қайта фойдаланишга;  
Эълон қилинган асарлар ёки улардан парчаларни қўйилган мақсадни оқлайдиган ҳажмда таълимий ёки ўқув характерига эга нашрлар, радио- ва теледастурларда мисол тарзида қўллашга;
Газета ва журналларда эълон қилинган кундалик сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва диний масалаларга оид мақолаларни, ёҳуд эфирга узатилган ёки кабель орқали хабар қилинган юқоридаги мазмундаги асарларни газеталарда қайта чоп этишга, эфирга беришга ёки кабель орқали эълон қилишга, муаллиф томонидан бундай фойдаланиш махсус тақиқланган ҳолатлар бундан мустасно; Бошқа янгиликлар каналларининг материалларидан иқтибос келтирилганида муаллиф ва манбани кўрсатиш мажбурий ҳисобланади.  

4-савол. Агар материални серверлари Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган хорижий нашр ёки сайт «ўзлаштирса», нима қилиш керак?  

Муаллифлик ҳуқуқи ҳимояси ҳудудий хусусиятга эга бўлиб, низо қоидабузарлик содир этилган мамлакатда ҳал этилиши керак. Кўплаб мамлакатларда интеллектуал мулк ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш мақсадида Интернет тармоғида take-downnotice тизими ишлайди. Бунинг маъноси шуки, сайт маъмурига, хостинг-провайдерга муаллифлик ҳуқуқи бузилгани ҳақида шикоят ва материални ўчириб ташлаш талаби билан мурожаат қилиш мумкин.

5-савол. Ўзганинг фотосуратини белги қўймасдан ёки муаллифни кўрсатмасдан репост қилиш ижтимоий тармоқлар ҳудудида муаллифлик ҳуқуқини бузиш ҳисобланадими?  

Репост, ўзганинг фото асаридан муаллифнинг розилигисиз фойдаланишни англатади, манбанинг кўрсатилмаслиги муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши ҳисобланади.  

2021-06-02 15:06